Олий маълумотли ҳарбий бўлиш истагидаги ёшлар қайси олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари мумкин?

Олий маълумотли ҳарбий бўлиш истагидаги ёшлар қайси олий таълим муассасаларида таҳсил олишлари мумкин?

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу савол юзасидан батафсил маълумот берилди.

Замонавий шароитларда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш вазифаси ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизими олдига янгидан-янги талабларни қўймоқда. Ҳозирги кунда Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан анча такомиллашган. Ўтган йилларга таққослаганда тузилмаларнинг ҳаракатчанлиги, жанговар қобилияти, ҳарбий хизматчининг ўқув-машғулот меъёри, жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотлари интенсивлиги, қўшинлар тайёргарлик даражаси бир неча баробар ошган.

Шунинг учун мамлакатимизда ҳар томонлама кучли тайёргарликка, юксак интеллектуал салоҳиятга, замонавий фикрлаш ҳамда дунёқарашга эга, давлатимиз манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга тайёр бўлган, ҳар томонлама камол топган, жисмонан соғлом ва маънан етук ҳарбий кадрларни тайёрлаш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.

Мудофаа вазирлиги тасарруфида Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, ЎР олий ҳарбий авиация билим юрти, ЎР МВ Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, ЎР ҚК Ҳарбий тиббиёт академияси, ЎР ҚК Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази, ЎР МВ “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи мавжуд.

Шунингдек, Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун сафарбарлик резервларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш жараёнини оптималлаштириш ҳамда резерв ва захира офицерларни тегишли ҳарбий-ҳисоб ихтисосликлари бўйича сифатли тайёрлаш учун Мудофаа вазирлиги тасарруфида 4 та, жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳарбий таълим факультети, Бухоро давлат университети ҳарбий таълим факультети, Фарғона давлат университети ҳарбий таълим факультети каби ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари фаолият юритмоқда.

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш борасида аниқ, изчил ва кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, тайёрланаётган ҳарбий кадрларни ҳар томонлама етук, юқори билим ва кўникмаларга эга бўлган, дунёқараши ва фикрлаш доираси кенг мутахассисларни тайёрлаш учун Мудофаа вазирлигида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими принципиал жиҳатдан мутлақо янги асосга ўтказилди.

Ҳарбий кадрлар, биринчи навбатда, чуқур билимга эга бўлган ва замонавий фикрлайдиган, интеллектуал етук офицерларни тайёрлаш Қуролли Кучлар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги қарори билан амалга киритилган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ амалга оширилмоқда. Унга кўра, танлов босқичлари соддалаштирилган бўлиб, бюрократия ва инсон омилининг аралашувига чек қўйилган ва очиқлик сиёсатига асосланган.

Танлов тадбирлари ўқишга киргунга қадар йил давомида ўтказиладиган ҳарбий-профессионал йўналтириш билан бошланади. Мазкур жараёнда ўқувчи-ёшларнинг фахрийлар, ҳарбий қисм ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг вакиллари билан учрашувлари ва давра суҳбатлари ўтказилади. Бунда уларга офицер касби, ўқишга кириш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилади.

Дастлабки саралаб олиш тадбирлари икки босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқич 1 февралдан 31 мартгача – фуқаро ёшлар учун мудофаа ишлари бўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун хизматни ўташ жойида зарур ҳужжатларни тўплаш амалга оширилади;

б) иккинчи босқич 10 апрелдан 31 майгача (график асосида) – фуқаро ёшлар учун мудофаа ишлари бошқармаларида, ҳарбий хизматчилар учун Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва тиббий муассасаларида ўтказилади. Унда қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

индивидуал-психологик ўрганиш (профотбор, ёзма шаклда);

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш (турникда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш);

якуний тиббий кўрикдан ўтиш тадбирлари.

Танлов босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар тест синовларига киритилади. Тест синовлари июль-август ойларида номзодлар танлаган ҳудудларда ўтказилади (номзодлар МИБ томонидан графикка мувофиқ чақиртирилади).

Тест топшириш фанлари:

1-блок – (мажбурий фанлар – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи) ҳар бирида 10 тадан савол. Ҳар бир тўғри жавобга 1.1 балл берилади.

2-блок – (таълим йўналишига мос фанлар – математика, физика) ҳар биридан

30 тадан савол. Ҳар бир тўғри жавобга мос равишда 3.1 ва 2.1 балл берилади.

 Ана шу йўналишда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби ва давлат тест синовларини топшириш жараёни” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. 



Report Page