“Ота-онанг, қариндош қаён кетди фикр қил”

Қабристон – инсонларнинг бу дунёдаги энг сўнгги манзили.
Шаҳар ҳокими М.Салиев, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, Мирзохид домла Худоёров, маҳалла раислари ва ёши улуғ оталар билан шаҳардаги қабристонлар холатини ўрганиб чиқишди.
Азизлар, ўтганларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш улуғ савобли амаллардандир. Зеро марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш – барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Қорақайли маҳалласидаги “Қорақайли қабристони” зиёрат қилинди, қабристонда Аждодлар хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, ўтганларимизнинг манзил-маконларини обод қилиш, озода сақлаш бўйича қорақайли аҳолиси томонидан мунтазам савобли ишлар ташкил қилинганини кўриш мумкин. Шаҳар ҳокими кенг жамоатчилик олдида Қорақайли аҳолисига ва Анорбой хожи Усмоновга ўз миннатдорчилигини билдирди.


Қабристон, аслини олганда, фақат Арафа, Ҳайит, Рамазон ёки бошқа байрамлар кунлари эмас, балки мунтазам эътиборда бўлиши лозим! Маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари ташаббус кўрсатиб, яқин ҳудудлардаги кабристонлар, қариндош-уруғларининг хилхоналарини тозалаб, обод этишга бош қўшишга, қабристонларни ободонлаштириш ишларига бел боғласак, айни муддао бўлар эди дейди шаҳар ҳокими.


Кейинги манзил “Атхам сахоба” қабристони бўлди.
Афсуски, қабристон қаровсиз ҳолда ётгани, баъзи қабрларнинг йиллаб тозаланмагани ҳам жуда ташвишланарли ҳолатлардир. Айрим қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Ислом динимизда вафот этганларга эҳтиром кўрсатиш, мусулмон киши тириклар тугул, маййитларга ҳам озор бермаслиги ҳақида кўп баён этилган. Барча ўтган аждодлар хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва қабристонларни ободонлаштириш – ҳам диний, ҳам дунёвий бурчимиздир!
Демак, қабристонларни обод қилиш, қабрлар атрофини тартибга келтириш ва мозорларни пайхон қилмаслик ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан эканини унутмаслигимиз зарур.


Ёши улуғ инсонларимиз вақти-вақти билан ўз фарзандлари, набиралари, эвараларини қабристонга олиб келиб, аждодлари ётган маконни зиёрат қилиши: «Бу ерда буванг, бу ерда бувинг, бу ерда тоғанг, бу ерда амакинг, бу ерда холанг, бу ерда амманг… ётибди», – деб тушунтириши, ўтганларнинг яхши ишларини эслаб, ёд этиши, қабристон атрофини тозалаб туришни ўргатиши, ушбу жойнинг муқаддас ва азиз эканлиги тўғрисида панд-насиҳатлар беришлари динимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам мақсадига мувофиқ бўлади.
Қабристон ва зиёратгоҳларни обод қилиш ва бу каби жойларни қадрлаш каби туйғуларни уларда шакллантиришга жойлардаги жамоат тадбирларида алоҳида эътибор қаратиш – ҳам замон-ҳам давр талаби, ҳам ҳаёт-ҳам шариат талабидир!
“Ота-онанг, қариндош қаён кетди фикр қил –
Тўрт оёқли чўпин от бир кун сенга етаро…”
(Аҳмад Яссавий)
Хулоса: инсон бу дунёдан ўтганидан кейин ҳам унинг руҳи абадий қолади. Биз ўтганларимиз ёди билан яшаймиз. Улар хотираси – ҳаммамиз учун улуғ қадрият! Келинглар, шу муқаддас қадрият ва хотира олдидаги бурчимизни теран англайлик!