Ойбек адабиёти

Ойбек адабиёти

Абдулла Орипов

ОЙБЕК АБАДИЁТИ


Бундан роппа-роса юз йил муқаддам қадим Тошкентнинг Говкуш маҳалласида йўқсилгина оилада қоракўз бир фарзанд дунёга келди. Бу ўғлоннинг исмини Мусо деб атадилар. Унинг номаи аъмолида ўз халқининг улуғ сиймоси бўлиш каби қутлуғ саодат битилган эди. Шунингдек, бу инсоннинг пешонасига ўз халқи сафида туриб изтиробу шўришлар азобини чекиш ҳам ёзилган эди. Ва ниҳоят, бу зотнинг алал-абад тақдири абадият билан чулғониб кетган эди. 

Ана шу қисмат эгаси аср бошларида илк шеърларини Ойбек тахаллуси билан эълон қилди ва бу латиф тахаллус унга умр бўии ҳамроҳ бўлиб қолди.

Шоир, адиб, мутафаккир олим Ойбек сиймосига, агар бир қамров билан назар ташлайдиган бўлса, биз унинг зуваласида илоҳий шеърият жилваларини, тарихнавис адибнинг зийрак ва синчков назарини, олим сифатида ниҳоятда теранлик, холисликни кўрамиз. Инсон сифатида эса бу зот ҳақида ўйлаганимизда одам болалари шаклу шамойилини фақат хаёлларда орзу қиладиган беғубор ва покдомон фаришта сийратини кўрамиз.

Хўш энди, буюк Ойбекнинг ижод йўлига боқиб даставвал нималарни илғаб олишимиз мумкин? Авваламбор, у шоир эди. Шоир бўлганда ҳам шеъриятнинг асосий фазилати бўлмиш руҳ ва руҳиятни байроқ қилиб олган шоир эди. Унинг ижоди, поэзиядаги изланишлари янги шеърий шакллар билан зийнатланган, тумтароқликдан мутлоқ узоқ, қуюқ ва гўзал ташбеҳларга йўғрилган эди. Бу шеъриятнинг сарчашмасида Ойбек бир умр ардоқлаган ва ҳимоя қилган беназир Чўлпон турар эди.

Ўзбек шеъриятининг кўксини гўзал нишон қадар безашга арзигулик «Наъматак» сингари баркамол шеърлар Ойбек назмининг абадул-абад гултожи бўлиб қолди. Ойбек шоир сифатида наинки ўз аждодларимиз, ёхуд миллий замондошларимиз, балки жаҳон шеърияти нозикликларидан баҳраманд бўлди: Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини таржима ҳам қилди. Дунё адабиёти классиклари сафига Ойбекнинг ўзи ҳам ўзбек классиги сифатида кириб кела бошлади.

Миллий насримизнинг бетакрор намояндаси Абдулла Қодирий ижоди, унинг беқиёс романлари Ойбекка фахру ифтихор бағишлади.

Жаҳон адабиётида ҳар бир адабий-бадиий жанрнинг асрлар мобайнида синовдан ўтган белгилари бўлади. Чунончи ҳикоядан қиссанинг фарқи бўлгани сингари. Шу маънода Ойбекнинг илк романи «Қутлуғ қон» ўз архитектоникасига кўра жаҳон романчилиги мезонларига тўла-тўкис жавоб берувчи асар бўлиб дунёга келди. Ҳеч шубҳасиз, бу бизнинг романимиз — ўзбек романи эди. Яъни ушбу улкан асарда халқимизнинг ўтган аср бошларидаги турмуш тарзи, анъаналари, фикр-мулоҳазалари, орзу-армонлари, хуллас, миллий қиёфаси акс этди. Гўзал ва бой она тилимиз бу роман саҳифаларида яна бир бор тантана қилди.

Кўриниб турибдики, Ойбек миллий адабиётимизни жаҳон адабиёти анъаналарига тўла равишда боғлай олди. Худди шу юксак маҳорат муаллифнинг «Навоий» тарихий романида яна бир юксак поғонага кўтарилди. Навоий бобомиз-ку халқимизнинг миллий ўзлигини таъмин этган сиймо. Бобомиз ҳақидаги ушбу роман Ойбекнинг ўзини ҳам буюк адиблар силсиласига олиб чикди.

Романга, Ойбекка отилган тошларни биз Навоийнинг ўзига ҳам отилган тошлар деб ҳисоблаймиз. Ўтган асрнинг беомон мафкураси Ойбекни ҳам четлаб ўтган эмас.

Ойбек Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис бўлиб ишлаган йиллари ўша жойнинг фарроши марҳума Лена деган кампирнинг бизга ҳикоя қилишича, адиб даҳшатли сиқувлар, пинҳона кузатувлар гирдобида яшаган. Ойбек ишни тугатиб уйга кетгандан сўнг, алламаҳалда уюшмага махсус одамлар келишиб Ойбек хонасида у йиртиб ташлаан турли-туман қоғоз қийқимларини саватдан олиб, бир-бирига улаб чиқишаркан. Шу парча қоғозларда нималар ёзилгани билан муттасил қизиқиб келишган.

Ҳасадгўй, торкўнгилли кимсаларнинг ношудлигидан усталик билан фойдаланган ўша давр сиёсати Ойбекни тилдан қолдирди. Бироқ Ойбек таҳқирларга қарамай, машаққат билан бўлса-да, ижод қилишда давом этди. Ана шу ўринда биз адибимизнинг севикли рафиқаси, толмас кўмакчиси, олима, зиёли инсон Зарифа опа Саидносированинг номларини улуғ миннатдорллик билан эсга оламиз.

Агар Ойбек ижодига бошдан-оёқ теран разм солсак, унда қуйидаги туйғулар етакчилик қилганини кўрамиз: халқ ва унинг армонлари, ҳеч кимдан кам бўлмаган ўтмишимизнинг буюк салоҳияти ва шавкатидан ифтихор ҳамда озодлик шабодаларига интиқлик!

Ватанимиз, халқимиз истиқлолга эришди. Демак, Ойбек ҳам ўз орзуларига эришди. Биз бу улуғ зотни бошимизга кўтариб турибмиз. Ойбек домланинг ўзлари ҳам унутилмас сафдошлари қаторида муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ҳурмат ва эҳтиромларига сазовор бўлдилар. «Буюк хизматлари учун» ордени билан такдирландилар. Пойтахтимизда Ойбек уй-музейи фаолият кўрсатмоқда, метро бекати ишлаб турибди, китоблари эса муттасил нашр қилинаётир, жаҳон тилларига таржималари амалга ошмоқда. Адиб номи билан аталган ўқув даргоҳларида янги даврнинг ёш Ойбеклари етишиб чиқмоқда.

Кўпчилик дўстларим қатори мен ҳам бу улуғ устоз билан учрашганимдан, суҳбатлашганимдан, меҳридан баҳраманд бўлганимдан чексиз ифтихор қиламан. У киши менинг Ёзувчилар уюшмасига киришимга тавсия ҳам берган эдилар.

Биз бугун устоз Ойбек таваллудининг 100 йиллигини нишонлаб турибмиз. Ҳеч бир шубҳа йўқки, ҳали бундай юз йилликлардан неча-нечаси нишонланажак.

Бу дунёи қадимда Ойбек каби бағри кенг, покдомон, самимий инсон кам учрайди. Демак, Ойбек домла ҳам улуғ ижоди, ҳам пок шахсияти билан инсоният учун доимо ибрат намунаси бўлиб қолажак!

                           2005 йил 27 май


t.me/abdullaorifijodi

Report Page