Ўзбекистон ва Озарбайжон диний идоралари ўртасида меморандум имзоланди 

Ўзбекистон ва Озарбайжон диний идоралари ўртасида меморандум имзоланди 

muslim.uz

Бугун, 19 октябрь куни Боку шаҳрига ташриф доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода билан учрашув ўтказдилар.


Самимий мулоқот чоғида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжуманда қатнашиш учун ташриф буюрганларига миннатдорчилик билдириб, у кишининг иштироки халқаро анжуман ишига янада файз киритишини қайд этди.


Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода жанобларига халқаро анжуманга таклиф этганларига ташаккур айтиб, унинг юқори даражада ўтишига ишонч билдирдилар. 


Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани, Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган Туркий халқлар заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар, мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлари, икки давлат диний идоралари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳар томонлама зарурлиги тўғрисида ўзаро фикр алмашилди. 


Мулоқотда томонлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандумга имзо чекдилар. 


Учрашув дўстон ва самимий руҳда ўтди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Report Page