ПАНДА ДИПЛОМАТИЯСИ -
Қ.ЖўраевХитой ташқи сиёсатида «юмшоқ куч» воситаси сифатида
ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг ўтган ҳафтада АҚШга ташрифи даомида Пин Пин ва Фу Шуан исмли пандалар АҚШнинг Атланта шаҳрига олиб келинди. Оммавий ахборот воситалари ушбу пандаларни икки халқ ўртасидаги «дўстлик элчиси» дея атади.
Панда дипломатияси Хитой ташқи сиёсатидаги ўзига хос амалиёт бўлиб, унинг доирасида Пекин гигант пандаларни хорижий ҳайвонот боғларига вақтинча ижарага беради ва шу йўл орқали бошқа давлатлар билан алоқаларини мустаҳкамлайди. Бу амалиёт «юмшоқ куч» ва халқ дипломатиясининг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Хориждаги деярли барча гигант пандалар, қайси мамлакатда туғилганидан қатъи назар, юридик жиҳатдан Хитойга тегишлидир. Мулк ҳуқуқининг Хитойга тегишлилиги Пекинга пандаларни қаерга, қанча муддатга ва қандай шартлар асосида беришни мустақил ҳал қилиш имконини беради.
Илгарироқ, яъни XX асрнинг ўрталаридан 1980-йилларнинг бошигача Хитой пандаларни дўст давлатларга шунчаки совға қиларди. Масалан, 1972 йилда АҚШ ва Япония билан муносабатлар тикланганидан сўнг бу икки давлатга пандалар совға қилинган эди. 1980-йиллардан бошлаб совға қилиш амалиёти тўхтатилди, 1990-йиллардан бошлаб эса узоқ муддатли илмий ҳамкорлик шартномалари асосида пандаларни ижарага бериш бошланди.
Ҳозирги ижара шартномалари қуйидаги асосий шартларни ўз ичига олади:
• Пандалар, одатда, 10 йил муддатга ижарага берилади, муддатни узайтириш имконияти мавжуд.
• Қабул қилувчи томон пандаларни парваришлаш ва илмий тадқиқотларни молиялаштириш учун Хитойга ҳар йили 500 минг АҚШ долларидан 1 миллион долларгача ҳақ тўлайди.
• Хорижда туғилган барча панда болалари ҳам Хитой мулки ҳисобланади. Ҳар бир пандача учун ҳайвонот боғи тахминан 200–400 минг доллар қўшимча тўлов қилади.
• Пандачалар 2–4 ёшга етгач, кўпайтириш дастурларида иштирок этиш учун Хитойга қайтарилади.
Панда дипломатияси бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаради. Уларни қуйидаги учта гуруҳга ажратиш мумкин:
Сиёсий вазифа. Пандани хорижга юбориш ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамалайди. Пандаларни муҳим давлатларга бериш Пекиннинг шу давлат билан ҳамкорликни қадрлашини ва мулоқотга тайёрлигини кўрсатади. Шу сабабли пандаларни бериш ёки қайтариб олиш давлатлараро муносабатларнинг ўзига хос «барометри» бўлиб хизмат қилади.
Имиж вазифаси. Бамбук билан озиқланадиган бу ҳайвонларни бутун дунё яхши кўради. Уларнинг жозибаси Хитойга ўзининг геосиёсий имижини юмшатиш ва оддий фуқаролар даражасида «дўстлик кўприклари»ни барпо этиш имконини беради.
Иқтисодий ва экологик вазифа. Пандалар ниҳоятда камёб ва жамоатчилик учун жуда жозибадор бўлиб, улар қайси ҳайвонот боғига келмасин, шу заҳотиёқ ташриф буюрувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортади. Ҳайвонот боғи барқарор ташриф буюрувчилар оқими билан бирга панда атрофида маърифий ва тижорий дастурлар ташкил этиш имкониятига ҳам эга бўлади. Пекин эса йўқолиб кетиш хавфи остидаги ушбу ҳайвонот турини сақлаш дастурлари учун маблағ олади. Шундай қилиб, Хитой билан тузилган келишувлар дипломатик самарани ҳайвонот боғининг иқтисодий манфаатлари билан уйғунлаштиради.
Агар пандани хорижга юбориш ишонч белгиси бўлса, уни қайтариб олиш муносабатлар совиганини кўрсатадиган асосий белгилардан бири ҳисобланади. Давлатлараро муносабатлар ёмонлашганда Хитой ижара шартномаларини узайтирмаслиги ва ҳатто, ҳайвонларни муддатидан олдин қайтариб олиши мумкин. Халқаро амалиётда бу ҳолат «панда санкциялари» деб аталади. Пандаларни қайтариш талаби Пекиннинг ўзига хос дипломатик огоҳлантириши сифатида қабул қилинади.
Масалан, Ж.Байден президентлиги даврида Вашингтон ва Пекин ўртасидаги узоқ давом этган кескинлик даврида ижара шартномалари узайтирилмади. 2023 йилнинг ноябрида Вашингтондаги Миллий ҳайвонот боғи пандалари, 2024 йилнинг октябрида эса Атланта ҳайвонот боғи пандалари Хитойга қайтарилди. ОАВ бу ҳолатни «пандалар даврининг тугаши» дея баҳолади.
Бошқа бир мисол - 2025 йилнинг июнида Япониянинг Вакаяма префектурасидаги Adventure World боғидаги тўрт панда ижара муддати тугагани сабабли Хитойга қайтарилди. Шу йилнинг ноябрида Япония бош вазири Санаэ Такаити Тайвань атрофида ҳарбий можаро юзага келган тақдирда Япония аралашиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди ва бу икки давлат муносабатлари кескин совишига сабаб бўлди. 2026 йилнинг январида Токиодаги Уэно ҳайвонот боғидаги эгизак пандалар Сяо Сяо ва Лэй Лэй ҳам белгиланган муддатдан олдин Хитойга қайтарилди. Натижада Япония 1972 йилдан бери биринчи марта гигант пандаларсиз қолиб кетди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳайвонлардан ташқи сиёсат инструменти сифатида фойдаланиш фақат Хитойга хос хусусият эмас. Бошқа давлатлар ҳам «ҳайвонот дипломатияси»га тез-тез мурожаат қилиб туришади. Масалан, Туркманистон алабай зотдор итлари ва ахалтегин отларини ҳамкор хорижий давлатларнинг раҳбарларига совға қилиш амалиётидан фойдаланиб келмоқда. Австралия эса бир неча ўн йиллардан бери коалалардан мамлакат рамзи ҳамда халқаро, маданий ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги алоқалар воситаси сифатида фойдаланиб келмоқда. ади. Бироқ эвкалипт барглари билан озиқланадиган бу ҳайвонлар, асосан, йирик халқаро тадбирларга олиб келинади ва фотосессиялар пайтида хорижий раҳбарларга намойиш этилади.
Булардан фарқли ўлароқ Хитойнинг панда дипломатияси ўзининг кўлами, давомийлиги ва институционаллашув даражаси бўйича бу каби ташаббуслардан анча юқори туради.
Хитойда гигант пандаларни кўпайтириш ва ўрганишга ихтисослашган илғор марказлар тузилган. Улардан энг таниқлиси Чэнду шаҳридаги гигант пандаларни кўпайтириш тадқиқот базасидир. Бундай пандалар табиий ҳолда фақат Хитой ҳудудида яшагани учун бундай билим ва тажриба асосан шу мамлакатда тўпланган.
Мен 2018 йилда Хитойга ташрифим давомида Чэндудаги ана шу базани бориб кўриш бахтига муяссар бўлганман.
Ҳозирги вақтда дунёнинг 16 мамлакатидаги ҳайвонот боғларида гигант пандалар мавжуд ва уларнинг деярли барчаси Хитой томонидан юборилган.
Масалан, Москва ҳайвонот боғида 2022 йилнинг августида Жу И ва Дин Дин жуфтлигидан Катюша исмли панда туғилди ва тез орада ҳайвонот боғининг энг севимли ва машҳур ҳайвонига айланди. 2026 йилда Катюша тўрт ёшга тўлди. Ўзаро келишув қоидаларига мувофиқ, тез орада у Хитойга қайтарилиши кутилмоқда.
2026 йилнинг апрелида Атланта ҳайвонот боғи Хитой ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ассоциацияси билан янги шартнома тузилганини эълон қилди. 24 сентябрь куни Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида ХХР Раиси Си Цзиньпин Пин Пин ва Фу Шуан исмли пандалар Атлантага жўнатилишини маълум қилди. Пандалар 27 сентябрда Атлантага етиб келди. Оммавий ахборот воситалари уларни икки халқ ўртасидаги «дўстлик элчиси» деб аташди.
Пандаларнинг Атлантага олиб келиниши Пекиннинг АҚШга нисбатан панда дипломатиясини қайта фаоллаштирганини кўрсатади. Бу қадам икки томонлама муносабатларни барқарорлаштириш ва Оқ уй маъмуриятига мулоқотни давом эттириш муҳимлигини билдирувчи ўзига хос сигнал ҳисобланади.
Шартнома муддати ўн йил бўлиб, бу даврда туғилган пандачалар, юқорида айтилган умумий қоидага мувофиқ, 2–4 ёшида Хитойга қайтарилади. Атланта ҳайвонот боғида пандалар учун янги мажмуа тайёрланди. Уни жиҳозлаш ва ҳайвонларни парваришлашни ташкил этишда хитойлик мутахассислар ҳам қатнашди. Тахминан бир ой давомида пандалар карантинда бўлади, шундан кейин улар ташриф буюрувчиларга намойиш этилади.
Хулоса сифатида шуни алоҳижда таъкилаш лозимки, панда дипломатияси Хитой ташқи сиёсатининг пухта ишлаб чиқилган ва институционаллашган воситасидир. У сиёсий, имиж, иқтисодий ва экологик вазифаларни бирлаштиради. Пандаларнинг юборилиши ёки қайтариб олиниши Хитойнинг у ёки бу давлатга муносабатини кўрсатувчи барометр ҳисобланади. АҚШ ва Япония мисоллари бу воситанинг муносабатлар совиганда ҳам, илиқлашганда ҳам фаол қўлланилганини кўрсатади. Илмий инфратузилма, доимий назорат ва марказлашган бошқарув Хитойнинг панда дипломатиясини бошқа давлатларнинг «ҳайвонот дипломатияси»дан ажратиб туради.