Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи билан «Бахтиёр оила» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи билан «Бахтиёр оила» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 11 июнь куни Москва муҳандислик-физика институтининг Тошкентдаги филиалида Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи иштирокида «Бахтиёр оила» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг бир қатор ходималари ва ММФИ ТФнинг талаба ва ўқитувчилари иштирок этдилар.

Оила муқаддас, уни бахт ва покиза туйғулар устунида барпо этиш эса бугунги кунда жамиятда ҳар бир инсонинг вазифаси бўлиб қолмоқда. 

Суҳбат айнан ҳозирда кўпчилик оилаларда катта муаммолар ва ўз ечимини топиши қийин бўлган саволлар ҳусусида борди. 

"Жамиятда бунёд бўлаётган ҳар бир ёш оила бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли, муҳаббат, чин инсоний ҳислатлар ва тугал тарбия фақат ва фақат соғлом муҳит бўлган оиладагина шаклланади. Бунинг учун муслима аёлларимиз ва қизларимизга тўғри йўл кўрсатиб, тарбиялашимиз жуда муҳим аҳамият касб этади." дейди, Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи.

Сермазмун суҳбат давомида иштирокчилар жамиятда айрим оилаларда учраётган кўпгина муаммоларни кўтардилар, уларнинг ечимида исломий ва урф-одатларимизга йўғрилган тарбия тўғрисида сўзлашдилар.

Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи, "Ёш оилалар негадир охирги вақтларда, хеч қанча бирга яшамасдан қурган ширин ҳаётларини, қора кўз норасидалари борлигига қарамай бузмоқдалар. Бу ўринда бугун мамалакатимиз президенти Ш.Мирзиеёвнинг ҳам ёшлар билими ва салоҳиятини ўстиришга эътибор қаратиш керак деб бот-бот такрорлаб келаётганлари бекорга эмас. Ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор ва уларнинг ўзларини ўстиришлари учун яратилаётган шароитларда ҳам катта ҳикмат бор. Зеро исломий билимни қўйиб турайлик, дунёвий илмидан ҳам ҳабари йўқ кўпгина ёшлар ҳақиқий ҳаёт остонасига қадам қўйганларида ўзларининг ўринларини топа олмай қийналмоқдалар. Уларга-ки биздек кимдир оила қуришдан, ўзини оилага тайерлашдан билим бермас экан, шу каби хеч бир йўналишда илми йўқ ва бахтсиз оилаларимиз кўпаяверади." дейди.

Давра суҳбатида иштирок этган ҳар бир иштирокчи мазмунли суҳбатдан маънавий озуқа олдилар.

Дарҳақиқат, ватан оиладан бошланади, оилада соғлом муҳитнинг барқарор бўлиши, тинчлик-ҳотиржамлик ва гўзал ҳулқли тарбия топган фарзандларни катта қилиш, юртнинг чин маънодаги ютуғидир. Чунки бахтиёр оила ва унинг ҳар бир аъзоси ривожланаётган мамлактнинг пойдеворидир. Диний ва дунёвий илм уйғунлиги эса ҳар биримиз учун айнан "бахт калитидир".

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати.

Report Page