ПАЛАҒДА ТУХУМЛАР ҲАҚИДА
Абдулла Қаҳҳор шундай дейди: “ Палағда тухумга мурч сепиб берган билан уни еб бўлмайди.” Хуршид Дўстмуҳаммад “Қаҳр” асари ила чертиб берган ноғора теварагида, ноғорага жўравоз бака-бум қилаётган фикр мулоҳазаларга “ мурч” ҳам сепиб кўрдим, ўхшамади.

Нега ўхшамади?
Ёнимдан “илҳом париси ҳеч қачон паранжи ёпиниб” ўтмаган.
Илҳом келганда шеър ёзаман. Асар ёзаман. Йўқса мақола ёзаман, журналистика билан шуғулланаман ёки гап-гаштакда лақиллаб умримни ўтказаман.
Ё, адабиёт муҳибларига Лутфийу Жомий ғазаллари ҳақида гапираман, шарҳлайман. Шунда ҳам гапираётган пайтим, минг истиҳолада Лутфийни гапираётган эсам, Лутфийни олдида “Мен ким?” деган саволни қаршимга қўйиб гапираман...
Ҳаммани адабиётга назари ҳар хил. Менга бугунги “ноғорочи”лар палағда тухумлардек туюлди.
Айни кунда адабиётни касбга айлантириб олганларга тўлган “адабиёт” тевараги. Ёзган шеъридир, асаридир давлат чўнтагидан моддий манфаат кўзлайди. Борингки ёзган асари ё мақоласи учун давлатдан ойлик олгиси келади. “Кўнгилдан эмас, қориндан чиқариб” асар ёзади. Абдулла Қаҳҳор шундай дейди: “(Адабиётни) касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.”
Ўшан-чун ҳам булар мени кўзимга олмага тушган қуртдек кўринди.
Саволларим кўпайди.
Кибриё Қаҳҳорова, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар тириклигида нима учун Абдулла Қаҳҳор ҳақида салбий фикрларни юзага қалқитмади?
Ислом Каримов ҳақида салбий фикр билдирилганда, ўликлар ҳақида ёмон гапирилмайди деганлар нима учун Абдулла Қаҳҳор ҳақида салбий фикрлар билдириб қолди?
Айни дам Абдулла Қаҳҳорни бирор ўғли бор бўлиб Абдулла Ариповнинг ўрнида бош вазир бўлиб ўтирган бўлса, ҳозир у ҳақида негатив ёзаётганлар нима қилган бўларди?
Қоп-қоп пахта кўтариб юрган бўлармиди?
“Овчига хизмат қилишдан фақат ит лаззат топади.” дейди Абдулла Қаҳҳор.
“Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди,” дейди Абдулла Қаҳҳор. Бу жараёнга ҳуштак чалгим келди.
Абдулла Қаҳҳор ким эди?
Радиодан бир ҳикояни эшитиб қолади-да, Саид Аҳмадга қараб “Шу болани топгин, ёзганидан Бухорони кўчалари кўриниб тураркан” дейди. (Гапни қаранг!) Шундай қилиб Неъмат Аминов топилади. Юқорида номи тилга олинган шоиру ёзувчилар, булардан ташқари яна қанчаси; Шуҳрат, Ўлмас Умарбековлар... Абдулла Қаҳҳор адабиёт ичидан топган “ёмби”лар эди. Истеъдодни эътироф этган, қўллаган эди. Мансабда ўтирса-да, ўзи танимаган оддий бир талаба бўладими, деҳқон бўладими, эринмай хат ёзиб юборган. Айни дам “ноғорочилар”да Абдулла Қаҳҳор мансаби бўлганида, қандай йўл тутарди.
Олис бир қишлоқдаги бир жулдур болани шеърини газетадан ўқиб унга эринмай хат ёзармиди?
Абдулла Қаҳҳор ким эди?
“Маҳаллада дув-дув гап” филм учун ссенарий бошида рус тилида ёзилган. Шуҳрат Аббосов филмни ўзбек тилида олишни истаган. Тасвирга олиш бошланишидан бир кун аввал Абдулла Қаҳҳордан ссенарийни ўзбек тилига таржима қилиб беришини илтимос қилган. Абдулла Қаҳҳор ўша пайтда шифохонада даволанаётган бўлган. У ссенарийни шифохона қаршисидаги ўтирғичда ўтириб таржима қилган. Абдулла Қаҳҳор филмда таржимон сифатида айтиб ўтилган. Бироқ, Абдулла Қаҳҳор нафақат таржима қилган,таржима жараёнида снеарийни қайта ёзган. Бу Шуҳрат Аббосовни дебют филми эди, илк мустақил филми. Филмни етаклаб кетиш учун бу ерда актёрларнинг ҳам, операторларнинг ҳам, режиссёрнинг ҳам “доҳиёна” маҳорати йўқ. Ўзбек характери, мулоқот, иборалар олдинги ракурсда филмни “олға” етаклаб кетиб колган. “-Нечта қўй олдингиз?, - Битта! -Битта эмас, ўнта деб айтинг, душманларим куйсин!” 60 йилларда ёзилган бу филмни халқ ҳозиргача севиб томоша қилади. Абдулла Қаҳхор филм билан бирга Шуҳрат Аббосовни ҳам “саф”нинг олдинги қаторига чиқариб қўйган. Экранга қарайман, Абдулла Қаҳҳорга кесак отаётганларнинг сцнеарийлари ўн йил экрандан тушмай кўриляптими?
Саид Аҳмад “Уфқ” романини ёзиб бўлгач Абдулла Қаҳҳорга кўрсатиш учун олиб келади. Урушдан қочган ўғилни ота мидтиқда отиб қўяди романни илк қўлёзмасида. Абдулла Қаҳҳорга отанинг ўз ўғлини отиб ўлдириши эриш туюлади. Ўша воқеани ўзида роман ечими тугалланиб қолади бу ҳолда. “Хайрият-э, ўқ тегмади,” деган учта сўз қўшади бу романга. Ўша учта сўз романни юксалтириб юборади. Ҳозиргача ўқиладиган роман.
Тош отадиганлар унинг асарида миллийлик йўқ дейишди, унинг миллати тожик дейишди. У ҳабаш бўлган тақдирда ҳам ўзбек адабиёти учун хизмат қилди. Миллий руҳ уфуриб турмаса-да, ўзбек миллий адабиётига тилни сайқаллашни ўргатди.
Абдулла Қаҳҳорни “юксакка ҳеч ким кўтармади,” ўз асарлари кўтарди.
Адабиётни гўзал пойдеворини яратган греклар адабиётга тушунмайдими? Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” асари грек саҳналаридан тушмаган. Улар бу асарни ўзбек ё рус тилидан таржима қилиб ўқиган деб ўйлайсиларми? Ё Абдулла Қаҳҳорни таниган ё мансаби учун ҳурмат қилган деб ўйлайсиларми? Грек тилига бу асар француз тилидан таржима қилинган. Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзанаси” “советларни темир панжараларини” синдириб чегарадан ўзи ошиб кетган.
Абдулла Қаҳҳор ёзади: “Бир нарса ҳақида биргина одам гапирса, ҳали ҳеч нима юз бермагандир. Лекин бошқалар ҳам гапира бошладими, демак бир гап бор, бу ишга энди диққат қилмоқ лозим.”
Беҳзод Кобулни бу масалада фейсбукда қўйган мақоласини ўқиб индамай қўя қолгандим. Бугун эса тили билан юрадиганлар кўпайди ва диққат билан бу жараёнга қарай бошладим.
Эслайман, бир пайтлар...
Кимдир “Жажман” деган ҳикояни мақтади. Тушлик қилмадим. Тушлик пулига Хуршид Дўстмуҳаммадни “Беозор қушнинг қарғиши” деган ҳикоялар тўпламини сотиб олгандим. Ўқишни китоб ўртасидаги “Жажман”дан бошладим. Еб-тўймас, юҳо, “сепндир” бу “жажман” образи жаҳон ва ўзбек адабиётида кўп. Бу образдаги мултфилмлар ҳам кўп. Образга эмас, ҳикоялар баёнига эътибор бера бошладим. Ўқишга қийналдим. Нечта ҳикоя бўлса, барчасини ўқидиму китобни ёпдим. Ўзбек тилини бузаётган ёзувчидек туюлган. Шу-шу бошқа бирор асарини ўқимадим. Хуршид Дўстмуҳаммадни шахсан танийман, таниш юз-хотир қилиб хушомад уриш ё виждонга қарши юриш деганимас. Илк таниганимга ҳам йигирма йил бўлди. У киши менга шахматда рақиб. Илк дўрмонда шахмат мусобақасида кўришганимизда ҳам, шу йил шахмат мактабида кўришганимизда ҳам дўст, ҳам рақиб сифатида шахмат ўйнадик, бори шу. Домулла мени шахматчи деб билади. Исмимни ҳам “Шахматчи” деб билса керак. Гарчи таниганимга 20 йил бўлса-да, бирор марта бирор ҳикоямни ёзувчиман бир кўриб беринг деб қўлига тутмаганман. Бунга сабаб “У қарғаса, қандай беозор қуш бўлди?” деб ўша китобни ёпиб токчага қўйганим. Бу китобдаги барча ҳикояларни бир қилиб тўпласа ҳам Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикоясига тенг бўлмаслигини ўзимча тасаввур қилганим. Шу-шу бошқа бирор асарини ўқимадим.
Икки ой олдин “Миллий кутубхона” га Карим Баҳриевнинг китоб тақдимотига борганимда, қуйироқда ўтиргандим. Домулла камтар инсон. Казо-казолар қаторида ўтирган эса-да, кўзига иссиқ кўриндим, ёнимга тушиб келиб ўтириб негадир у ёқдан-ёқдан гаплашгиси келди. Бироз гаплашдик. Яна доимий саволи: “Нима иш қиласиз?” деб сўради. Ҳазиллашиб доимгидек: “Шахмат ўйнайман.” дедим. “Сиз зўр,” деди, кулишдик.
Абдулла Қаҳҳор ўлиб кетган. Хуршид Дўстмуҳаммад тирик. Ўликни алқагандан кўра, тирикни алқаш одамга наф келтиради. Бироқ бундай қила олмайман.
Орадан шунча йиллар ўтиб бугунги чалинаётган ноғоро товушлари эвазига Хуршид Дўстмуҳаммадни “Қаҳр” асарини ўқий бошладим. “Палағда овоз” деган иборага кўзим тушди. Тухум ютса овоз очилади деган иборага, нисбатан палағда тухум ютгани учун овози хунукка нисбатан кўчма маънода асли. Йигирманчи асрда кириб келган ибора, вароқлаб боравердим. “Хира ва баттол савол”, энсам қотди. “Ранги қум ўчди”. Елка қисдим. Одамни ранги қум ўчмайди, қув ўчади. Ўша мужмал ёзиш.
“...оғзининг бир чеккасидан оқиб тушган сўлагини тутолмай қолди...” Қаҳҳорга нисбатан ички ҳасад ё ғараз бордек мисралар. “Палатали касалхона, палатасиз касалхона ҳам борми? “Рухсор” сўзи бадиий адабиётда гўзал жононнинг юзига нисбатан ишлатилади. Хуршид Дўстмуҳаммад эса хизматчи, алкаш аскарга нисбатан ушбу сўзни ишлатгани яна-да энсамни қотирди. Бу сафар ўқимай қўя қолдим. Мени асар ўқишим шундай.
Пушкин, Гоголь, Чехов, Толстой...ишқилиб ўзбек таржимачилигига ҳам бебаҳо ҳисса қўша олган Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини ҳозир ҳам бемалол ўқийман, халқ ҳам шундай ўқий олади. “Йўқолмасдан олдин бормиди” каби киноялари ёд бўлиб кетган. У ҳар сўзни ўз ўрнида топиб қўллай олган сўз заргари. Сўз саънаткори. Бадиий адабиёт нима? Сўз саънати! Ҳикоянависликка Чехов кўзойнаги билан қарагани билан, бетиним меҳнат эвазига шу даражага етгани билан Абдулла Қаҳҳорнинг алоҳида сўз топишдаги истеъдоди ярқ этиб кўзга ташланиб туради. “Минг бир жон” , “Бемор”, “ Майиз емаган хотин”, “Кампирлар сим қоқди”, “Даҳшат”, “Анор” ва бошқа кўплаб ҳикояларида ҳам Чеховга тақлид йўқ.
Айни кунда интернетда Абдулла Қаҳҳорга билиб-билмай бир команда бўлиб “кесак” отаётган “сўзчи”ларнинг фаросатига қараб ҳайрон бўлдим.
Абдулла Қаҳҳор шундай ёзади:
“Болалигимда бир картина кўрган эдим. Бош ролни Чарли Чаплин ўйнаган эди, шекилли. Қаҳрамон ношуд, нотавон — ҳеч ишга ярамайди. Ниҳоят, бир қариндоши уни ўт ўчириш командасига ишга олади.
— Бу ерда нима иш қиламан ? — деб сўрайди қаҳрамон.
— Мана буни ушланг,— дейишади унга,— қаерда ўт ё тутунни кўриб қолсанг, дод солиб сув сепаверасан.
Қаҳрамон шу ишга ярайди, лекин унинг олдида на чироғ ёқиб бўлади, на папирос чекиб—дод солиб сув сепаверади.
Фаросатда шунга тенг келадиган танқидчидан худо сақласин!”
“Абдулла Қаҳҳор шундай ёзади яна: “Одам ўзининг гуноҳини бошқа бировнинг гуноҳи билан ювмоқчи бўлиши чакки...”
Улар Абдулла Қаҳҳордай бўла олмаслигини, Абдулла Қаҳҳордай бўла олмаслик “гуноҳ”ини, Абдулла Қаҳҳорнинг гуноҳлари билан ювмоқчидек, гўё. Улар адабиётга “ёниб эмас тутаб киргандек”, гўё. Энди бутун умр тутаб яшайди. Чунки, тутаб кирган ёзувчилар узоқ тутайди.
Абдулла Қаҳҳор ким эди?
Абдулла Қаҳҳор “Ўтмишдан эртаклар” асари учун Ҳамза мукофотини олган ёзувчи эди. Бу асар “олтин хазина”да ўқиладиган асар.
Айни кунда Абдулла Қаҳҳорга тош отаётганлар ўзларини адабиётга хизмат қилаяпман деб ўйлаши мумкин. Йўқ, улар адабиётга эмас, ўз манфаатларига хизмат қилаяпти. Ёзувчисими, шоирими, адабиётшуносими қайси бири бу жараёнда адабиётга хизмат қилаяпти? Ўзларини шундай деб ўйлаётган экан нима учун метро ё театрдан “Ҳамза”ни номини олаётганда ўртага чиқмади. Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдирганлар ана шулар эмасми? Адабиётга хизмат қилаётган экан нима учун Муҳаммад Солиҳни сиёсий томонини четга сурса ҳам, унинг шеърларини дарсликларга киритиш шарт деб ўртага чиқмади, киритмади?
Қўлидан келганча, қанчалаб ижодкорни ҳимоя қилган Абдулла Қаҳҳор ким, булар ким? Виждонан солиштирмак керак.
Виждон ҳақида гапирадиган бўлса, ортиқча гонорор олмайман деб гонорорини ортиғини давлатга қайтариб берган Абдулла Қаҳҳор билан давлатни юлишу ойлигини қандай кўпайтириш ҳақида ўйлаб юрган ижодкорлар билан уни солиштириб кўринглар. Менга нима керак ортиқча уй деб, ўз уйини бошқа ижодкорга совға қилган Абдулла Қаҳҳор билан, уйи бўла туриб Ёзувчилар уюшмасидан яна уй олишу у уйга квартирант қўйиб пул қилиш ҳақида ўйлаб юрган ижодкорлар билан Абдулла Қаҳҳорни солиштириб кўраверинглар.... Бу сизга ҳавола.
Хуршид Дўстмуҳаммад асаридан сўнг Мусулмон Намоз деган адабиётшуносни адабий-бадиий таҳлилини эмас, ўшакка ўхшаш мақоласини ойна пўрталида ўқидим. Наим Каримов билан ҳам қилинган Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги ўшакни киритган. Шуҳрат Азизовни фейсбукда қолдирган изоҳини ўқидим. Хаёлимга бошқа нарса келди. Абдулла Қаҳҳор КГБ агенти экан? Хўш, нима қилибди? Буни жавобига кейин қайтамиз. Буларни ўзларини биринчи ёдлаган шеъри “Ўқинг аъло, бўлинг доно, деган бизга Ленин бобо” эди-ку. Хуршид Дўстмуҳаммад Абдулла Қаҳҳорнинг отаси ҳақида салбий ёзмиш. Бу, ўз йўлига. Наим Каримовни отаси ким? Мен билмайман. Адабиёт тарихи учун бу қизиқ эмас. Адабиётшунослар бир пайтлар Навоийнинингиавратига кўп осилар эди, нимага уйланган, нимага уйланмаган деб. Мен Навоийни ғазалини ўқисам, уни аврати эсимга келмайди. Демак адабиёт тарихи учун бу қизиқмас.
Айни дам менга имкон берса қўлимга қурол олиб Украина томонидан ўрисга қарши жангга кира оламан. Ўрисқуллар менга ҳарбало иғво тўнкашади, кўзим етади. Агар ватаннинг бир қарич ери учун ёки қандайдир тинчлиги учун хавфсизликдан хизматга чақирса мен хизматга шайман, ватанни севганни сотиш буюрилса жон олинади, сотилмайди. Барибир, кимлардир иғво қилишади.
Абдулла Қаҳҳор яшаган давр билан ёки Абдулла Қаҳҳор ўрнида ўзини қўйиб, ёки Абдулла Қаҳҳор ким, мен ким деган савол билан мулоҳаза юритилмаган кўп мақолаларда. Жовли Хушбоқ, Оллоёр Бегалиевларни изоҳлари ўзбек адабиёти учун ҳеч нимага арзимайди. Байрам Али ва Жонтемирларни қисқа постини кўрдим. Жонтемир айтгандай Абдулла Қаҳҳорда асар бахшидай қуйилиб келмайди, йигирма йил олдин бу ҳақда ёзганман. Бироқ, Абдулла Қаҳҳорда бадиий сўз юки елкадан босиб туради. Адабиёт бу сўз саънати. Байрам Али бироз оғриниб, нимагадир кўнгли тўлмагандай фикр билдирган. Икаласи ҳам ҳали ёш. Норқобил Жалилов Мусулмон Намозни мақоласини юксак бадиий таҳлил демиш, балки бир-бири билан танишдир, ким билсин. Бадиий таҳлилда шахс таҳлил қилиниши бадиий таҳлил дейилмас. Асарни Беҳзод Кобулов мақоласида таҳлилга ўхшагани мен учун ҳисоб бўлди. Бу мени фикрларим. Билган гўнгни ковлаш сизни ишингиз.
Советпараст деб ҳозир тошбўрон қиладиган одамлар бошида у кунлар бўлса, иродаси қанчага етарди-ю, қанча вақтда сотқинга айланарди,билмайман. Билганим, буларни иродасидан кўра Абдулла Қаҳҳорни иродаси метинроқ бўлган.
Абдулла Қаҳҳор ким эди?
Бутун ўзбек элати пахта далаларига сочилиб кетган 60 йилларда, мустабид тузумда у шундай деган “ Машиналар меҳнатни енгиллатган бўлса ҳам, ҳануз қиз-жувонларимизнинг ҳусни-латофати пахтазор жўякларида қолиб боряпти, студентларимиз ҳануз тўлиқ таҳсил кўрмаяпти, қишлоқ болалари ҳануз мактабдан чаласавод бўлиб чиқаяпти” дея олган эди.
Адабиёт фанидан дарс берувчи ёши катта ўқитувчиларни яхши биламан. Ислом Каримов давридаги пахта қуллигини эсланг. Ҳозир Абдулла Қаҳҳорга тош отаётган ўша ўқитувчилар пахтага бормаган талабани ёқасидан олиб: “Пахта давлат сиёсати, сен давлатга душманмисан?” деб бирдан сиёсий тус берарди ё пахтага чиқмаган талабаларни қанчаси турли баҳона билан ўқишдан ҳайдалган. Гарчи мустақил эди ватан.
Абдулла Қаҳҳор қоп-қоп пахта кўтариб юрган маддоҳлардан кескин фарқ қилган. Шароф Рашидов ҳақида ҳам тўғри ва тик гапира олган, маддоҳлик адабиётнинг душмани эканлигини эслатган. Мустамлакачилик даврида ишлаб яшаётган эса-да, “ Мустамлакачилик фақат мамлакатни ғорат қилмайди, ундан ҳам ёмонроғи одамларни, халқни руҳан ғорат қилади, шундай қиладики, қул ҳаётини кечираётган, инсонга номуносиб ҳаёт кечираётган одамда шу ҳаётга қарши норозилик, исён руҳи буткул сўнади”, - дея олган. Яна дея олганки: “Урушда вайрон бўлган иморатни тиклаш осон, лекин мустамлакачилик қўл-оёғини боғлаб, тақдир ҳукмига топширган одамни бу фалокатдан халос қилиш қийинроқ!”
Яна дея олганки: “Халқнинг кўзи боғланса, қулоғига қўрғошин қуйилса, тақдир ҳукми ўлимдек ҳақ, деган ақидани унинг зеҳнига сингдириш осонроқ бўлади.”
Майли, Абдулла Қаҳҳор ўрис замонига хизмат қилибди, бироқ қулоғига қўрғошин қўйилган, кўзи боғланган сен – ўрис замонида нима дея олдинг ё ҳозир нима дея оляпсан?
Ҳеч кими йўқ, танаси чириб бўлган ёзувчини очиқроқ қараш соф адабиётшунос иши. Аксарият адабиёт муҳиблари бир томон бўлган он, кутилмаганда бу жараёнга фикр билдирган Улуғбек Ҳамдамдан бағоят миннатдор бўлдим. Мақолани ўқир эканим, мўлжални олис олганига гувоҳ бўлдим. Ўзи овқат еган дастурхондан юз бурмаган, гарчи “Қаҳр” асаридан норозилигини ҳам юмшоқроқ оҳангда қоралаб кетмиш...
Шарафли одамлар ортидан, шарафли одамларгина сўз айтгани маъқул. Ҳаммасини бир четга суриб сўзни Абдулла Ориповга берамиз:
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР
Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Саҳролар қоларди чексиз, бетакрор.
Нега улар чексиз, десам дедилар:
Бу ердан ўтганди Абдулла Қаҳҳор.
Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Чўққилар қоларди юксак ва қатор.
Нега улар юксак, десам дедилар:
Бу ердан ҳам ўтди Абдулла Қаҳҳор.
26.12.2025
Талант ТОЛЕРАНТ