Олий Мажлис Сенати МЧЖларнинг облигация чиқаришини маъқуллади

Олий Мажлис Сенати МЧЖларнинг облигация чиқаришини маъқуллади

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати

Облигацияларнинг чиқарилиш жараёни сезиларли даражада соддалаштирилди ва масъулияти чекланган жамиятларга ташқи молиялаштиришни жалб қилиш учун янги имкониятлар берилди, эндиликда МЧЖлар чиқарган корпоратив облигациялар анъанавий банк кредити муқобили бўла олади.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди, унда сенаторлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, шулар қаторида амалдаги қонунчиликдаги корпоратив облигациялар чиқаришни чекловчи нормалардан воз кечиш ва маъсулияти чекланган жамиятларга облигация чиқаришига рухсат беришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича Қонун лойиҳаси маъқулланди.

“Бугун Сенат Aгентлик томонидан қарийб бир йил олдин ташаббус кўрсатилган, айрим чекловларни бекор қилиш ва маъсулияти чекланган жамитяларга корпоратив облигациялар чиқаришга имкон беришни ҳамда мазкур жараённи тартибга солишни соддалаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади”, - дейди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров.

Ҳозирги вақтга қадар корпоратив облигацияларни фақат акциядорлик жамиятлари ва тижорат банклари чиқариши мумкин эди. Шу билан бирга, облигациялар чиқаришда эмитентга қўйилган қонуний талаблар уни молия жалб қилишда ҳатто кўпгина акциядорлик жамиятлари учун ҳам кераксиз воситага айлантириб қўйган.

Мисол учун, бугунги кунгача “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда акциядорлик жамиятлари облигацияларни фақат ўз устав капитали ҳажми доирасида ва уч йиллик ижобий молиявий фаолияти ва рейтинги мавжуд бўлган тақдирдагина чиқара олиши ҳамда облигациялар умумий қиймати компаниянинг уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги капитал миқдоридан ошмаслиги каби чекловлар белгиланган эди.

Мазкур чекловлар сўнгги йилларда муомаладаги корпоратив облигациялар сони ва ҳажмининг кескин камайишига сабаб бўлди. Хусусан, 2010-2018 йиллар давомида муомаладаги корпоратив облигациялар сони 41 тадан 17 тагача, уларнинг ҳажми 512 млрд дан 198 млрд сўмгача камайди, бу эса чиқарилган акциялар миқдорининг атиги 0,2% ни ташкил этади.

Ҳозирги кунда, мамлакатимизда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритадиган масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўринишидаги 148 мингдан ортиқ корхона мавжуд. Аксарият акционерлик жамиятларига қараганда кўпроқ инвестиция жалб қилишга қодир ушбу корхоналарнинг барчасида ўз бизнесини молиялаштиришга банк кредитидан бошқа муқобил вариант йўқ. Корпоратив облигациялар эса МЧЖлар учун шундай муқобил йўлга айланиши мумкин.

“МЧЖ шаклидаги ташкилотларига қарз маблағларини жалб қилиш учун янги имкониятлар бериш бўйича қонунчиликка ўзгартииш киритишни ҳам профессионал ҳамжамият, ҳам потенциал эмитентлар интиқлик билан кутмоқда, бу мавзу 10 йилдан бери қизғин муҳокама қилиниб келинади. Бу хусусий лойиҳаларни молиялаштириш манбалари рўйхатини кенгайтиришга, шунингдек, мамлакатда корпоратив қарзлар бозорини жонлантиришга ёрдам бериб, аҳоли ва компанияларнинг вақтинча бўш турган маблағларини жалб қилиш ва жамғармаларнинг бир қисмини хорижий валютадан миллий валютага ўтказишни осонлаштиришга кўмаклашади”, - деб изоҳлайди Avesta Investment Group инвестиция компанияси ҳамкори Карен Срапионов.

Шу муносабат билан, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутувчи Қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланди:

1. Масъулияти чекланган жамиятларга (МЧЖ) ташқи аудиторлик, молиявий ҳисобот, маълумотларнинг ошкор этилиши ва акциядорлик жамиятлари учун талаб қилинадиган бошқа талаблар қўйилган ҳолда облигациялар чиқаришга рухсат бериш.

2. Чиқарилаётган облигациялар ҳажмини компаниянинг устав капитали доирасида белгилаш, уларни чиқаришда гаров талаб қилиниши, уч йиллик ижобий молиявий ҳисобот ва рейтингларга эга бўлиш талабларини олиб ташлаш.

3. Талабларнинг мавжуд тенденцияларга тез мослашиши ва ўларга ўз вақтида ўзгартириш ва тўлдиришлар киритиб бориш мақсадида корпоратив облигациялар чиқариш шартларини ва талабларни белгилаш ваколатини Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига (Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги) бериш.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилашга, республика иқтисодиётига аҳоли ва инвесторлар бўш маблағларининг кенг ва фаол жалб қилинишига хизмат қилади ва шу билан реал сектор корхоналарининг давлат кафолати ва банк кредитларига боғлиқлигини камайтиради (банк секторига юк камаяди), шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки камаяди.

Report Page