Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ички аудит ва молиявий назорат хизматининг тўққиз ойлик фаолияти

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ички аудит ва молиявий назорат хизматининг тўққиз ойлик фаолияти

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида бугунги кунда фаолият юритаётган муассасалар сони жами 553 тани ташкил этади. Шундан, 60 та олий таълим муассасалари, 40 та академик лицейлар, 30 та турли йўналишлардаги (қайта тайёрлаш, малака ошириш) марказлар ва илмий-тадқиқот институтлари, 339 та касб-ҳунар мактаблари ҳамда 84 та техникумлардир.

Вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси ҳамда тизимидаги ички аудит хизматлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида 507 та муассасасида, жумладан 56 та олий таълим ҳамда 408 та касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасасида молиявий назорат тартибидаги профилактик тадбирлар ўтказилди.

Ўтказилган молиявий назорат ва профилактика тадбирлари натижасида 245 та таълим муассасасида жами 13 млрд. 605,3 млн. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб:

5 млрд. 493,2 млн. сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг олди олинди;

4 млрд. 979,3 млн. сўмлик қисми профилактик тадбирлар жараёнида ундирилиб тикланди.

996,2 млн. сўмлик қисми (ортиқча тўланган иш ҳақи ва бошқа ҳисоб-китоблар) кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилди. Шунингдек, 2 та олий таълим ҳамда 8 та касбий таълим муассасаларида аниқланган 2 млрд. 136,6 млн. сўмлик хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.

Ушбу аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг:

8 млрд. 035,5 млн. сўм ёки 59,1 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда стипендия тўловлари бўйича;

1 млрд. 111,7 млн. сўм ёки 8,2 фоизи товар-моддий қийматликларнинг камомади ва ноўрин ҳисобдан чиқарилиши бўйича;

128,0 млн сўм ёки 0,9 фоизи таъмирлаш ишлари учун ортиқча қилинган харажатлар бўйича;

267,1 млн. сўм ёки 2 фоизи ижара тўлови ва бюджетга ўтказилиши лозим бўлган тўловлар бўйича;

4 млрд. 62,9 млн. сўми ёки 29,9 фоизи эса бошқа турдаги харажат турлари ҳиссасига тўғри келади.

Молиявий камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг

33 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилиб, 21 нафари лавозимидан озод этилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган хато-камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, қуйидаги сабабларга кўра юзага келганлиги маълум бўлди:

иш ҳақи, стипендияларни ҳисоблашда, турли таъминотчи (товар, иш, хизматларни етказиб берувчи) ташкилотлар билан боғлиқ ҳисоб-китобларда, шунингдек, товар-моддий қийматликларни балансга кирим қилишда ёки ҳисобдан чиқаришда тегишли маълумотларни УзАСБО дастурига нотўғри киритилиши;

штатлар жадвали ва харажатлар сметасини режалаштиришдан олдин муассасанинг йил бошидаги тегишли кўрсаткич ва маълумотларни инвентаризация қилмасдан эски маълумотлардан фойдаланиш, шунингдек, масъул молиявий-хўжалик бўлинмалар бошлиқларининг масъулиятсизлиги;

айрим таълим муассасаларининг бош ҳисобчилари, бош аудиторлари, ҳисобчи ва иқтисодчилари етарли даражада билим ва малакага эга эмасликлари;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлашни билмаслик ёки белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилмаслик;

биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи ташкилот раҳбарида бўлсада, молиявий ҳужжатларни тушунмасдан имзолаш ёки молиявий масалалардан ўзини четга олиш ҳолатлари;

ташкилотлардаги товар-моддий қийматликларни қайта саноқдан ўтказиш комиссиялари ҳамда ҳисобдан чиқариш комиссияларининг ўз ишига совуққонлик билан ёндашиши натижасида камомадларга йўл қўйилиши каби салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Кейинги фаолиятда юқоридаги каби камчиликларнинг олдини олиш мақсадида, жумладан, муассасаларда аниқланаётган молиявий камчиликлар юзасидан Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда кенгайтирилган йиғилиш ва вебинарлар ташкил этилиб, батафсил маълумот ва тушунчалар бериб борилмоқда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбарлари ва молия-иқтисод ишлари бўйича проректорларига УзАСБО дастуридан фойдаланиш бўйича керакли умумий тушунчаларга эга бўлишлари талаби қўйилди. Улар учун тегишли мутахассислар билан амалий семинарлар ўтказиш ва УзАСБО дастуридан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумот ва тушунча бериб бориш йўлга қўйилди.


Report Page