Олий таълим жараёнларини рақамлаштириш

Олий таълим жараёнларини рақамлаштириш

Расмий хабарлар

АОКАда Олий таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда олий таълим соҳасида рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

 

Олий таълим жараёнларини рақамлаштириш: Рақамли университет лойиҳаси

Таълим жараёнига олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида Рақамли университет лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS - Higher Education Management Information Systems) ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларини бошқариш модулларини ўз ичига олади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб мазку тизимни босқичма-босқич олий таълим муассасаларида жорий этиш орқали:

“Ўқув жараёни” модулида гуруҳ журнали, дарс жадвали, имтиҳонлар жадваллари, талабанинг рейтинг дафтарчаси, ўзлаштириш қайдномалари, давомат ҳисоботлари, диплом ва академик маълумотномалар рақамлаштирилади;

“Маъмурий жараёни” модулида олий таълим муассасаси структураси, талабалар контингенти ва уларнинг ҳаракати, профессор-ўқитувчилар таркиби тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда ҳисоботларни тайёрлаш рақамлаштирилади;

“Илмий жараён” модулида профессор-ўқитувчиларнинг илмий лойиҳалари, мақолалари ва илмий-услубий нашрлари, илмий изланувчилар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ўқитувчилар ва кафедраларнинг илмий рейтингини баҳолаш масалалари рақамлаштирилади;

“Молиявий жараён” модулида талабаларнинг QR-кодли тўлов шартномаларини шакллантириш, талабаларга электрон кўринишда тақдим этиш, шартнома тўловлари мониторингини юритиш, талабаларга стипендия белгилаш тўғрисидаги маълумотлар тизим орқали амалга оширилади. Молия вазирлигининг “ЎзАСБО” ахборот тизими билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Ахборот тизимининг “Ўқув жараёни” модули 2020/2021 ўқув йилида кредит-модуль тизимига ўтказилган 50 та давлат ОТМда жорий этилди. Шунингдек, “Маъмурий жараён” модули республика бўйича барча ОТМда жорий этилди ҳамда 30 402 нафар ўқитувчилар ва 656 502 нафар талабалар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча давлат ОТМда талабалар ўқув варақаси, гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари ҳамда айланма варақалари рақамлаштирилади.

Ўн мингта талабаси мавжуд ОТМда қоғоз кўринишида юритиладиган ҳужжатлар бекор қилиниши ҳисобига бир ўқув йилида ўртача 90 млн. сўмгача бўлган маблағ иқтисод қилинади.

Ахборот тизими ОТМнинг миллий рейтинги онлайн ҳисоботларини шакллантириш орқали уларнинг фаолиятини онлайн режимда таҳлил қилиб бориш имкониятини беради.

Олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари талаба ва ўқувчиларининг ягона маълумотлар базаси Молия вазирлигининг “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”, Меҳнат вазирлигининг “Ёшлар дафтари”, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Геоахборот тизими, Халқ таълим вазирлигининг “attestat.edu.uz” тизими, Электрон ҳукуматнинг ягона идоралараро тармоғи билан интеграция қилинди.

Ахборот тизимининг бошқа давлат идоралари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва электрон ҳукумат идоралараро платформаси билан интеграция қилиниши орқали талабаларга давлат хизматларини кўрсатишда давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бериладиган турли нафақалар тайинланишида ўқиш жойидан маълумотнома сўраш амалиёти бекор қилинди ҳамда талабалар тўғрисидаги турли статистик маълумотларни таҳлил қилиш имконини берди.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабаларнинг QR-кодли тўлов-шартномаларини шакллантириш имконияти яратилди. Бу қуйидаги қулайликларни яратади:

1.  Марказий банк ва Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QR-кодли тўлов-шартномаларини ўзаро тан олиши келишилганлиги натижасида талабалар ва уларнинг ота-оналари 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилган имтиёзли таълим кредитларини республиканинг исталган ҳудудидаги белгиланган тижорат банкларидан олиш учун мурожаат қилиши мумкин;

2.  ОТМда тақдим этилган тўлов-шартнома тўловлари мониторинги юритилади;

3.  Талабалар ўзларининг профиллари орқали тўлов-шартномалари учун буюртма бериш, уларни онлайн кўринишда олади ва тўловлар мониторингини олиб боради;

4.  Талабаларга тўлов-шартномаларини қоғоз кўринишида ОТМдан бориб олиш билан боғлиқ маъмурий тўсиқлар (навбатда туриш, транспорт харажатлари) учун сарфланадиган вақт ва харажатлар иқтисод қилинади.

Онлайн қабул тизимлари

Давлат ОТМнинг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш учун magistr.edu.uz, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун transfer.edu.uz, иккинчи мутахассисликка ҳужжат топшириш учун ikkinchitalim.edu.uz академик лицейларга ҳамда профессионал таълим муассасаларига ўқиш кириш учун litsey.edu.uz, kasb.edu.uz, kollej.edu.uz, texnikum.edu.uz ҳужжатларни онлайн топшириш платформалари ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

2021/2022 ўқув йили қабулида давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш учун 80 мингга яқин, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун 60 миннга яқин ҳамда академик лицейларга ўқишга кириш учун 45 мингга яқин, касб-ҳунар мактабларига ўқишга кириш учун 103 мингдан ортиқ аризалар қабул қилинди.

Ушбу ахборот тизимларини жорий этиш орқали қоғоз сарф-харажатлари, маош, транспорт, ташкилий ишлар ҳамда маълумотлар рақамлаштирилганлиги натижасида таълим муассасаларининг 27 млрд. сўм (900 дан ортиқ таълим муассасаси ўртача 30 миллион сўмдан харажат) миқдоридаги маблағлари иқтисод қилинади.

Диплом маълумотларини рақамлаштириш

Олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларига QR-код (штрих-кодлар) ёрдамида онлайн аутентификация қилиш имкониятига эга бўлган диплом ва сертификатлар бериш ахборот тизимлари жорий этилди.

Ушбу ахборот тизимлари орқали олий таълим муассасалари битирувчиларига (бакалавр, магистратура) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ҳамда профессионал таълим муассасалари битирувчиларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб индивидуал

QR-кодли дипломлар (сертификатлар) берилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб битирувчиларнинг ишга жойлашишларида таълим муассасаларини тугатганлик тўғрисидаги диплом маълумотларини ўзаро идоралараро электрон ҳамкорлик тизимлари орқали тақдим этиш йўли билан уларни қоғоз кўринишида тақдим этиш амалиётини бекор қилиш белгиланган.

Шу билан бир қаторда, дипломларнинг сохталаштирилишини олдини олиш, уларнинг ҳақиқийлигини аниқлашнинг автоматлаштирилган механизмлари жорий этилди.

Олий таълим муассасаларини тамомлаганлик тўғрисидаги 1,1 млн. дан ортиқ бакалавр ва магистр диплом маълумотлар ягона электрон базаси шакллантирилди.

Ушбу маълумотлар базаси “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинди.

Таълим олганлик тўғрисидаги дипломларга индивидуал QR-код қўйиш орқали “Ўқишни тугатганлик тўғрисидаги диплом маълумотномаси (олий, ўрта махсус, профессионал)”, “Таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш” каби давлат хизматларини ишга тушириш режалаштирилган.

Рақамлаштириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида

EMIS – Профессионал таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими

Олий таълим сингари профессионал таълим тизимини рақамлаштиришда қўйиладиган энг катта қадамлардан бири бу профессионал таълим тизимидаги барча жараёнларни ўз ичига олган ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишдир.

Бунда барча касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларнинг таълим жараёнлари рақамлаштирилади. Ҳозирги кунда барча профессионал таълим муассасалари гуруҳлар кесимида талабалар базаси, уларнинг диплом ва касб сертификатлари, билим соҳалари, таълим соҳалари, йўналишлари, квалификациялари классификаторлари, фанлар рўйхати, ўқув режалари каби маълумотлар рақамлаштирилмоқда.

2021/2022 ўқув йили якунига қадар бошқарув, ўқув, амалиёт ва хўжалик фаолиятлари босқичма-босқич рақамлаштирилиши режалаштирилган.

Рақамли кутубхона тизими

Ҳозирги кунда деярли барча олий таълим муассасаларининг ўз ахборот-кутубхона тизимлари мавжуд. Аммо уларнинг барчаси ягона бир тизимга умумлашмаган, тарқоқ ҳолатда. 2021/2022 ўқув йили давомида вазирлик томонидан Ягона рақамли кутубхона тизими ишлаб чиқилиши белгиланган. Барча олий таълим муассасаларининг ахборот ресурс марказларида мавжуд барча ўқув ва илмий адабиётларни рақамлаштириш, электрон, аудиокитоблар яратиш орқали тизимни бойитиш режалаштирилмоқда.

Рақамли кутубхона тизимида электрон шаклдаги китобларни ОТМ, муаллифлар, фанлар, жанрлар ва бошқа рукнлар кесимида жойлаштириш ва уларни юклаб олиш имконияти мавжуд бўлади. Шунингдек, бу тизим талабаларга ўз олий таълим муассасасида мавжуд бўлмаган китобларни қайси ОТМда мавжудлигини кўриш ва ушбу китобни буюртма қилиш имкониятини беради.

Кейинчалик Рақамли кутубхона тизимини халқаро илмий кутубхона тизимларига интеграция қилиш режалаштирилган.

Табақалаштирилган контракт тўлови тизими

2021/2022 ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари ёки ижодий(касбий) имтиҳонларда иштирок этган ва натижаларига кўра талабаликка тавсия этилмаган бироқ табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун онлайн шаклда ариза қолдириш ҳамда тўлов шартномани онлайн қабул қилиш имконини берувчи marketing.edu.uz ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Ахборот тизимининг жорий этилиши абитуриентлар учун вақт ва маблағ сарфининг қисқаришига ҳамда олий таълим муассасаларида дуч келиши мумкин бўлган турли маъмурий тўсиқларнинг олиб ташланишига олиб келади. Олий таълим муассасаларига тақдим этилган аризалар ва талабгорлар статистикасини юритиш ҳамда уларни назорат қилиш имкониятини беради.

Ахборот тизими Давлат тест маркази базаси билан интеграция қилинади ва абитуриентлар тўплаган бали бўйича контракт миқдори автомат шакллантирилиши ҳисобига табақалаштирилган тўлов шартнома миқдорини белгилаш билан боғлиқ коррупциявий ҳолатларнинг олди олинади.

2021/2022 ўқув йилида ишга туширилиши режалаштирилган давлат хизматлари

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳам янги ўқув йилида қуйидаги давлат хизматларини ишга тушириш режалаштирилган. Булар:

·    олий таълим муассасаларининг магистратурасига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун онлайн ариза бериш;

·    ўқишни кўчириш ва тиклаш учун онлайн ариза топшириш;

·    техникум ва коллежларга кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун онлайн ариза бериш;

·    олий ва профессионал таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги архив маълумотнома бериш;

·    ўқиш жойидан маълумотнома олиш (ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари);

·    табақалаштирилган тўлов-контракт шартномасини олиш учун сўров юбориш.

 


Report Page