«Одамлар нима дейди?!»

«Одамлар нима дейди?!»

Омар Ҳалил

Ҳурматли, ўқувчи! Сиз бирор бир мавзуни таҳлил қилмоқчи бўлсангиз, албатта муайян метод ёки усулдан фойдаланишингиз лозим. Бўлмаса сиз таҳлил қилаётган масалада изчиллик йўқолиб, кўзланган натижа чиқмаслиги ва ўқувчи хулоса чиқаришга қийналиб қолиши мумукин. Мазкур мавзуйимиз бизни ўзбеклар учун долзарб бўлган масала, «Одамлар кўрса гапиради!», «Одамлар эшитса нима дейди?» деган установка қаердан ўрнашиб қолган ва унинг асоси нимага бориб тақалади? Бу биз учун керакми ўзи ёки йўқ? Муаоммонинг аслияти қайси нуқтада ўзи? Каби саволларга жавоб топамиз. Мен бу масалани таҳлил қилишда таниқли психоаналитик Зигмунд Фрейднинг «Ид», «Его» ва «Супер его» моделидан фойдаландим. Шуни айтиб қўйиш лозимки, Фрейд атеист бўлган. Шунга мувофиқ унинг илмий ёндашувининг негизи ҳам Ҳудосизликка тақалади. Лекин, биз моделни ўзидан фойдаланамиз, яъни йўналишни тўғри ўзанга соламиз. Хўш, «Ид» ўзи нима? Бу сенинг бутун вужудинг. Биологик борлигинг. У алоҳида структура. Уни ўз қонуниятлари бор, эҳтиёжлари бор. У ҳеч қандай диний буйруқ, маданий аҳлоққа ҳам қараб ўтирмайди. Уни принципи озуқаланиш ва ўзини асраш. Масалан, қорин очқаб овқат талаб қилиши, ўпканинг ҳаво талаб қилиши, ҳожат келганда уни чиқариб ташлаш, жинсий алоқа қилиш, касаллик юққанда танани ундан химоялаш ва кучи етмаса тузатилишга сигнал бериш каби қонунларга риоя қилиб ишлайди. Бу Аллоҳни сизнинг ихтиёрингизсиз ишлатиб қўйган табиий қонунлари дейилади. Иккинчиси, «Его» бу сизинг ақлингиз, «Ид»нинг ичидаги тафаккурингиз. Аллоҳ киргизган руҳият. У шахснинг аҳлоқини белгилайди. У «Ид»нинг, яъни тананинг хизматчиси. Унинг вазифалари, «Ид»ни эҳтиёжларини унумли қондириш. Масалан, қорнингиз очқаб қолди, овқат олиб ейишга пулингиз йўқ. «Ид» яшаши учун ва унга энергия бўлиши учун озуқа шарт. Энди мана шу озуқани қандай йўл билан топиш ва уни ҳавсиз тарзда «Ид»га етказиш «Его»нинг иши. «Ид» магазинчи Ғайбулланинг дўконидан шарт бориб калбасани олиб паққос туширади. Унга пул тўлаш, у билан ҳисоблашиш «Ид»ни дастурида йўқ. У ўзини ишини бажаради. Бундай вазиятда Ғайбулла «Ид»ни ўғриликда айблаб калтаклайди ва қўлига кишан солдириб 15 суткага «меҳмонга» юборади. Ёки бўлмаса кўчада дуч келган аёлга ёпишиб жинсий эҳтиёжни қондирмоқчи бўлса турмага равона бўлади. Ана шу ҳолат юзага келмаслиги учун «Эго», яъни ақл уни озуқалантириш учун ишлаб пул топишга сафарбар қилади, жинсий эҳтиёжини қондириш учун бир қиз билан никоҳ қуради. Қисқа қилиб айтганда, «Эго» «Ид»нинг эҳтиёжларини қондиришни расмийлаштириб туради. Шу ерда Фрейд айтадики, инсоннинг аҳлоқини «Ид»даги инстинктлар белгилайди деб қарайди. Бу билан инсонни ҳайвонлар қаторига қўшиб қўяди. Аслида эса бундай эмас. Инсонни аҳлоқини дин белгилайди. Дин эса «Эго»нинг озуқаси. Ақл қанчалик дин билан озуқаланган бўлса, у шунчалик аҳлоқли бўлиб ифодаланади. Фрейд динни тан олмагани боис, унга инсонни аҳлоқий манбаси сифатида қарамайди. Шунинг учун у ҳамма нарсани «Ид»га тақаб қўяди. Одам жинсий алоқа қилгиси келса, уни қай йўл билан бўлса ҳам қондириши керак, чунки бу бирламчи, қолган нарсалар эса иккиламчи, деган фикрни беради. Аслида эса ундай эмас. Шахснинг одоб-аҳлоқини «Эго» белгилайди. Қорни очқаса ўғрилик қилиб эмас, меҳнат билан пул топиб озуқаланишни, жинсий алоқа қилгиси келса, дуч келган билан эмас ўзаро келишув асосидаги никоҳ билан қондиришни, хонада заҳарли ҳаво тарқаганда дарҳол ташқарига чиқиб зарарсиз кислороддан ҳаво олишни «Эго» ҳал қилади.

Зигмунд Фрейд


Фрейд «Ид» ва «Мен»ни чавандоз ва отга қиёслаб тушинтирган. Асосий ҳаракатни амалга оширувчи От бўлса, уни йўналишини бошқарадиган бу чавандоздир. Психоналатикиклар айнан мана шу «Ид» ва «Мен» ўртасидаги муносабатдаги муаммоларни ўрганади. Бу муаммоларни билвосита келтириб чиқарувчи усунчи тузилма бу - «Супер-мен»дир. Атрофдаги «Мен»лар йиғиндиси, яъни жамият, одамлар. Ўзбекларни бошидан ўтаётган муаммоли вазият асосан мана шу ерда кечади. Фрейд айтадики, уч тузилма ўртасида асосан ўртадаги «Мен»га қийин. Чунки, у бир томондан ўзига бириктирилган «Ид»нинг эҳтиёжларини қондириши, иккинчи томондан «Супер-мен»нинг талабларига риоя қилиши керак. Унинг қараши бўйича, бу талаблар диний, этномаданий ва қонунчилик билан белгиланадиган аҳлоқий талаблар. Ўзбек жамиятидаги «одамлар гапиради» деган установка бу ҳар бир «Мен»нинг «Супер-мен»дан қўрқиб туришини англатади. Демак, шундай фикрлаётган ҳар бир ўзбек атрофдаги одамлардан қўрқиб яшайди. Масалан, Собир исмли йигит Настя исмли рус қизни севиб қолиб унга уйланмоқчи. Собир «Мен»нинг манбаси бўлган динни яхши билади. У қиз мусулмон бўлса, унга уйланиш жоизлигини билади. Бироқ, ота-онада бу диний қоида мавжуд эмас. Улар ўқимаган. Атроф-муҳит, маҳалла ўзбекчилик деган зеҳният (менталитет) билан шаклланган. Собир ота-онасига Настяга уйланишни айтса, Ота-онаси маҳалла кўй нима дейди, бизни шарманда қилмоқчимисан? Деб қаршилик қилишади. Бу ерда ота-она учун маҳалладаги қўшнилар «Супер-мен». Ота ва она фарзанди истакларидан кўра «Супер-мен»ни талабларини устунроқ қўяди. Ҳолбуки, ота-она учун айнан қайси одамлар гапириши аниқ эмас, лекин гап-сўз чиқиш эҳтимолига ишонган ҳолда яшашади. Натижада, фарзанднинг истаклари бажарилмайди ва оқибатда Собирда невроз пайдо бўлади. Бу амалга ошмаган истакнинг онг остига кириб жойлашишига айтилади. Нима учун ўзбекларда асаб ва руҳият билан боғлиқ касалликлар кўп учрашига сабаб айнан мана шу уч тузилма ўртасидаги зиддиятларнинг доимий бўлавериши сабаб. Яна милос келтираман. Бир хонадонга келин тушди. Қайнона ўзини генерал деб биладиган, келинни фақат қаттиққўллик билан ушлаб туриш керак деган тушунчада яшайди. Куёв эса онани айтганини қилиш керак, уни рози қилиш керак деган тарбия билан ўсган. Она келинга зулм қилса ҳам, она тарафда бўлишим керак деган позицияда бўлади. Чунки, атрофдаги «Супер-мен» ота-она ва одамлар «катта гапирганда ҳўп бўлади» дегин деб тарбия беришган. Агар куёв хотинини тарафини оладиган бўлса, ота-онасига қарши чиққандек ҳис қилади ўзини, атрофдаги одамлар, яъни «Супер-мен»ни гап-сўзларидан қўрқади. Натижада, келинни ҳуқуқлари поймол қилинганда химоя қилолмайди. Қайнона келинни эрталабдан кечгача иш қилишга сафарбар қилиб туради. Келиндаги «Ид»нинг чарчоғи «Мен»га сигнал беради. У толиқади, касал бўлиб қолади. Дам олгиси келганда ўртадаги «Мен» қайнонанинг жириллашидан қўрқади. Бу ерда келин учун қайнона «Супер-мен»дир. Келин гап эшитмаслик, хонадондан ҳайдалмаслик учун доим «Супер-мен»ни талабларини бажаришга мажбур бўлади. Оқибатда буёқда толиққан вужуд дам олгиси, меҳр ва парвариш кўргиси келади. Афсуски, «Мен» «Супер-мен»дан қўрққани учун «Ид»нинг истакларини кўпинча бажармайди. «Супер-мен» ва «Ид» ўртасидаги баланс йўқолиб, зиддият кучаяди. Ўртадаги «Мен» (асаб) ишдан чиқишни бошлайди. «Ид»нинг қондирилмаган эҳтиёжлари онг остига ўтишни бошлайди ва келинда неврознинг турлари ривожланади. Унинг симптомлари қуйидагилар:

1) асабийлашиш,
2) жаҳлдорлик,
3) уйқу бузилиши,
4) бош оғриғи кўпайиши,
5) бош айланиши,
6) умумий ҳолсизлик,
7) паришонхотирлик,
8) ақлий ва жисмоний меҳнат фаолиятининг пасайиши кузатилади.

Бундан ташқари келинда қуйидаги характер шаклланади:

1 Ортиқча таъсирланиш (мас: арзимаган гапга ҳам йиғлаб, аразлаб юбориш)

2 Ҳар нарсага ҳаддан ортиқ эътибор бериш

3 Мустақил фикрлай олмаслик (мас: ҳатто оддий кийим кийишда ҳам қайси кийимни кийишни сўрайвериш)

4 Ортиқча ишонувчанлик (мас: коронавирус телеграмдан ҳам юқаркан деса..)

5 Ҳар хил эмоцияларга берилиш

Психоанализ бўйича руҳиятнинг уч модели Фрейд қиёс қилган онг ва онг остининг айсберк кўринишида жойлашуви

Доимий «Супер-мен»ни талаби остида яшаётган келиннинг қондирилмаётган эҳтиёжлари неврозга айланаётганда ўртадаги «Мен» чора излайди. Чора топилди. Уйга, онага қўнғироқ қилиб бўлаётган зуғумларни айтиб енгиллаб олиш. Фрейд айтадики, одамлар неврозларни «Супер-мен» сабабли доим ҳам «Ид»нинг сўраган эҳтиёжидек қондира олмайдилар. Натижада истакларни сублимация, яъни кўчириб ўтказиш йўли билан қондирадилар дейди. Бу гапда жон бор. Одамлар шунинг учун, спорт, тасвирий санъат, умуман ижод билан шуғилланишади. Қондирилмаган истаклар, санъат асарларига кўчади. Инсон шулар орқали лаззат олади, дейди. Келиннинг онасига қўнғироқ қилиб «ичини бўшатиш»и ҳам унда йиғилган изтиробларни айтиб олиш, дардни тўкиш орқали чиқариб ташлаш кўзда тутилади. Одатда, келин шунга кўникиб қолади. Оқибатда оилада низо катталашиб, ҳатто ажралиш билан тугайди. Ўзбекларда мана шу уч тузилма мувозанати бузилгани ва ундаги тинимсиз зиддият одамларни асабий аҳволга олиб келишда давом этяпти. Агар шахс муттасил равишда «Супер-мен»нинг гапларига қараб яшар экан, у ўз «Мен»ини йўқотади. Шахс сифатида ўлади. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз муоммо деб билаётган «Супер-мен» абсолют ёмон деган хулосани бермаслиги керак. Агар у бўлмаса одам ҳайвон каби яшайдиган бўлиб қолади. «Ид»нинг эҳтиёжларини «Супер-мен» тартибга солиб турмас экан одам зино қилиб юриши, ўғрилик қилиши, фахш ва фасод ишлар қилиб юбориши ҳеч гап эмас. «Супер-мен» керак. Одамларнинг гапи керак, қачонки, унинг таркибий қисмлари бўлган ҳар бир «Мен» соф диний илмдан хабардор бўлса. Бизнинг жамиятимиздаги муаммо шундаки, ўша одамларнинг гапи соф диний таълимот билан асосланавермаслигида. Демак, «Сурер-мен»имиз бузуқ. «Супер-мен» нега бузиқ? Демак, унинг орасидаги асосий гап ташувчи локомотив «Мен»лар бузуқ тарбия билан шаклланган. Муаммони келтириб чиқарувчилар ўшалар бўлса, унда улар билан алоҳида-алоҳида шуғилланиш лозим. Чунки, оммага қарата сизлар бузуқсиз, бузилгансизлар деб бўлмайди, дея таълим берадилар Ҳожа Баҳоуддин Нақшбандий. Ҳазрат айтадики, одамларни ичида бўлинг, қалбингиз эса Ҳақда бўлсин. Яъни, бу билан одамларни бирликка чақириб, ҳар бирини қалбини Аллоҳга боғлаб қўйишга чақирмоқдалар. «Супер-мен»ни даволаш учун айни мана шу йўл оқилона йўлдир. Нақшбандийнинг методларининг афзаллиги шундаки, агар сиз ўша бузуқ тушунчадаги гапирадиганларга қарши уруш очсангиз, тафриқа йўл қўясиз. Жамоа гуруҳларга бўлиниб кетади. Баҳоуддин Нақшбандий эса, оммани залолатда айблаб бўлмайди, балки, муайян шахс бўлсагина айб қўйиш мумкин, дейдилар. Сабаби, халқни очиқчасига айблаш хўл-у қуруқни баравар ёқса, иккинчи томондан айблаётган «Мен»ни жамиятдан сиқиб чиқариб ташлайди. Шунинг учун ҳазрат ҳар бир шахсни ўз-ўзини индивидуал даволашга ундайди. Ҳар бир «Мен» ўзини Аллоҳга бўлган муҳаббат билан тарбиялаб борар экан, улардан энг кучли, энг яхши, энг адолатли «Супер-мен» шаклланади. Тарихимизга назар ташлаб кўрадиган бўлсак, хусусан халқ оғзаки ижоди бўлмиш халқ достонлари ва эртакларида асар қаҳрамонларига эътибор берсангиз, улар қўрқоқлик, номардлик, адолатсизлик, хиёнат ва бировнинг ҳаққини ейишда одамларнинг гапидан номус қилишганлигини гувоҳи бўласиз. Бизнинг жамиятдаги яқин 200 йил ичида рўй берган маданий инқилоблар приоритетларимизни ўзгартириб юборди. Айниқса, 100 йил олдинги мозийга саёҳат қилсангиз жадидларнинг ҳалқимиз ҳақидаги ҳозирда мавжуд риёга асосланган дабдабабозлик, исроф, танбаллик, расмий киссавурлик, коррупция каби иллатларни ўша пайтдаги ота-боболаримизда ҳам шаклланиб улгурганини гувоҳи бўласиз. Бир пайтлар ямоқ-йиртиқ кийим кийиб юрган Ҳазрати Умар одамларни гапидан қўрқмаган бўлса, ундан кейин ямоқ кийган одам кийимидан уяладиган бўлди. Ҳозирги кунда эса яна йиртиқ кийим учун ҳеч ким гапирмайди, ҳатто у мода. Одамларни қандай таълим тарбия олиши улрни ҳудди ўшандай «Супер-мен» бўлишини тақозо қилади. Одатда, бировлар гапиради деб яшайдиган инсон ўзи ҳам кимларнидир гапириб яшайди. Бундай ҳолатга тушмаслик учун Аллоҳ нимани буюурган бўлса ўша чегарада яшаши, қилаётган иши динга мувофиқ бўлса одамларнинг гапига қарамаслиги керак.

Агар хатти-ҳаракати динга зид бўлса, унда одамларни гапига эргашиши керак. Ўзбекларнинг оилаларида мана шу мувозанат ушлаб турилмас, доим қайсидир палла оғирлик қилаверар, оилада кимнидир ҳуқуқлари поймол бўлаверар экан синган қалблар кўпаяверади, мажруҳ руҳиятлар юзага чиқаверади, оилалар ажралаверади, болалар етим ўсаверади, ажралган келинлар фохишалик кўчасига кираверади, ўғиллар даюслашиб бораверади, эракалар юраксиз маҳлуққа айланаверади, фарзанди оиласи бузилганидан сиқилаверган ота-оналар сурункали касал бўлиб ўлиб кетаверади. Кўзингизни очинг, илм-маърифатли бўлинг. Ўзим биламан деб такаббурлик қилманг, ўнта кўйлак йиртасизми ёки юзтами, барибир хато қилаверасиз. Чунки, яхши ва фаровон ҳаёт кўйлак йиртиб тажриба тўплашда эмас, Аллоҳнинг амрига риоя қилишда. Буни тан олишга мажбурсиз. Қандай муаммога дуч келмайлик ҳаммаси диёнатсизликка бориб тақалаверади. Вужудимиздан диёнат кўтарилмасин.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Report Page