Олий таълим тизимида масофавий таълим шакли жорий этилади

Олий таълим тизимида масофавий таълим шакли жорий этилади

Расмий хабарлар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан маълумот.

Давлат дастурида вазирлик 7 та вазифани бажариш бўйича асосий, 23 та банд бўйича эса ҳамижрочи этиб белгиланган. Булар 4 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шундан 2 та Президент қарори, 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, шунингдек, 1 та мақсадли дастур, 2 та амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишдир.

Бандма банд санаб ўтадиган бўлсак:

Давлат дастурининг 83.4-бандида Наманган муҳандислик-технология институти негизида Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Наманган тўқимачилик саноати институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Давлат дастурининг 86.4-бандида Электротехника соҳасига кадрлар етказиб беришнинг янгича тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Мазкур топшириқ ижроси бўйича ҳар йили соҳада фаолият юритаётган 20 тадан мутахассисни халқаро таълим дастурлари орқали ўқишини тизимли ташкил этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Давлат дастурининг 213-бандида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш, бунда босқичма-босқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Бу борада “Олий таълим тизимида масофавий таълим шаклини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Давлат дастурининг 214-бандида қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлашни соддалаштириш, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатини кенгайтириш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу топшириқ бўйича Президентнинг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги 279-сон қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланиши белгиланди.

Шунингдек, 2022 йил 11 майдаги 240-сон қарор иловаси билан тасдиқланган “Коррупцияга мойил бўлган муносабатларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурининг 5-бандида: 

олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун берилган имтиёзларни хатловдан ўтказиб, қайта кўриб чиққан ҳолда ягона ҳужжатда уларнинг қатъий рўйхатини шакллантириш ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоидани белгилаш киритилди. Бунда ўқишга кириш учун имтиёзлар беришнинг шаффоф тизими ишлаб чиқилади.

Давлат дастурининг 215-бандида Олий таълим муассасаларини QS ва THE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастурни ишлаб чиқиш белгиланган.

2022 йил 8 июн куни “Олий таълим муассасаларини QS ва THE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарор тасдиқланди.

Давлат дастурининг 216-бандида жорий йилда 18800 ўринли 47 та талабалар турар жойларини барпо этиш белгиланган.

Бугунги кунга қадар 28 та умумий қуввати 13 700 ўринли лойиҳа устида иш олиб борилди. Шундан 2 та 900 ўринли лойиҳа фойдаланишга топшириш жараёнида, 11 та 4800 ўринли лойиҳа давлат реестрига олинган, 6 та 3000 ўринли лойиҳа битими расмийлаштириш босқичида,

9 та 5000 ўринли лойиҳа 45 кунлик эълонга жойлаштирилган.

Давлат дастурининг 217-бандида Наманган вилоятида Ибрат ижод мактаби негизида Чет тиллари институтини ташкил этиш белгиланган.

Президентнинг 2022 йил 9 июндаги 275-сон қарори билан Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти фаолияти ташкил этилди.

Бундан ташқари, 23 та банд бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилинмоқда.



Report Page