Олот туманида Хотира хиёбони ва “Мотамсаро Она” ҳайкали очилди

Олот туманида Хотира хиёбони ва “Мотамсаро Она” ҳайкали очилди

Buxoro.uz

"Ватан ҳимоячилари куни" ва республикамиз Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги тантана қилинаётган шу кунларда Олот туманида аждодлар руҳига ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида хотира хиёбони барпо қилинди. Унинг марказида "Мотамсаро она" ҳайкали бунёд этилди. Қолаверса, Иккинчи жаҳон урушида мардларча ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган олотлик 1605 нафар аскарнинг исм-шарифи битилган Хотира китоби лавҳаларига тартиб берилди. Мажмуанинг очилиш маросимида туман мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, меҳнат фахрийлари, қурувчилар, жамоатчилик, ҳарбий қисм шахсий таркиби иштирок этди.

-"Хотира хиёбони" шарқона меъморчилик анъаналари услубида қурилган сўлим ва осойишта маскандир, -деди туман ҳокими Шерали Саломов йиғилганларни янги мажмуа билан қутлар экан. -Ҳаммамиз учун ҳам азиз ва қадрли зот - Она сиймоси улуғланган монумент эса аждодлар руҳига чуқур ҳурмат-эҳтиром баробарида Ватан хизматига камарбасталик рамзи ҳам.

Бу асар таниқли рассом-ҳайкалтарош Илҳом Жабборов томонидан яратилган. Унинг пойида ўтган тадбирда шунингдек, туман "Нуронийлар" жамғармаси раиси С.Оққиев, меҳнат фахрийси К.Қаюмов ва бошқалар сўз олиб, муаззам маскан ёшлар учун ҳам маънавият ва аждодлар ибрати ўчоғи бўлиши лозимлигини, уларда ватанпарварлик ва ота-боболаримиз шон-шуҳрати билан фахрланиш туйғуларини қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Шундан сўнг ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар жамоалари Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Тадбир иштирокчилари, нуронийлар ҳамда меҳнат фахрийлари, Афғон уруши фахрийлари, ҳарбийлар учун “Хўжақул ота” тўйхонасида дастурхон ёзилиб, ош дамланди. Байрамона безатилганг дастурхон атрофида самимий суҳбат, куй-қўшиқ янгради. Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ходимларига туман ҳокимлиги эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 

Report Page