Олис Сентоблик ёш тадбиркорлар

Олис Сентоблик ёш тадбиркорлар


Нурота тумани прокуратура секторига қарашли “Амир Темур”, “Қизилча”, “Темирқовуқ”, “Каттасой”, “Сентоб” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар муаммоларини ҳал этишга ҳамда уларни тадбиркорликка йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Биргина туманнинг олис ҳудудларидан бири бўлган “Сентоб” маҳалла фуқаролар йиғинига борар экансиз, сўлим тоғ ёнбағирларида замон билан ҳамнафаси, ғайратли, шижоатли ёшларнинг борлигини кўриб қувонасан, киши. 

Ана шундай ёшлардан бири “Оби Чашма” оилавий-корхонаси раҳбари Носир Давроновдир. Қаҳрамонимиз ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида сўлим Сентоб кенгликларида миллий урф-одатлар, қадриятлар акс этган меҳмонхона ташкил этди. 

– Офтоб нурлари меҳридарё халқимиздек беминнат, тупроғи олтинга тенг, манзараси ҳар бир дилга қувонч, завқу шавқ бағишлагувчи она диёримизнинг бу сержилолигини дунёга намоён этиш мақсадида, айнан, тадбиркорлигимни туризм соҳасига боғладим. Нафақат, Ўзбекистон халқи балки бутун дунё сайёҳларини ўзига мафтун айлаган маконда бу соҳанинг ривож топиши, айни ҳақиқат, – дейди ёш тадбиркор. Барча хоналаримиз меҳмонлар учун шинам жиҳозланган. Уларнинг дам олишлари учун барча қулайликлар мавжуд. Мана ўн йилдирки, тўрт фаслга мўлжалланган туристик меҳмонхонамиз, ўзининг доимий сайёҳларига эга. Талаб ва таклифларнинг ниҳоятда кўплиги сабаб, келгусида янада кўпроқ чет эллик меҳмонларни қабул қилиш мақсадида, бу меҳмонхонани кенгайтирмоқчимиз. Ва бу билан туризм соҳасига муносиб ҳисса қўшиб, юртимга беминнат хизмат қиламан. 

Дарҳақиқат, ҳали 23 ёш бўлишига қарамай бу каби мақсадни кенг олган тадбиркор ёшларимизни кўриб, келажак ишончли қўлларда эканлигига амин бўламиз.

Бундан ташқари бу ҳудудда ўзининг тадбиркорлигини бошқа йўналишда давом эттираётган ёшлар талайгина. Айниқса, бугунги кунда жойларда хотин-қизлар бандлиги етакчи ўрин эгаллайди. Чунки аёл тадбиркор бўлса, у нафақат оиласи учун, балки жамият учун ҳам ўзининг кўпроқ меҳнатини сафарбар этади. Ана шундай ёш тадбиркор Феруза Бобокалонова ҳам Сентоб аҳли учун ўзининг фидойилигини кўрсатиб келмоқда. 

– Дастлаб, тадбиркорлик фаолиятимни паррандачилик билан бошладим. Ва 80 та товуқ олиб, уни кўпайтирмоқдаман. Ниятим, бу фаолиятимни кенгайтириб, қишлоғимиз аёлларини иш билан таъминламоқчиман, – дейди тадбиркор. 

Халқ дастурхонининг тўкин-сочин бўлишида, дарҳақиқат, тадбиркорларнинг беминнат хизматлари сабабдир. Бу каби ёш тадбиркорлар бор экан, хотин-қизлар бандлиги таъминланиши шак-шубҳасиздир.


Report Page