Олмазор туманида ўзини симёғочдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган аёл қутқариб қолинди

Олмазор туманида ўзини симёғочдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган аёл қутқариб қолинди

Ozodlik
Аввалроқ ижтимоий тармоқда бу аёл ўзини ўлдирмоқчи бўлаётгани тўғрисидаги видео тарқалиб кетган эди.

Тошкент ички ишлар ходимлари 6 август куни юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси маълум қилди.

“Олмазор туманида хизмат олиб борган профилактика инспекторлари А. Каримов ва З. Жабборбергановлар ҳамда патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари Кичик халқа йўли кўчасида юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолишди. Аёл атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган",-дейилади хабарда.

Ички ишлар ходимлари шу атрофда бўлган Сергели тумани 8-сон ёнғин-қутқариш қисми мутахассиси Шерзодбек Нурмуҳамедов ёрдамида аёлни пастга туширишган.

Аёл Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказилган. Аёлнинг шахси аниқланганида у Фарғона вилоятилик 36 ёшли Д.У. , бўлиб чиқди. У вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида яшаб келган. Ҳозирги вақтда психолог аёл билан иш олиб бормоқда.

Хабарда аёл нега ўзини ўлдирмоқчи бўлгани сабаблари маълум қилинмаган. Аввалда бу аёл ўзини ўлдирмоқчи бўлгани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган эди.


Report Page