ПАЙҒАМБАРИМИЗ (С.А.В.)НИ ТАСВИРЛАШ МУМКИНМИ? 

ПАЙҒАМБАРИМИЗ (С.А.В.)НИ ТАСВИРЛАШ МУМКИНМИ? 


Одатда ислом ва тасвирий санъат мавзусида сўз кетганда, жонзотлар сувратини чизиш исломда қатъий қораланиши эслатиб ўтилади. Бироқ, кўпгина скептиклар, исломофоблар ўйлаганидек, агар ислом санъатга, маданиятга, илм-фан тараққиётига қарши бўлганида, ўрта асрларда Шарқ маданияти бу қадар гуллаб яшнамаган, жаҳон илм-фанига катта ҳисса қўшган алломалар етишиб чиқмаган бўларди.

       Дин санъатга қарши эмас

Маълумки, Ислом дини нозил қилинмасдан аввал араблар орасида жоҳилият ҳукм сурар, уларнинг катта қисми турли бут ва санамларга, ҳайкал ва сувратларга сиғинар эди. Муқаддас динимиз Аллоҳдан бошқа ҳар қандай зотга ва унинг сувратига сиғинишни ман этди. Бироқ Қуръони каримда сурат чизишни тақиқловчи бирорта оят учрамайди. Қолаверса, эндиликда мусулмонларнинг сувратга ва ҳайкалларга сиғиниш хавфи йўқолган.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, ўрта асрларда араб ўлкаларида, Мовароуннаҳр ва Хуросонда тасвирий санъат тараққий этган. Буюк алломаларимиз яратиб қолдирган қўлёзма асарларни миниатюраларсиз тасаввур этиш қийин. Самарқанду Бухородаги тарихий обидаларда шер, оҳу, лайлак сингари қушлар ва жониворлар тасвири учрайди. ХХ аср бошида Хива хонлигида қурилган Нуруллабой саройида Ғарб тасвирий санъатига монанд сувратларни ҳам кўришимиз мумкин.

Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг сувратлари борми?

Гарчи бу савол бир қарашда шаккокликдек туюлса-да, унга жавоб қайтариш ўринли. Дарҳақиқат, Ғарб ва Шарқ мусаввирлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суратларини қайта-қайта тасвирлашган.

Каъбада бутларнинг синдирилиши, форс миниатюраси, 1808 йил, Кашмир

Самарқанд, Бухоро Ҳирот, Табриз сингари Шарқнинг азим шаҳарларида кўчирилган ўнлаб китобларда пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг тасвирларини учратиш мумкин. Фақат, ул зотнинг сувратлари бошқалардан ажралиб туриши учун ё юзларида оқ ниқоб ёпилган ҳолда ёки бошлари атрофида нурли (оловли) ҳалқа билан тасвирлашган.

Масалан, Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Низомий Ганжавийнинг «Ҳамса» асарларига ишланган миниатюралар орасида ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в) тавсирларини ҳам учратамиз.

Ғарб адабиётида Ислом дини ва мусулмонларга турлича ёндашишган. Пушкин, Гёте, Лев Толстой сингари ёзувчи ва шоирлар исломни маърифат ва эзгулик дини сифатида талқин қилганлар. Афсуски, Данте Алигьери, Волтер сингари шахсларнинг Ислом ҳақида нотўғри тасаввурда бўлганлари уларнинг асарларида ҳам яққол акс этади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг Меърожга кўтарилишлари, XVI аср, Эрон

Ғарб рассомлари орасида пайғамбаримизни буюк маърифатпарвар, олижаноб инсон сифатида тасвирлашга уринганлар ҳам учрайди. Сальвадор Дали, Огюст Роден, Уилям Блейк, Гюстав Доре сингари рассомлар ўз асарларида пайғамбар (с.а.в) сиймоларига мурожаат қилишган.

Темурийлар даврининг нодир қўлёзмаси

Темурийлар давридан қолган, ўзбек китобат санъати тарихида ўта қимматли ва нодир саналган ёдгорликлардан бири ўз даврининг йирик маданият марказларидан бўлган Ҳиротда уйғур ёзувида битилган қўлёзма  бўлиб, ҳозир Франция Миллий кутубхонасида сақланади. Қўлёзмага икки асар киритилган: бири “Меърожнома”, кейингиси эса Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимасидир.

Тахминларга кўра, «Меърожнома»ни ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири Мир Ҳайдар милодий 1410-1415 йиллари Шерозда ёки Исфаҳонда Искандар Султонга атаб ёзган. 

 “Меърожнома” –пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг мўъжизалари дея тан олинган Меърожга сафари ҳақидаги диний-фалсафий асар. Унда Ислом пайғамбарининг Буроқ отида самога кўтарилиши, фаришталар ва пайғамбарлар билан учрашгани, жаннат ва дўзахни ўз кўзи билан кўргани ҳақида ҳикоя қилинади.

"Меърожнома", XV аср, Ҳирот

Китобда ҳаммаси бўлиб олтмишта миниатюра ишланган. Эътиборлиси, бу миниатюраларнинг деярли барчасида пайғамбаримиз (с.а.в.) тасвирлари учрайди.

      Мусаввир Хитойга борганми?

“Меърожнома”да пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ташқари Буроқ оти, фаришталар, ҳурлар ва бошқа диний-мифологик қиёфаларни учратамиз. Ўрта асрларда мусулмон китобат санъатида бундай мавжудотлар тасвирлаш одатий ҳол ҳисобланмаган.

Қўлёзманинг ниҳоясида  нусха кўчирган шахс Абу Малик Бахши экани ва мазкур нусха Ҳиротда ҳижрий 840 (милодий 1436-1437) йили кўчирилгани айтилади. Аммо, рассом ҳақида гапирилмаган. Котибнинг тўлиқ исми Абу Малик ибн Мусак Нукуз бўлиб, у темурийлар ҳукуматида юқори вазифада ишлаган.

Хўш, китобдаги сувратларни ким ишлаган? У ўзи кўрмаган мавжудотларни тасвирлашда қандай манбаларга таянган?

Франциялик шарқшунос Франсиз Ришарнинг ёзишича, қўлёзма миниатюрларида Хитой мифологиясининг таъсири сезилади.  Бу ҳолатни бевосита асар котибининг  Шоҳруҳ томонидан 1419-1422 йилларда Хитойга юборилган элчилик таркибида бўлгани билан изоҳлаш мумкин. Саёҳатдаги жуда қизиқарли саргузаштларни элчилар бошлиғи – мусаввир Ғиёсиддин Наққош ўзининг саёҳатномасида ёзиб қолдирган. 

   “Меърожнома”га чизилган сувратлар ҳам  Ғиёсиддин Наққошга тегишли бўлиши мумкин. Чунки, наққошнинг саёҳатномасида чизилган миниатюралар ва “Меърожнома” сувратлари ниҳоятда ўхшаш. Қўлёзмадаги кўплаб фаришталарни тасвирлашда рассом  Хитой тасвирий санъат асарларидан кўп учрайдиган образлардан илҳомлангани сезилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Маккага киришлари, XVI аср, Истанбул

   P.C: Албатта, пайғамбарлар, фаришталар, азиз-авлиёлар сиймосининг кино, тасвирий санъат ва бошқа соҳалардаги талқини ҳақида аниқ хулоса чиқариш, шаръий кўрсатмалар беришга фақат тегишли мутахассислар, ислом уламолари ҳақли. Шу боис, ўтмишда, Ғарбда ва Шарқда, беғараз ишланган санъат асарларида Ислом пайғамбари (с.а.в)нинг тасвирланиши қай даражада тўғри – бу ҳақда мутахассислар ўз фикрларини билдиришар.

Аммо, 2005-2006 йилларда Данияда, 2010-2012 йилларда Францияда ишланган карикатураларда Ислом пайғамбарининг ножоиз кўринишларда тасвирланиши мусулмонларнинг қаттиқ ғазабини қўзғаган, бу ҳолат ҳатто қатор терактларга ҳам сабаб бўлганди.

Умуман олганда диний қадриятларни таҳқирлаш, буюк зотларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бундай «санъат асарлари»нинг тақиқланиши, баъзилар ўйлаганидек,  «сўз ва ижод эркинлигини бўғиш» эмас, балки мантиқ ва адолат тақозосидир.

 




Report Page