Олот туманига аёл киши ҳоким бўлди

Олот туманига аёл киши ҳоким бўлди

Buxoro.uz

Бугун ўтказилган вилоят фаолларининг йиғилишида Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов маълум қилганидек, вилоятнинг Когон, Қоракўл ва Олот туманлари ҳокимлари тайинловлари амалга оширилди.

Хабарингиз бор, Когон туманига раҳбарлик қилиб келган Йўлдош Жумаев ҳозирда вилоят ҳокимининг ўринбосари-маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Эндиликда айни кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Муҳиддин Эсанов Когон тумани ҳокими вазифасида иш бошлади.

Қоракўл тумани собиқ ҳокими Ҳусниддин Ғойировнинг соғлиғи туфайли туман ҳокими лавозимидан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси қониқтирилган. Унинг ўрнига ҳозирда Олот тумани ҳокими бўлиб ишлаётган Шерали Саломов туман ҳокими лавозимига тайинланди.

Бу бугун куннинг иккинчи ярмида туманларда ўтказилган фаоллар йиғилишларида расман эълон қилинди. Йиғилишларда Ўзбекистон Президентининг давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев, Президент Администрацияси масъул ходимлари ва вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов иштирок этди.

Куннинг муҳим воқеаси Халқ депутатлари Олот туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида содир бўлди. Унга кўра, туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаган Наргиза Неъматова эндиликда туман ҳокими вазифасини бажаради.

Бухоро шаҳрига ким ҳоким сифатида тайинланиши ҳозирча номаълум.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати  

Report Page