#Олтинкўл

#Олтинкўл


Олтинкўл туманида 11 минг 179 гектар экин майдони бўлиб, жорий йилда ҳудуд бободеҳқонлари 5 минг 275 гектар майдонда пахтанинг «ЎзПИТИ», «Андижон-37» серҳосил навларини парвариш қилмоқдалар. Ҳозирда кўкка бўй чўзаётган ғўза ниҳоллари баравж ривожланмоқда. Тошкент давлат аграр университети олимлари вилоятимизда, шунингдек, Олтинкўл туманида туркиялик мутахассислардан бири доктор Муҳаммад Сеъдад билан ғўзани самарали озиқлантириш, томчилатиб суғориш, агротехника воситалари орқали тўғри ишлов бериш, зарарли организмларга қарши курашишнинг илғор ва инновацион усулларига асосланган ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, соҳани ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширмоқдалар.

Туманнинг Сайфиддан Ашуров массивидаги Музаффар Умаров раҳбарлик қилаётган «Ҳалимжон саховат нури» фермер хўжалигида ҳосилдорликни янада ошириш ва пахтачиликда тўпланган тажрибаларни оммалаштириш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мазкур фермер хўжалигида бўлиб, 35 гектарли пахта майдонидаги ғўзаларни баргларидан озиқлантириш, микробио ўғитлаш натижасида эришилаётган натижалар билан яқиндан танишди. Жараёнда вилоят раҳбари мутахассислар билан мулоқот ўтказиб, соҳада янги технологиялар, илмга асосланган инновацияларни кенг жорий қилиш, бу борада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш ҳосилдорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим жиҳатлардан эканлигини хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди. Йиғилганларга Андижон вилоятидаги 50 гектар майдонда тажриба-синов тариқасида қўлланилаётган биоген стимуляторларнинг экинларга таъсирини турли тупроқ-иқлим шароитларига мослашувчанлигини синаш ва натижаси юзасидан деҳқон, фермер ва кластерларга илмий асосланган тавсияларни бериш вазифаси юклатилди. Шунингдек, натижадорликни ошириш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.

Report Page