Осиё хотин-қизлари форуми иштирокчиларига

Осиё хотин-қизлари форуми иштирокчиларига

Jizzaxnews

Ҳурматли Форум қатнашчилари! 

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, сиз азизларни – дунёнинг олис ва яқин минтақаларидан ташриф буюрган муҳтарам меҳмонларимизни Осиё хотин-қизлари форумининг очилиши муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Сизларни қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида қизғин қутлаш ҳамда ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни йўллашдан ғоят бахтиёрман.

Ушбу ташаббусимизни фаол қўллаб-қувватлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котиби жаноб Антониу Гутерришга, анжуманни биргаликда ташкил этиб, унда бевосита иштирок этаётган БМТ Бош котиби ўринбосари, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус хоним, БМТнинг Женевадаги бўлинмаси раҳбари Татьяна Валовая ва Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг жанобларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Бугунги форумда халқаро ташкилотлар ва Осиё мамлакатлари парламентлари раҳбарлари, сенатор ва депутатлар, ҳукуматлар аъзолари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, кўплаб ишбилармон ва олима аёллар қатнашаётганини катта мамнуният билан таъкидлашни истардим.

Сизларнинг саъй-ҳаракатингиз билан юртимизда илк бор ўтказилаётган халқаро анжуман хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги фаоллигини янада ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Бугунги кунда дунёда жадал ривожланиб бораётган Осиё қитъасининг барча мамлакатлари ва халқлари асрлар давомида ягона кенг маконда уйғун ва ҳамжиҳатликда ривожланиб, турли соҳаларда яқин ҳамкорлик алоқаларини олиб борганлар.

Буюк Ипак йўлининг савдо чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси минг йиллар мобайнида турли маданиятлар ва цивилизациялар тараққиёти учун қудратли куч бағишлаган, юксак умумбашарий қадриятларнинг улкан маънавий бешиги бўлган.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон Осиё қитъасининг ҳам барча мамлакатлари билан узоқ муддатли, кенг қамровли ва ўзаро манфаатли алоқаларни изчил чуқурлаштириб боришга устувор аҳамият қаратаётгани бежиз эмас, албатта.

Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи истиқомат қилаётган Осиё мамлакатлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ва таъсирини кескин ошириш борасида салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёллар жамиятимизнинг ажралмас бўғини бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари янги қабул қилинган Конституциямиз, “Тараққиёт стратегияси – 2030” ва Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегияси каби концептуал ҳужжатларда ўзининг тўлиқ ифодасини топган.

Сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Бугун ҳар бир маҳалламизда ҳам уларнинг ўз вакиллари бор.

Ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Салкам ярим миллион нафар сингилларимиз иш билан таъминланди. Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг ярмидан зиёдини қизлар ташкил этмоқда.

Бу борада олиб бораётган тизимли чора-тадбирларимиз халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилгани, очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.

Қадрли дўстлар!

Биз Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, раҳбарлик қобилиятини ва тадбиркорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқириш, уларга замонавий билим бериш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож аёлларнинг муаммоларини тизимли ҳал қилиш бўйича бошлаган катта ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз.

Зеро, бугунги тарихий ўзгаришларнинг фаол иштирокчиси бўлаётган муҳтарама аёлларимиз – ортга қайтмас тус олган демократик ислоҳотларимиз ва жадал тараққиётимизни амалга оширишда бунёдкор куч, биз қураётган адолатли ва тинчликсевар, кўпмиллатли ва фаровон мамлакатнинг мустаҳкам асосидир.

Ўйлайманки, сизлар ушбу форумни ҳар икки йилда ўтказиладиган анъанавий мулоқот майдонига айлантириш бўйича таклифимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайсиз.

Бугунги анжуман натижасида қабул қилинадиган Самарқанд декларацияси асосида келгусида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясининг қабул қилиниши барчамизнинг бу борадаги эзгу интилишларимизнинг ёрқин амалий ифодаси бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга яна бир бор сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, форум ишига улкан муваффақият тилаб қоламан.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти


Report Page