“ПАТЕНТШУНОСЛИККА КИРИШ”

“ПАТЕНТШУНОСЛИККА КИРИШ”

Baxtiyor Omon

 “Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим. Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади, -деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда.- Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади. Афсуски, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди. Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ. Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модел, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлса-да, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган, холос”. Ана шу  вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон миллий университети “Ижтимоий фанлар” факультетида патентшунослик ихтисослигига талабалар қабул қилинди., Ҳозирги кунда талабалар учун “Мутахассисликка кириш”, “Патент тарихи”, “Патент ҳуқуқи” каби фан предметлари ўқитилади.  Аммо бу борада ўзбек тилида янги адабиётлар тақчиллиги сезилар, асосан хориж адабиётларидан фойдаланилар эди.

Китоб муқоваси

Яқинда Ўзбекистон миллий университети профессори Бахтиёр Омоновнинг “Патентшуносликка кириш” номли китоби “Университет нашриёти томонидан чоп этилди. Муаллиф катта амалий тажрибага эга, узоқ йиллар мобайнида муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва ва саноат мулки соҳасида масъул лавозимларда ишлаган.

Услубий қўлланма композицион қурилиши ва мундарижаси ўқув дастурига мос ҳолда тузилган. “Интеллектуал мулкка оид маърузалар” деб номланган биринчи бобда  патентшунослик фани предмети, мақсад ва вазифалари, интеллектуал мулк объектларини муҳофазалаш соҳасидаги қонунчилик, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, ихтиролар ва фойдали моделга муҳофаза олиш, товар белгиларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, патент ахбороти ва патент тадқиқотларини ўтказиш, инновацион фаолият асослари, интеллектуал мулкни бошқариш сингари мавзулар ҳақида тушунчалар, таърифлар, ушбу долзарб соҳанинг муҳим жиҳатлари очиб берилган.                                                            

 “Интеллектуал мулкка тегишли халқаро ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти” деб номланган иккинчи бобда Ўзбекистон аъзоликка қўшилган халқаро конценциялар ва битимлар: Cаноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенцияси, Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Бернь конвенцияси, Бeлгилaрни xaлқaрo рўйxaтдaн ўткaзиш тўғрисидa Мaдрид битими, Тoвaрлaр вa xизмaтлaрни xaлқaрo тaснифлaш тўғрисидa Ницца битими, Янги ўсимлик навлари муҳофазаси бўйича конвенция (UPOV)ларнинг асосий мақсади ва вазифалари тушунтирилади. Иловалар қисмида интеллектуал мулк (ИМ)ҳуқуқига оид атамалар (глоссарий), ИМ ҳуқуқининг пайдо бўлиши, ривожланиш тарихи ва манбалари ўрин олган. 

Биз интеллектуал мулк тизими бугуни ва эртасидан нимани кутмоқдамиз, деган савол ҳозирда кўпчиликни қизиқтирмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, бу истиқболли соҳа ақлни пулга айлантириш ва анъанавий иқтисодиётни рақамли иқтисодиётга айлантириш пойдевори бўлиб хизмат қилади. “Интеллектуал мулк ҳимоясини мустаҳкамлай олсак, бу ҳам учинчи Ренессансга ишончли пойдевор бўлади,- деган эди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев юқорида тилга олинган йиғилишда. Демак, Ўзбекистонда ИМ тизимини такомиллаштириш, ИМ бозорини яратиш вақти аллақачон етиб келди. Мазкур ниятларга эришиш йўлида “Патентшуносликка кириш” номли китоб ва ёзиладиган янги  қўлланмалар бой манба вазифасини бажаради, деган фикрдамиз. Лотин алифбосида нашр этилган ушбу китобнинг ҳажми 192 бет (12,0 босма табоқ) бўлиб, унга юридик фанлар доктори, профессор Б. Тошев ва юридик фанлар доктори, профессор В. Топилдиевлар тақриз ёзишган.  

         Она тилимизда биринчи марта чоп этилган қўлланма патентшунослар, ихтирочилар, тарихчилар, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, тадбиркорлар, ёш тадқиқотчилар, талабалар ва интеллектуал мулк ҳуқуқи тизимига қизиққан кенг китобхонлар учун мўлжалланган.



Report Page