Олот туманидаги “NUR-BUKHARA SOLAR PROJEKT” қуёш электр станциясига пресс-тур ташкил этилди

Олот туманидаги “NUR-BUKHARA SOLAR PROJEKT” қуёш электр станциясига пресс-тур ташкил этилди


Аввал хабар берганимиздек, бугун, 16 август куни “Masdar” компанияси (БАА) томонидан Олот туманида қуввати 250 МВт бўлган куёш электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар дастлаб мажмуа ҳудудида ҳаракатланган вақтда амал қилиши керак бўлган техника-хавфсизлик қоидалари билан таништирилди.

Маълумот учун, лойиҳа қиймати 270 млн доллар бўлиб, 2025 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ишга тушириш режалаштирилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 638 млн кВт/соатни ташкил қилади.

Мазкур лойиҳа ишга тушиши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфи йилига 270 млн. куб метрга тежалади. Бундан ташқари, 300 минг хонадон қўшимча электр энергияси билан таъминланиб, карбонат ангидрид чиқиндилари йилига 250 минг.тоннага камаяди.

Энергетика вазирлиги ҳамда инвестор ўртасида инвестиция шартномаси ва электроэнергияни сотиб олиш бўйича келишув имзоланган бўлиб, пудратчи ташкилот сифатида “Jackson Green” (Хиндистон)  компанияси танланган.

Ҳозирда лойиҳани социологик ва экологик ўрганишлар олиб борилмокда ва ишчи хизматчилар учун офис биноси, ётоқхона, ошхона хизмат кўрсатиш бинолари қурилган. Бундан ташқари, лойиҳа амалга оширилиши белгиланган ер майдонини панжара билан ўраш ишлари ва обьектларга олиб борувчи йўллари қурилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Қирлишон ҳудудидан ажратилган 649 гектар ер майдонида амалга оширилаётган қурилиш ишлари, маъмурият жойлашган бинолар, ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Лойиҳанинг бугунги кундаги аҳамияти ва келгусидаги натижадорлиги тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерларга маълумотлар берилди.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш, электр энергиясини ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа пресс-тур иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page