“Оила” маркази ходимларидан 60 нафари вилоят, туман/шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайландилар

“Оила” маркази ходимларидан 60 нафари вилоят, туман/шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайландилар

@Oilamarkazi

“Конституциямизга мувофиқ, фуқаролар давлат ва жамият ишларида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайловда ўзига маъқул бўлган номзод ёки бирон-бир партия илгари сураётган дастур учун овоз бериш, уларни қўллаб-қувватлаш вакиллик демократиясининг яққол кўринишидир”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан

Юртимизда оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида давлат томонидан кучли муҳофаза қилиш ҳамда мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган марказда бугунги кунда 14 та ҳудудий ва 201 та туман (шаҳар) бўлимларида жами 428 нафар ходим фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар жамиятимизда замонавий намунали оилалар сафини кенгайтириш, бу йўлда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларини оилани мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, мамлакатимизда фақат соғлом оила соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдириш каби мақсадлар йўлида фаолият олиб бориб, амалдаги қонунчиликда ҳам ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этмоқдалар.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаси - Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман/шаҳар кенгашларига сайловлар натижалари бўйича “Оила” маркази ходимларидан 60 нафари вилоят, туман/шаҳар кенгаши депутат бўлиб сайландилар. Унга кўра, вилоят бошқармаси раҳбарларидан 7 нафари, туман раҳбарларидан 5 нафари, 1 нафар махсус ўқув курси раҳбари Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати этиб сайланган бўлсалар, “Оила” маркази вилоят бошқармаси раҳбарининг 1 нафари Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати, “Оила” маркази туман/шаҳар бўлими раҳбарларидан 44 нафари Халқ депутатлари туман/шаҳар кенгаши депутати этиб сайландилар. Шулардан 58 нафари аёллардир.

Ижтимоий соҳа вакиллари ҳисобланган “Оила” маркази ходимларининг халқ билан бевосита дардкаш бўлиб, маълум маънода уларнинг муаммоларига бефарқ бўлмагани ва улар ишончини қозона олганликлари ўз самарасини берди. Шу билан бирга халқ ишончи улар олдида турган улкан масъулият ва жавобгарлик ҳиссини янада ортиши ҳамда фаровон ва мустаҳкам оилалар сафини янада кенгайтиришларида пойдевор бўлиб хизмат қилади деб ҳисоблаймиз. Зеро, улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг қуйидаги ибратомуз ҳикматлари бунга яққол мисолдир. “Болани баркамол қилиб вояга етказиш учун унинг тарбиясига фақат оилагина жавобгар бўлмасдан, бутун қавм аъзолари жавобгардирлар, чунки ёшлар ҳар томонлама етук инсон бўлиб тарбияланса, қавмнинг келгуси тараққиётида катта аҳамиятга эга бўлади”.


Telegram | Facebook | Instagram | www.oilamarkazi.uz

Report Page