Олмалиқда замонавий вирусология лабораторияси очилади

Олмалиқда замонавий вирусология лабораторияси очилади

ОКМК Ахборот хизмати

 Бугунги мураккаб пандемия шароити тезкорликда коронавирус инфекциясини аниқлаш ва зарур чора-тадбирларни ўз вақтида кўллашни тақозо этмоқда. Айнан шу мақсадда ОКМК АЖ раҳбарияти ташаббуси билан комбинат тасарруфидаги“Олмалиқметаллургқурилиш” трести меҳнат жамоаси томонидан Олмалиқ шаҳар санитар осойишталик эпидемиологик маркази қошида замонавий стационар вирусология лабораторияси барпо этилмоқда. Трест бош муҳандиси Акмал Абдуқодировнинг маълумот беришича, комбинат раҳбарияти топшириғи асосида 2020 йил 15 июль куни қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Қурилиш ишлари 3 сменада ташкил этилган бўлиб, қурилиш ишлари асосан трест ишчи-ходимлари томонидан олиб борилмоқда.

 Лаборатория лойиҳаси Республика Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги билан келишилган ҳолда комбинатнинг Лойиҳа ишлари бошқармаси томонидан тайёрланди.


Ҳажми 12х12 метр бўлган мазкур бинода 12та хона мавжуд бўлиб, айни кунларда таъмир ишларининг деярли 90%и бажарилган. Бино вентиляцион тизими комбинат Ихтисослаштирилган таъмир ишлари бошқармаси томонидан буткул янгиланган. Бино хоналарига ўрнатилган замонавий пластик эшик ва ромлар эса комбинат Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси томонидан тайёрланган. Канализация, иссиқ ва совуқ сув тизимлари, электр қисмлари ишлари, ободонлаштириш ишлари якунига етказилган. Том қисмига ҳам замонавий қоплама ётқизилди. Айни дамларда бинода плиткаларни ўрнатиш ва ташқи фасад ишлари амалга оширилмоқда. Комбинат томонидан лаборатория жиҳозланиб, ПЗР аппарати ҳам олиб берилади.

Замонавий стационар вирусология лабораторияси ушбу ҳафта фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.

Лаборатория ишга тушиши билан олмалиқликлар коронавирус инфекцияси бўйича топширилган таҳлил намуналари хулосасини 24 соатда олиш имконига эга бўлишади.

ОКМК Ахборот хизмати



Report Page