Олтинсойда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Олтинсойда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди



Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида Сув хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги каби мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва масъул
шахслари Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бўлиб, тумандаги боғзорлар, узумзорлар ҳамда фермерлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан бевосита танишиш, саноат корхоналарини кўздан кечириш, янги лойиҳаларни белгилаб бериш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Олтинсой туманида мева-узумчиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш бўйича икки ой ичида комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирига топшириқ берган эди.

Президент топшириғини бажариш юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш имкониятлари билан танишгандан кейин соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирокида мазкур масалага бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Қишлоқ хўжалиги вазири, ишчи гуруҳ раҳбари Ж.Ходжаев давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Сўзга чиққанлар Олтинсой туманида мева-узумчиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш чора-тадбирлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Report Page