Оилавий ажралишларнинг омиллари ва оқибатларини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари

Оилавий ажралишларнинг омиллари ва оқибатларини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари

Расмий хабарлар

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда республикамиз бўйича 28 233 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Бу кўрсаткич 2015 йилга нисбатан 4,8 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 10,1 фоизга камайган.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича 19,4 минг та ажрим ҳолатлари кузатилган.

Республикада оилавий ажралишларни қуйидаги омиллар билан изоҳлаш мумкин.

Ўтган йили, яъни 2020 йил, пандемия сабабли ФҲДЁ ва суд органлари орқали ажралишлар сони кам қайд этилган. Бунга сабаб эса, 2020 йилда ажралиш учун ариза берган фуқароларнинг ҳужжатларини 2020 йилнинг якунида (ноябр-декабр, карантин чоралари юмшатилганидан сўнг) ва жорий 2021 йил январ-июн ойларида кўриб чиқилганлиги.

Ажрашиш учун берилган аризаларининг 3-6 ой давомида кўриб чиқиш белгиланган. 2020 йилнинг 2-ярмида карантин чораларининг енгиллаштирилганлиги туфайли, ушбу даврда аҳоли томонидан ажрашишга берилган аризалар ва бу бўйича ажрим қарорлари 2021 йилнинг 1-ярмида кўриб чиқилган.

Тошкент шаҳрида 2020 йил давомида судга, ФХДЁ органларига ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияларига жами 1654 та ажрашиш бўйича ариза берилган бўлиб, бу оилаларнинг 1114 таси яраштирилган, 540 та оила ажрашиш қарори ижроси 2021 йилга кўчган. 2021 йилнинг январь-июнь ойларида эса оилавий ажримлар бўйича жами 1879 та ариза келиб тушган бўлиб, бу оилаларнинг 1291 таси яраштирилган. Оилавий ажрим аризаларининг 2019 йилда 56,4 фоизи (1771 та аризадан 998 таси яраштирилди), 2020 йилда 67,3 фоизи (1654 та аризадан 1114 таси яраштирилди) ва 2021 йилда 68,7 фоизи (1879 та аризадан 1291 таси яраштирилди) ижобий ҳал этилиб, оилалар яраштирилган. Ажрим бўйича тушган аризаларнинг энг кўп улуши 2021 йилда (68,7 фоиз) ижобий ҳал этилган.     

Демак, хулоса қилиш мумкинки, 2021 йилда оилавий ажрим бўйича судларда ва ФҲДЁ органларида кўриб чиқилган ишларнинг салмоқли қисми пандемия туфайли 2020 йилда кўриб чиқилиши ортга сурилган мурожаатлар асосида кўрилган ишлардир. 

Республикамизда 2021 йил январь-июнь ойларида никоҳдан ажралиш ҳолатлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 51,5 фоизга ортган. Бироқ, ушбу мутлоқ кўрсаткичнинг ўсиши реал ҳолатни баҳоламайди.

Биринчидан:

Никоҳдан ажрашганлар мутлоқ сонининг ортиши ажримлар сонининг реал ўсишини баҳоламайди. Умумий ажралишлар сонидаги реал ўсишни баҳолашда умумий никоҳ кўрсаткичи ўсишини инобатга олиш зарур.

Хусусан, республикамизда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида 75,5 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2021 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич (57,5 фоизга ошиб), 118,9 мингтани ташкил этган. Таҳлил этилаётган даврда ажримлар сонининг ўсиши (51,5 фоиз) тузилган никоҳлар сонининг ўсиш (57,5 фоиз) кўрсаткичидан паст қийматга эга.

Иккинчидан:

Халқаро амалиётда ажримлар динамикасини реал баҳолашда никоҳнинг мустаҳкамлик (ҳар 100 та тузилган никоҳга тўғри келадиган ажримлар сони) коэффициентидан фойдаланилади.

Хусусан, республикамиз 2021 йил январь-июнь ойларида ҳар 100 та тузилган никоҳга тўғри келадиган ажримлар сони 16,3 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг январь-июнь ойларида 16,9 тага тенг бўлган. Таҳлил этилаётган даврда ҳар 100 та тузилган никоҳга тўғри келадиган ажримлар сони кўрсаткичи ошмаган, аксинча камайган (16,9 тадан 16,3 тага).

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, республикамизда ажримларнинг реал ўсиши кузатилмаган. Аксинча никоҳнинг мустаҳкамлик коэффициенти ижобий томонга силжиган.

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий ажралишларнинг омиллари, оқибатларини ўрганиш ва уларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Тошкент вилоятларида охирги 5 йил давомида ўз оиласидан ажрашган 400 дан ортиқ шахслар билан сўров ўтказилди.

Сўров натижаларига кўра, оилавий ажралишларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари эр ва хотин ўртасида доимий маиший-психологик даражадаги келишмовчиликлар\ўзаро меҳрнинг йўқлиги (30,2%), эр\хотиннинг оила аъзоларининг оиланинг турмушига доимий аралашуви\улар билан келишмовчилик (21,2%), оилавий хиёнат (17,1%) ҳисобланади.

Деярли ҳар бешинчи оила эр\хотиннинг оила аъзоларининг уларнинг турмушига доимий аралашуви\улар билан келишмовчилик туфайли бузилиб кетиши оилавий ажралишлар фақат оиланинг ўзига боғлиқ муаммо эмаслигини кўрсатади.  

17 фоиздан ортиқ оилаларнинг бузилиб кетишига оилавий ҳиёнатнинг сабаб бўлаётгани ўзбек оилалари учун албатта даҳшатли ҳолат. Ачинарли томони икки йил аввал ўтказилган тадқиқот билан таққослаганда ушбу сабабнинг улуши деярли 2 баробар ошган.

Ажралишларнинг сабаблари орасида оилада аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, уларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ сабаблар сақланиб қолаётган бўлсада, бироқ, ушбу масалада диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, ушбу сабабларнинг, хусусан, аёлга нисбатан куч ишлатилиши, аёлнинг оилада мутлақ ҳуқуқсизлиги, аёлга ўқиш ёки ишлашни таъқиқланиши каби сабабларнинг улуши олдинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижалари билан солиштирганда пасайган. Бу, шубҳасиз ҳукумат томонидан охирги йилларда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларнинг самараси билан боғлиқ.

Сўровда иштирок этган ажрашган шахсларнинг ярмидан кўпроғи (51,5%) оилани сақлаб қолишнинг имкони бор эди деб ҳисоблайдилар.

Респондентларнинг энг кўп қисми (45,3%) «агар турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари оиламизга аралашаверишмаганида оилани сақлаб қолиш мумкин бўларди» деган жавобни танлаганлар. Салмоғи бўйича кейинги ўринни эгаллаган сабаб ҳам муайян даражада оила аъзоларининг бирга яшаши билан боғлиқ, хусусан, 25,6% респондентлар агар алоҳида яшаш имкони бўлганда оила бузилиб кетмаслиги мумкин эди қабилида жавоб берганлар. Бу масала айниқса аёллар учун муҳим: ушбу жавобни танлаган аёлларнинг улуши салкам 30 фоизни ташкил этган.

10,3% респондентлар оиланинг иқтисодий аҳволини ўнглай олишганида ажралиш юз бермаслигини мумкинлигини таъкидлаганлар. Бундан ташқари 12% аёллар турмуш ўртоғи ишга кириши ҳам шундай омил бўлиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирганлар.

Респондентларнинг атига 0,9 фоизи “ажралишнинг ҳеч қандай ёмон оқибати бўлмади, ажрашганимдан хурсандман” дея жавоб берган. Эътиборли жиҳати эркаклар бу жавобни умуман танламаганлар, яъни эркак орасида ажрашганлигидан мамнун бўлганлар учрамайди. 

“Сиз учун оилавий ажримнинг энг оғир оқибатлари қайсилар бўлди?” деган саволга респондентларнинг 64,3 фоизи “Фарзандим отасиз\онасиз ўсишга мажбур” деб жавоб берганлар. Сўров иштирокчиларининг 35,2 фоизи мазкур саволга “Саломатлигим ёмонлашди\асаб касалига учрадим” деган жавобни танлаган бўлиб, эркакларнинг 20 фоизи, аёлларнинг эса 40,1 фоизи шу жавобни берганлар.

Респондентларнинг 10,4 фоизи фарзандларининг тез жаҳли чиқадиган, агрессив бўлиб қолганини, 7,3 фоизи фарзандлари камгап, одамови бўлиб қолганини таъкидлаган бўлсалар, 8,5% респондентлар болалари доим отасини соғинишини, 4,1 фоизи фарзандларининг уйқуси бузилиб, иштаҳаси ёмонлашганини маълум қилган бўлсалар, яна 3,8 фоизи болаларининг мактабдаги ўқиши пасайиб кетганини айтганлар. 

Сўров натижалари ажрашган аёллар кўпроқ ижтимоий ёрдам, моддий ҳолатини яхшилашга хизмат қиладиган шароитларга ҳамда турар-жойга эга бўлишда кўмакка муҳтож эканликларини кўрсатди. Бундан ташқари аёллар алиментни ундиришда ёрдам кўрсатилиши зарурлиги, шахсларга руҳий ва ҳуқуқий маслаҳатларга зарурлигини таъкидлашган.

Сўров натижалари аёллар собиқ турмуш ўртоғидан алимент ундириш борасида кўплаб муаммоларга тўқнаш келишини кўрсатди. Атиги 46% респондент аёллар собиқ турмуш ўртоғи томонидан алиментлар ўз вақтида тўланишини маълум қилганлар. Ҳудудлар кесимида таҳлил таҳлил алиментларни ўз вақтида тўлаб бориш даражаси бошқа вилоятларга қараганда Тошкенти вилоятида (66,7%) яхшироқ йўлга қўйилганини кўрсатади.

Умуман сўров давомида 44 фоиздан ортиқ аёллар ўзларининг алиментлар билан боғлиқ ҳуқуқларини тўлиқ билмасликларини таъкидлаганлар.

Афсуски, алиментни ундириш мақсадида турли ташкилотларга мурожаат қилган аёлларнинг 59,2% бу мурожаатидан амалий натижа бўлмаганини билдирганлар. Ушбу ҳолат алиментларни ундириш бўйича механизмларнинг мукаммал эмаслигидан ҳамда ушбу мурожаатларнинг мониторинги зарур даражада юритилмаслигидан далолат беради.

Тадқиқот давомида айрим аёллар собиқ турмуш ўртоқларига фарзандлари билан кўришиш имкониятини чеклаб қўйишлари ҳолатлари, шунингдек фарзандлардан эркакни жазолаш ёки ундан қўшимча маблағ ундириш учун восита сифатида фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб туришини кўрсатди. Фарзандларини кўриш имконияти чекланганини билдирган эркакларнинг салмоғи 36% эканлиги ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

 “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Ўзбекистон Республикасида Оила институтини янада мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди;

-       «Бахтиёр оила» веб-портали ишга туширилди, унда оила институтини мустаҳкамлашга оид маълумотлар ва тарғибот материаллари, соғлом авлодни тарбиялаш, оилаларнинг демографик хулқ-атворига хос хизматлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилди;

-   фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар учун манзилли ўқув курсларининг онлайн платформасини яратилди;

-   ҳудудий маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлинмаларининг 82 нафар ходимлари, 200 нафар маҳалла раиси ва ўринбосарлари, 37 нафар амалиётчи психологлар учун ўқишлар ташкил этилди;

-   оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича 5 та услубий қўлланма ва 2 та рисола, шу жумладан “Янги Ўзбекистоннинг фаровон оиласи” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги илмий оммабоп рисол чоп этилди. Шунингдек ажрим ёқасидаги оилалар билан индивудал ишлаш механизмлари такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

 


Report Page