Охиратингиз обод бўлсин!

Охиратингиз обод бўлсин!

Buxoro.uz

Умр – инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Шукурки, кўплаб инсонлар ҳаётда тўғри йўл танлаб, умри давомида инсонлар нафи тегиб, жамият ва юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида тиним билмайдилар, шижоати ва ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги ва инсонпарварлиги билан ибрат намунасига айланадилар. 

Қалби ана шундай инсоний ҳисларга тўла, туманимизнинг фидойи фарзанди Салоҳиддинов Акбар Бахшиллоевични шафқатсиз ўлим бугун орамиздан олиб кетди. 

Ҳаёти давомида жуда кўп инсонлар қалбидан чуқур жой эгаллашга улгурган Акбар Бахшиллоевич қайси лавозимда ишламасин, муаммоларни ечиш ва фаолиятни янада самарали бўлишида етакчилиги, атрофдагиларга нисбатан самимийлиги, ҳар қандай вазиятда ҳамкасблари ва шогирдларини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги халқ орасида обрў-эътибор ва ҳурмат қозонишига замин бўлди.  

А.Салоҳиддинов 1966 йил 21 апрелда Ромитан туманида туғилган. 

Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтига ўқишга кирди. Меҳнат фаолиятини Ромитан тумани ИИБ ЖТСБ ходими сифатида бошлаб, шу соҳада турли вазифаларда ишлади. Жонкуярлиги ва меҳнатсеварлиги сабаб юқори лавозимларга тайинланди. Ромитан, кейинчалик Ғиждувон тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи, Газли шаҳар милиция бўлинмаси бошлиғи, 2007-2010 йилларда эса Газли шаҳар ҳокими лавозимларида ишлади. 

2017 йилдан ҳаётининг охирига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ромитан туманидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимида самарали фаолият кўрсатди. 

Жуда кўпчилик учун қадрли инсон бўлган Акбар Салоҳиддинов 54 ёшда бу дунёни эрта тарк этди.

Салоҳиддинов Акбар Бахшиллоевичнинг оилда аъзолари ва барча яқинларига шундай мусибатли кунда Яратгандан сабр-матонат тилаб, ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Жойингиз жаннатда бўлсин, Аллоҳ раҳматига олсин.

Ромитан туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page