НЕФТЬ ВА ГАЗ ТАРМОҒИДАГИ ҚУВУРЛАРНИНГ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ЛАБОРАТОРИЯСИ ИШГА ТУШДИ

НЕФТЬ ВА ГАЗ ТАРМОҒИДАГИ ҚУВУРЛАРНИНГ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ЛАБОРАТОРИЯСИ ИШГА ТУШДИ


Жорий йилнинг декабрь ойида «O’ZLITINEFTGAZ» АЖ, “Daesan NDE International Engineering Co., ltd” ва “Samyoung Material Inspection Technology CO., LTD” компанияларининг иштирокида путур етказмасдан назорат қилиш тажрибахонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Республикада ягона бўлган мазкур тажрибахонани ташкил қилишдан мақсад – нефть ва газ тармоғидаги қувурларни путур етказмасдан назорат қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг юқори сифатини таъминлаш, янги технологияларни жорий этиш, технологик тизимлардан фойдаланиш жараёнини самарали назорат қилиш ва издан чиқиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган охирги ишланмалар бўйича ўзбек мутахассисларига сабоқ беришдан иборат.

Тадбир O’ZLITINEFTGAZ» АЖ Бошқарув раиси У.С. Назаровнинг кириш нутқи билан бошланди.

Тақдимот доирасида “Daesan NDE International Engineering Co., ltd” компаниясидан – Chung Gil Jun, “Samyoung Material Inspection Technology CO., LTD” компаниясидан – Kim Dae Kwon, «Контехназоратўқув» ДУК директори В.К. Ким сўзга чиқдилар. «Аккредитлаш бўйича Марказ» ДУК директори А.А. Закиров путур етказмасдан назорат қилиш тажрибахонасини аккредитациялаш имкониятлари тўғрисида маъруза қилдилар.

Маърузалар сўнггида тажрибахона бошлиғи С.Б. Могоч слайдлар ва тақдимот видеоматериалларини кўрсатиш билан бирга тақдим қилинадиган хизматларнинг барча турлари бўйича тажрибахонанинг фаолиятини батафсил тушунтириб берди.

 “Daesan NDE International Engineering Co., ltd” қўшма тажрибахонасининг очилиш тадбирида нефть ва газ, кимё ва энергетик саноати, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўлимлари, шунингдек Фарғона НҚИЗ, Бухоро НҚИЗ, Чиноз НҚИЗ вакиллари, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзбекистон Миллий электр тармоғи» АЖ, «Ўзбекистон минтақавий тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ҳамда «ЎзЛИТИнефтгаз» АЖ мутахассислари ҳам иштирок этди.

Сўнгра мутахассисларга путур етказмасдан назорат қилиш тажрибахонасининг замонавий асбоб-ускуналари, иш юритиш ва натижаларга ишлов бериш усуллари намойиш қилинди.

Ушбу тажрибахонанинг фаолияти юзасидан тингланган маърузалар ва тақдимотлар тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.


«O’ZLITINEFTGAZ» АЖ Матбуот хизмати

Report Page