Она тилим
Buxoro.uzҲумо қанотида сеҳрли мактуб –
Кекса Нуҳ йўллаган ўғли Ёфасга.
Бир зот эҳтиром-ла кафтида тутиб,
Сайёҳ сўзларингни “солди қафасга” –
Устоз Қошғарийдан мерос “Девон”им,
Она тилим, онажоним.
Сен –“Ирқ битиги”дан келган башорат,
Бобо Афросиёб сўйлаган калом.
Кўзга суртар экан ҳарфинг, ишоранг,
Йўллуғ Тегин кўксин чулғаган илҳом.
Тўнюқуқ, Култегин, Билга хоқоним –
Она тилим, онажоним.
Яссавий бағридан таралган ҳикмат,
Не бахт, садо берди ҳар бир япроқда.
Гўё мудраб ётган туркона журъат
Порлади Алишер ёққан чироқда.
“Беш достон” аршидан боққан Туроним –
Она тилим, онажоним.
Уйғонди Югнакий тортган фиғонлар
Тинглаб дунё чеккан фарёд сасини.
Уруш оловини ёққан нодонлар
Тингласин Хос Ҳожиб таронасини.
Башар дардларига бўлган дармоним –
Она тилим, онажоним...
Хира тортмагайми қадимий излар,
Йилда бир бор сўраб қўйсам кўнглингни.
Эриб бораётир кафтимда сўзлар –
Кечир ташбеҳларга нўноқ ўғлингни.
Онам алласидан бунёд қўрғоним –
Она тилим, онажоним!
Шодмон Сулаймон