ПАРАНЖИСИН УСТИДА РАҚС ТУШГАН ИЛК РАҚҚОСА Ёхуд Нурхоннинг аянчли қисмати ҳақида

ПАРАНЖИСИН УСТИДА РАҚС ТУШГАН ИЛК РАҚҚОСА Ёхуд Нурхоннинг аянчли қисмати ҳақида

Гўзал ОХУНОВА

“Марғилон кўчалари одамга тўла. Бу ерга улар санъат учун ўз жонини фидо қилган гўзал Нурхон билан видолашгани келишган. Ҳамманинг қалбида изтироб... ҳамманинг кўзида Нурхонни қурбон қилган эшон, домла, уламо ва муштумзўрлардан қасос олиш ўти чақнамоқда.

Эшитяпсанми, қизим бутун халқ оёққа турди. Бу мусибатдан ғазабга келган халқ сенинг қотилларингга ўлим талаб қилади”.

Моҳир драматург Комил Яшиннинг 1940 йилда ёзилган “Нурхон” мусиқали драмаси шу сўзлар билан бошланади.

Аслида киши қалбига нурдек кириб борувчи бу ном мозий осмонини момақалдироқдек гумбурлатиб юборган жаҳолатга қарши исён эди. У озодлик ҳаракати йўлида қурбон бўлган 15-16 яшар ўспирин эди. Санъатнинг сеҳрли олами олдида қўрқинч-у ўлимни писанд этмаган ўзбек қизи эди. Саҳнада хиром айлашига ҳалал бераётган паранжи-ю чачвонини оёқлари остига ташлаб, устида рақс тушган биринчи ўзбек раққосаси, театр актрисаси эди.

Афсуски, Марғилоннинг қаҳрамон қизи ҳақида бизгача кўп маълумот етиб келмаган. Тилдан-тилга ўтиб келаётган бу жасорат соҳибаси ва унинг аянчли қисмати ҳақида Комил Яшиннинг “Нурхон” пьесаси алоҳида қимматга эга.

Нурхон Йўлдошхўжаева ҳаёти ҳақида аниқ маълумотлар қидириб, Марғилон шаҳар тарихи музейига бордик. Бироқ музей фондидан Нурхоннинг 14 ёшда тушган сурати ва унинг номини абадийлаштириш мақсадида ишланган ҳайкалининг тасвиридан бошқа арзирли манба топа олмадик. Музей раҳбари Ғанижон Алижонов эса бир йил аввал “Санъатга фидо жон” номли кичик мақола ёзганини, ўшанда мард қиз ҳаёти ҳақида маълумотлар тўплаганини айтиб, уларни бизга илинди. Ўзбек хотин-қизларининг замонавий ҳаётини қуриш йўлида қурбон бўлган юртдошимизнинг қабрини зиёрат қилиш учун эса қаерга боришни билмадик. Афсуски, унинг қабри жойлашган маскан ҳам аниқ эмас.   

Ваниҳоят, қаҳрамонимиз ҳақида тарих фанлари доктори, Индиана университети ЕвроОсиё тадқиқотлари маркази профессори Марианна Камп қаламига мансуб “The new woman of Uzbekistan” китобидан бир қанча маълумотларни топдик. Мазкур китоб Марказий Осиё аёлларининг баҳсли ва жасоратли ҳаётига бағишланган ҳикоялардан иборат.

Нурхон Йўлдошхўжаева 1913 йилда Марғилон уъездига қарашли қишлоқлардан бирида дунёга келди. “Қамчисидан қон томадиган”, қаттиққўл отаси Йўлдошхўжа Салимхўжаев “оиланинг таъминотчиси эркак бўлиши шарт. Хотин-қизлар тўрт деворнинг мулки” деб ҳисоблайдиган инсон эди. Она эса у ҳали эсини танимай туриб оламдан ўтган. Ўгай оналар қуршовида қора дастор ўраган ғунча ҳимоясиз ва ёлғиз эди. У ёруғ дунёни бор вужуди билан ҳис қилишни хоҳлар, шамоллар ўйинига япроқлардек тебранар, қушларга қўшилиб қуёш ҳақида қўшиқлар айтгиси келарди. Қизча келгусида катта санъаткор бўлишни орзулайди. Бироқ Нурхоннинг санъат йўлини танлашига оиласидаги муҳит ва ўша даврда аёлларга нисбатан нотўғри муносабатлар ғов бўлар, шунга қарамай журъатли қиз ўз сўзида туриб олган, бу йўлдан қайтмасликка аҳд қилган эди...

Ўз мақсадларини атрофдаги узоқ-яқин қариндошларига тушунтиролмаган Нурхон 15 ёшида Самарқанддаги катта опаси Бегимхон Комилованикига қочиб келади. Унинг ўзга иложи йўқ эди. Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси” романида ёзганидек, “Одам қимматбаҳо нарсасини йўқотса ачинади. Туҳматга қолса бошини тоғу тошга уради. Қадри ерга урилса, исён кўтаради”. Нурхоннинг яқинларига исёни эди бу.

“Замин сайқали” жўшиб келган катта истеъдод денгизини саҳна томон йўналтиради. Нурхон Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигида концерт-этнографик ансамблида раққоса сифатида ижодий фаолиятини бошлайди. У ўзбек аёллари ичида илк бор саҳна томошаларида актрисалик қилади. Унга санъат дарғалари Муҳиддин Қориёқубов, поччаси Уста Олим Комилов ҳамда Тамарахоним устозлик қилишади.

1928 йил 8 март куни паранжи ташлаш тадбири бўлиб ўтади. Нурхон биринчилардан бўлиб, “сояларда сарғайган юзларини гулгун қилиб очиб, ой юзини қаро чиммат зулми”дан озод этади. “Қоронғу турмушдан чиқиб, нур ичида жавлон уришга” бел боғлайди.

Бу жараён паранжидан воз кечишдангина иборатдек туюлса-да, аслида эрк ва озодлик учун интилиш эди. Хотин-қизлар онгини оқартириш, ақлини пешлаш, руҳини уйғотиш, уларда ўзлигини намойиш қилиш истагини пайдо этиш эди.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 1927 йилда битилган “Ўзбек хотин-қизларига” номли мурожаатига амалий жавоб эди.

Келди очилур чоғи, ўзлигинг намоён қил,

Парчалаб кишанларни ҳар томон паришон қил.

Мактаб, анжуман борғил, унда фикр очиб гоҳи

Илм-у фан тиғи бирла жаҳл бағрини қон қил.

Нурхон санъат илми билан ўз истеъдодини намоён этиш йўлидан борди. Рақснинг сеҳрли оғушида яқинлари ва жамоатчиик томонидан ўзига ола қарашларни, хатти-ҳаракатларини қоралашларини тамоман унутди. У санъат ичида яшай бошлади. Бу ҳолат дин уламоларининг қаҳр-ғазабини қаттиқ қўзғади. Натижада марғилонлик бир гуруҳ дин пешволари уни ўлимга ҳукм қилишдек тубан ишни режалаштиришди. Даҳшатлиси, қизни ўлдириш ўз отаси Йўлдошхўжа зиммасига юкланди. Қуръон билан қасам ичган ота бу вазифани бажаришни ўғли Солихўжага топширади.

1929 йилнинг ёзида санъат денгизида ғаввосдек сузиб юрган Нурхон гастрол сафари билан Марғилон шаҳрига келади. Ота ризоси ҳақидаги ёлғон хабардан еру кўкка сиғмай, уйига юриб эмас, югуриб ҳам эмас, учиб борган қизни ажал кутиб турарди. Айёрона кўзларини “меҳр”га тўлдирган аммаси “суюкли” жиянидан азим кентда ўрганган рақсларидан ижро этиб беришини сўрайди. Раққоса қиз бошидаги дўпписини ҳиёл қийшайтириб, оқ шойи кўйлакларидан “капалакқанот” ясаб, бир айланади-ю, жаллод акасининг қонсираган қўлларига бориб тушади. Ўгай ака қўйнидан пичоқ чиқаради-да, синглисининг танасига бир неча бор аёвсиз тиғ уради. Шовқин-суронни эшитиб, хонага ёпирилиб кирганлар Нурхоннинг қонга беланган жонсиз танасини кўришади. Озодлик йўлида қурбон бўлган қизнинг ёши 16 да эди ўшанда.

2 июл куни Марғилон шаҳар марказидаги майдонда Нурхоннинг дафн маросими ўтказилди. Унга шаҳар ва унинг атрофида яшовчи минглаб одамлар йиғилди. Маросим жаҳолатга қарши катта митингга айланди. Нурхоннинг аянчли тақдирига жавобан марғилонлик хотин-қизлар паранжиларини гулханга отдилар. Ўшал кун шилдираган сувлар, осмонни тўлдририб учган қушлар гўё унинг ҳазин қўшиқларини ҳиргойи қилаётгандек эди:

Муҳаббат ўтида куйди бу ғариб жон, кимга дод айлай,

Ёмонлар зулмидан бағрим тўла қон, кимга дод айлай.

Бошимда айланур офтоб, дилимда қайғу-ғам мотам,

Етар. Бас. Бу жафолардан мен ҳам инсон, кимга дод айлай.

Ёш қизнинг номини, озодликка чиқиш йўлида кўрсатган жасоратини абадийлаштириш мақсадида 1968 йилда Марғилон шаҳридаги маданият уйи олдига Нурхон ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкалтарош Валентин Клебанцов томонидан яратилган санъат асарида узун сочлари ўрилган, кенг кўйлаклари шаббода қанотида майин ҳилпираётган, қўлини кўксига қўйган ҳолда оҳиста-оҳиста юриб, халққа пешвоз чиқаётган Нурхон қизнинг ҳаё ва мунг чўккан кўзларигача жонли тасвирланган эди. “Жонимни суғуриб олишларинг мумкин, лекин озодлик ҳақидаги қўшиқларимни суғуриб ололмайсан. Баланд тоғларни тикка қилиб қўйсанг-да, ўз бахтимни, озодлигимни топган йўлимдан қайтмайман. Қафасдан бўшалган қуш ўзини қафасга урганини қаерда кўргансан”, деган сўзлар ҳайкалда тасвирланган баланд бўйли қизнинг сочидан то товони қадар ёғилиб тушаётганга ўхшарди.

Афсуски, 1992 йилда номаълум сабаблар билан бузиб ташланди. Лекин Нурхоннинг оташнафас алёрлари санъатнавис тилларда ҳамон янграмоқда. Гулгун қизларнинг ранг-баранг рақс гулдасталари саҳнадан-саҳнага кўчмоқда.

-        Бундан қарийб олтмиш йил аввал илк марта “Нурхон” образини ижро этгандим. 1964 йилда Кремлда гастролда эдик ўшанда. 25 ёшли қиз эдим, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатова. – Кечагидек эсимда, залда бўш жойнинг ўзи йўқ эди. Спектакл якунида томошабинлар ўрнидан туриб узоқ олқишлаган эди ўзиям. Бу нафақат ижрога, аввало, қаҳрамон ўзбек қизига чалинган қарсаклар эди. Муқимий номидаги мусиқали драма театри саҳнасида йигирма йил ўйнадим бу ролни.  Йигирма йил Нурхон бўлиб яшадим. Руҳиятимга қаттиқ таъсир ўтказган бу образ. Ўйлаб кўринг, ёруғликка талпинган навниҳол қизни гулламасидан, мева тугмасидан танасига болта уришлари... Зирқиратиб оғритарди қаерларимнидир... Одамлар орасида Нурхон Пўлатова деб чақирадиганлар ҳам кўп эди.

 Марғилон шаҳар Маданият бўлими қошида “Нурхон” халқ театри фаолият юритади. Мазкур театрнинг Нурхон номи билан аталиши ҳам бежиз эмас.  Бошқа театрлардан фарқли ўлароқ, у ерда профессионал актёрлар жамоаси йўқ. Санъатга қизиққан маҳаллий аҳоли, асосан ҳаваскор ёшлар ижод қилади.

-        Театримизни Нурхон номи билан аталиши ҳам бежиз эмас, - дейди театр режиссори Дилором Султонова. – У оддий халқ ичидан отилиб чиққан санъат шайдоси эди. Ҳозир ҳам зуваласи санъат ишқи билан қорилган истеъдодли инсонлар кўп. Бизда ана шундай йигирмадан ортиқ иқтидорли ҳаваскор актёрлар фаолият юритишади. Улар билан ҳозирча ўттизга яқин спектаклларни саҳналаштириб, қўшни вилоятларда ҳам намойиш этиб келмоқдамиз.

Ҳа, халқ ўз қаҳрамонларини унутишга асло ҳаққи йўқ. Зеро бу ёруғ кунларда уларнинг улуши бор. “Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олиб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур” деганда ўзбек зиёлиси Мунавварқори Абдурашидхонов нақадар ҳақ эди. Нурхон қизнинг жасорати эса аёлларнинг жамиятга қўшилиши, фаоллиги ва ижтимоий лаёқати ошишига замин бўлди. 




Report Page