Озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш истеъмолчилар соғлиғи гарови

Озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш истеъмолчилар соғлиғи гарови

t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан, истеъмолчининг асосий ҳуқуқларидан бири, бу товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳамда товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлишидир.

Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунига асосан, озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) — бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотининг тайёрланган санаси, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотлар - маҳсулот тамғасида кўрсатилиши шарт.

Бугунги кунда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси таҳлили натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари маркировкаси ва хавфсизлигига қўйилган талабларга, маркировкалаш қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган товарлар, хусусан озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва бошқаларни реализация қилиш билан боғлиқ 2020 йил давомида 199 та (Тошкент шаҳрида 102 та, Фарғона 3, Хоразм ва Бухоро 1 тадан) ва 2021 йилнинг 4 ойи мобайнида 54 та мурожаатлар келиб тушган.

Шу билан бирга, истеъмолчилардан реализация қилинаётган товарлар (иш, хизматлар) сифати билан боғлиқ 2020 йилда жами 1 153 та мурожаат (Тошкент шаҳрида 438 та, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан мос равишда 88 ва 81 та, энг кам Наманган вилоятида 29 та) кўриб чиқилган ва истеъмолчиларга етказилган 2,86 млрд сўм зарар қоплаб берилган.

Худди шундай, 2021 йилнинг 4 ойи мобайнида ушбу ҳолатлар бўйича 526 та мурожаат келиб тушган ва истеъмолчиларга етказилган 1,62 млрд сўм зарар қоплаб берилган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари маркировкаси ва хавфсизлигига қўйилган талабларга риоя этилишини ўрганиш ҳамда ички бозорларда товарлар маркировкасига қўйилган талаблар, хусусан, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида, жорий йилнинг 18 майдан бошлаб республика ҳудудларидаги чакана савдо объектларида ўрганишлар ўтказилмоқда.

Жумладан, ўтган вақт ичида 284 та савдо объектида кузатув йўли билан олинган маълумотларга кўра, уларда 1 045 та ҳолатда (Қорақолпоғистон Республикаси – 109 та, Жиззах вилояти 108 та, Андижон вилояти – 96 та, Наманган вилояти – 79, Қашқадарё вилояти – 79, Тошкент шаҳри – 72 та ва бошқалар) озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилганлиги қайд этилди.

Ушбу маҳсулотларнинг 32 таси ёки 3 фоизи импорт маҳсулоти бўлса, қолган маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.

Таҳлиллар давомида маркировкалаш қоидалари 323 та (31 фоиз) ҳолатда қандолатчилик маҳсулотларида, 180 та (17%) ҳолатда сут маҳсулотлари, 137 та (13%) колбаса маҳсулотлари, 35 та (3%) макарон маҳсулотлари ва 30 та (3%) ҳолатда қадоқланган ўсимлик ёғи маҳсулотларида бузилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, 110 та (11%) маҳсулотда ишлаб чиқарувчи корхона ва унинг манзили тўғрисидаги маълумот мавжуд эмаслиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича 112 та ишлаб чиқарувчи корхоналарга амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини тушунтирган ҳолда ёзма огоҳлантириш хатлари берилди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш оқибатлари ҳамда бундай ҳолатларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситаларида 20 дан ортиқ материаллар жойлаштирилди.

Юқоридаги ҳолатлар ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва ижрочилар томонидан истеъмолчилар соғлиги ва хавфсизлиги учун жавобгарлик тўлақонли ҳис қилинмаётганлигидан далолат беради. Ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларини тўғри режалаштириш ўрнига, маҳсулотлар яроқлилик муддатларини қалбакилаштириш ёки уларни қўймаслик каби ноқонуний йўллардан фойдаланилмоқда, тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши кузатилмоқда.

Жумладан,

Шу боис, истеъмолчиларни маҳсулотларни харид қилишда эътиборли бўлишини, ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо корхоналарини озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш (марикировкалаш) қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилинишини таъминлашни сўраб қоламиз.


Report Page