Огоҳлик ва ҳушёрлик – давр талаби

Огоҳлик ва ҳушёрлик – давр талаби

Buxoro.uz


Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади. Ҳозирги кунда ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски, бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда. Барчамизга маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

Айниқса, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бугун, 21 декабрь кунида Ғиждувон туманида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир айни шу жиҳатдан аҳамиятли бўлди. 

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Эркин Мажидов, вилоят бош имом хатиби ўринбосари Отабек Авезов, вилоят давлат хавфсизлик бошқармаси масъул ходимлари ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.

Бу борадаги устувор вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам келтириб ўтилганлиги айтилди.

Чиндан ҳам Мурожаатномада жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўйилмаслиги, бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб бориши зарурлигига уруғу қаратилган. 

Тадбирда қайд этилганидек, бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Бундай жараёнда инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлаши зарур.

— Диний экстремизм жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш, ўз ғояларини муросасизлик ҳамда зўрлик билан тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас, — деди вилоят бош имом хатиби ўринбосари Отабек Авезов йиғилганларни ҳушёрликка даъват этиб. — Терроризм эса муайян сиёсий мақсадларда жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима уйғотиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитишдир. Мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшабгина бундай таҳдидлардан ўзимизни мустаҳкам ҳимоя қилишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади.

Бунда, аввало, мустақил фикр ва мустаҳкам иродага эга шахс­ни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини қарор топтириш ўта муҳимдир. Айнан шунга кўра, шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, турли таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбияни изчил давом эттириш асосий вазифалар сирасига киради.

Тадбирда йиғилганлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан диний соҳа вакилларидан етарли жавобларга эга бўлдилар. Бу каби маърифий тадбирлар корхона ва ташкилотларда, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ҳам ташкил этилиши режлаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page