Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Республика бўйича жами 4 587 нафар хотин-қизларга ОЎЮга кириш учун тавсиянома берилди

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Республика бўйича жами 4 587 нафар хотин-қизларга ОЎЮга кириш учун тавсиянома берилди


Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Қўмита ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг олий таълимга қамраб олиниш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.   Аёллар учун имтиёзли кредитлар, махсус квоталар ажратилди, магистратурада ўқийдиган қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши йўлга қўйилди. 

Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган,  шунингдек, эҳтиёжманд оилалардан бўлган хотин-қизлар учун алоҳида қабул квоталари доирасида олий таълим олиш имкониятлари яратилган бўлиб, мазкур имтиёзлардан фойдаланиш учун талабгорлар оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлишлари талаб этилади. Тавсиянома бериш билан боғлиқ жараёнлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”  2022 йил 9 июндаги 322-сонли қарорига мувофиқ,

мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган, ўрта махсус ёки профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 4 777 нафар талабгор хотин-қизлар тавсиянома олиш учун мурожаатлари xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали қабул қилинди.

Туман (шаҳар)лар ишчи гуруҳлари томонидан аризалар Низом талаблари асосида ўрганилди, натижалар бўйича ишчи гуруҳларнинг ва туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимларининг тегишли қарорлари расмийлаштирилиб, электрон шаклда Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилди.

Қўмита раисининг тегишли буйруғи билан Республика бўйича жами 4 587 нафар хотин-қизларга тавсиянома берилди, 190 нафар талабгорга тавсиянома бериш рад этилди.

Энг кўп тавсиянома Фарғона (566 та), Тошкент вилояти (447 та), Қашқадарё (405 та), Тошкент шаҳри (376 та), Андижон (371 та), Самарқанд (358 та) вилоятларига берилди.

Туманлар кесимида энг кўп Фарғона шаҳри (75 та), Навоий шаҳри (66 та), Нукус шаҳри (58 та), Олмалиқ шаҳри (47 та) Олмазор тумани (47 та), Қува (44 та), Андижон шаҳри (46 та), Қарши тумани (45 та), Поп (45 та), Самарқанд шаҳри (44 та), М.Улуғбек (44 та), Янгиҳаёт (44 та), Қибрай (44 та), Беруний тумани (43 та), Кармана (43 та), Юнусобод (43 та), Гулистон тумани (42 та), Сергели (42 та), Гулистон шаҳри (41 та) да тавсиянома берилди.

Йўналишлар кесимида тавсияномалар энг кўп Бошланғич таълим, даволаш иши, мактабгача таълим, бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишлари бўйича берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 йил 23 июндаги 402-сонли қарорига мувофиқ,

Эҳтиёжманд оилалардан бўлган 36 853  нафар талабгор хотин-қизлардан аризалар xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали қабул қилинди.

Энг кўп аризалар Қашқадарё (4 368 та), Фарғона (3 982 та), Самарқанд (3 876 та), Қорақалпоғистон Республикаси (3 876 та) ҳиссасига тўғри келди.

Барча туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан аризалар Низом талаблари асосида кўриб чиқилиб, хулосалар берилди.

Шунингдек, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан талабгор хотин-қизларга тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида буйруқлари расмийлаштирилди.

Қўмита раисининг тегишли буйруғи билан Республика бўйича жами 18 481 нафар (50,1 %) хотин-қизларга тавсиянома берилди, 18 372 нафар (49,9%) талабгорга тавсиянома бериш рад этилди.

Шундан энг кўп тавсиянома Фарғона (2 120 та), Самарқанд (2 014 та), Қашқадарё (1 848 та), Қорақалпоғистон Республикаси (1 623 та), Андижон (1 592 та) вилоятларида берилди.

Туман (шаҳар)лар кесимида энг кўп Қўшработ (270 та), Қува (262 та), Риштон (259 та), Ургут (255 та) Поп (239 та), Амударё (236 та), Қамаши (213 та), Ғузор (213 та), Жалақудуқ (212 та), Шеробод (212 та), туманларида тавсиянома берилди.

Қўмитанинг ҳар икки тавсияномани бериш ҳақидаги ҳужжатлари xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали электрон шаклда туман (шаҳар) ишчи гуруҳларига ва оила ва хотин-қизлар бўлимларига талабгорларни хабардор қилиш учун тақдим этилди.

Шунингдек, талабгорларнинг мобил телефон рақамига тавсиянома беришга тавсия этилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилди.

Айни вақтда ҳар икки тавсиянома олиш учун ариза берган хотин-қизлар xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали ҳам ўзларида тавсиянома бор ёки йўқлигини текшириш имкониятига эга.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган хотин-қизлар тавсияномалари ҳужжат топшириш жараёнида кўринмаётганлиги тўғрисида мурожаатлар бўлмоқда. Шу ўринда тавсияномага эга хотин қизларга хавотирга ўрин йўқлигини, қўмита томонидан берилган тавсияномалар xotin-qizlar.uz электрон платформасида мавжудлиги, платформа маълумотлари маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказига кўчирилганлиги боис, интеграция жараёнларида тегишли IP манзилларда ўзгариш юзага келганлиги, мазкур техник масалалар бартараф этилганидан сўнг, берилган тавсияномалар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тегишли платформасига интеграция қилинишини маълум қиламиз. 


Report Page