Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг ХV сессияси
Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг ХV сессияси бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев, вилоят Кенгаши депутати Ойбек Мирзаев, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ОАВ вакиллари ва шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар иштирок этган тадбирда бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (“темир дафтар”), тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш, хорижда меҳнат қилган, лекин ҳозир ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, эпидемиологик вазият ҳамда инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, умумтаълим мактабларида янги ўқув йилини бошлаш ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.
Сессия кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масалалар бўйича шаҳар ҳокими А.Эшонқулов ахборот берди. Қайд этилдики, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида барча тадбирлар амалга оширилди. 1244 та оилага “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида доимий ёрдам кўрсатилди. Жами 1273 та хонадонга 753,0 миллион сўмлик озиқ-овқат ва моддий ёрдам берилди.
Шу билан бирга, август-сентябрь ойларида ночор оилалардаги 132 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинади, 127 нафарига ўзини ўзи банд қилиш гувоҳномаси берилади. Қўшимча равишда август ойида 25 нафар, сентябр ойида 79 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
COVID-19 билан карантинга олинганлар сони бугунги кунда жами 159 нафар бўлиб, шундан 148 нафари тўлиқ тузалган, 10 нафари (5 нафари стационар, 5 нафари уй шароитида) даволанишда. Уй шароитида даволанаётганлар дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев сўзга чиқиб, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда умумтаълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш ва ўқув жараёнларини ташкил қилиш бўйича белгиланган вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди.
Шаҳар ҳалқ таълими бўлими мудири З .Деҳқонов 2020-2021 ўқув йилини анъанавий ёки онлайн тарзда бошлаш юзасидан 9 та умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари ўртасида сўровлар ташкил этилганлиги, 7618 нафар ўқувчининг 7480 нафар (98,2 фоиз) ота-онаси иштирок этганлиги тўғрисида маълумот берди.
Таъкидландики, мактаблар фаолиятини анъанавий шаклда сентябрь ойидан тиклашга 5379 нафар ота-она (71,9 фоиз) ижобий фикр билдирган бўлса, 2101 нафар ота-она (28,1 фоиз) ўқишни бошламаслик тарафдори эканлигини маълум қилишди. Мактабларда тиббий ниқоб тақиш ва антисептик воситалардан фойдаланишга барча ота-она рози бўлишди.
Тадбирда “Ohangaron hayoti-Жизнь Ахангарана” газетасининг маъмурий биноси ва молиявий аҳволи ҳамда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Сессияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.