Очиқ хат

Очиқ хат

@oynauz_kanaliSeptember 16, 2019

ХАТОНИ ТЎҒРИЛАШ БОРАСИДАГИ ҲАРАКАТЛАР

Эслаб ўтилган хатоларни тўғрилашда Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабидаги тўрт мўътараф фиқҳий мазҳаб уламолари кўпгина ишларни қилдилар ва қилмоқдалар. Бу борада кўплаб китоб ва мақолалар ёзилди ва ёзилмоқда. Илмий анжуманлар ўтказилди ва ўтказилмоқда. Камина ходимингиз ҳам Аллоҳ таоло берган имкон асосида ушбу савобли ва шарафли ишларнинг баъзисида ожизона иштирок этиш шарафига муяссар бўлди. Жумладан, уламолар билан маслаҳатлашиб, Кувайтда «Фиқҳул-виқоий» деб аталган лойиҳа ёзилди. Кечалари кўпчилик бўлиб ўтириб, ушбу лойиҳа атрофличаvмуҳокама қилинди. Унда асосан бир нарсани бошлашдан олдин шариат қоидалари асосида унинг оқибатларини ўрганиб чиқиш кераклиги, мазкур иш ҳеч кимга зарар етказмаслиги тўла таъминланган бўлиши лозимлиги таъкидланган эди. Қисқа қилиб айтилганда, бемазҳаб ва такфирчилар қилган ва қилаётган ишлар такрорланмаслиги учун зарур барча чораларни кўриш режаси ишлаб чиқилган эди. Режада Кувайт давлати Вақф ва Ислом ишлари вазирлиги доктор Одил Абдуллоҳ Фалоҳ бошчилигида катта уламолар иштирокида илмий анжуман ўтказиш кўзда тутилди. Унда мазкур масала ўртага қўйилиши, биримиз сўз олиб, катта уламоларга бемазҳаб ва такфирчилар қилаётган ишлар шариатга тўғри келмаслигини эслатиб, буни ҳаммага очиқ-ойдин айтишлари лозимлиги, агар ўзлари айтмасалар, бизларга ижозат беришларини сўраш маслаҳат қилинди. Аммо Америкадаги 11 сентябрь воқеалари сабабли бу режани амалга ошириш насиб қилмади. Турли давлатларда, муассаса ва ташкилотларда терроризмга, такфирчиликка, жангариликка, қуролли хуружларга қарши анжуманлар ўтказилиб, Исломга ёт бўлган мазкур ҳолатлар қоралана бошлади. Исломнинг ҳақиқатини баён қилувчи анжуманлар ўтказилди, китоб ва мақолалар ёзилди, кўрсатув ва эшиттиришлар тақдим қилинди. Уламоларимиз бошларига иш тушганидан кейин аввалги китобларни диққат билан ўрганиб, улардан бугунги муаммоларни ҳал қилиш ва чигалларни ечиш йўлларини топишмоқда, ўзларидан янгиликлар қўшиб, уларни тўлдиришмоқда.

Бу ишларнинг ҳаммаси яхши самаралар бериб, кишилар Исломнинг ҳақиқатини яна ҳам яхшироқ ва тўлиқроқ англаб етмоқдалар, нотўғри йўлга кирганлар тўғри йўлга қайтмоқдалар, билмаганлар билишга ҳаракат қилмоқдалар. Мазкур ҳаракатларнинг баъзиларида камина ходимингиз ҳам баҳолиқудрат иштирок этди. йиғинларда маърузалар сўзлади, маслаҳатларда қатнашди, ҳужжат ва чақириқлар тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшди. Мазкур керакли маълумотларни турли услублар билан ўз одамларимизга етказиб туриш борасида ҳам қўлидан келган чораларни кўрди. Зотан, бу иш ўта аҳамиятлидир. Чунки бошқа жойларда бўлиб ўтган илмий ишлардан ҳамма ҳам хабардор бўлавермайди, бунга ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Бунинг устига, тил муаммоси бор ва ҳоказо.

Илмнинг одамларга вақтида етиб бормаслиги кўпгина муаммоларга сабаб бўлиши турган гап. Билимсизлик эса одамларнинг ноўрин қийналишларига, турли нохушликларга сабаб бўлади. Бундай ҳолатнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Мусулмон шахснинг ўз дини – Исломни яхши билиши ўзи учун ҳам, жамияти учун ҳам, ўзгалар учун ҳам яхшиликдир», дейишади. Динини яхши билган мусулмон унга амал қилса, ўзига кўплаб яхшиликларни жалб қилади, чунки Ислом бандаларни ўзи учун фойдали ишларга чақирган.

Шунингдек, мусулмон шахснинг Исломни яхши билиши унинг жамияти учун ҳам яхшилик бўлади, чунки Ислом кишиларни ўзи яшаб турган жамиятга яхшилик қилишга буюргандир. Мусулмон инсоннинг ўз динини яхши билиши бошқа диндаги кишилар учун ҳам яхшиликдан иборат бўлади, чунки Ислом уни бошқаларга ҳам яхшилик қилишга чақиргандир. Ушбу мулоҳазаларга кўра бугунги мураккаб жараёнда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда мусулмон уламолар тақдим қилаётган маълумотлардан хабардор бўлиб туриш ҳамма учун фойдалидир. Ушбу асосда камина ходимингиз ҳам қўлидан келган хизматни тақдим этишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Мисол учун, Кувайт давлатида бўлиб ўтган «Васатия – ҳаёт йўли» номли анжумандан кейин худди шу номда бир китоб ёзиб, у ерда айтилган ва айтилмаган ҳақиқатларни ўз ўқувчиларимизга етказишга ҳаракат қилдик. Алҳамдулиллаҳ, бу китоб кўпчиликка маъқул

келди. Ҳали ҳам қайта-қайта чоп этилмоқда. Мазкур китоб рус тилига ҳам таржима қилиниб, ҳам Тошкентда, ҳам Москвада чоп этилди. Русийзабон ўқувчиларимиз ҳам бу китобни яхши қабул қилдилар. Ҳозирда ушбу китобни қўшни давлатлардаги баъзи ташкилотлар ҳам кўп сонда сотиб олишмоқда.

Кўпчилик мусибатга учраган ота-оналар ва китобхонларнинг илтимосларига биноан «Дин насиҳатдир» номли китоб ҳам ёзилди. Унда ҳизбут-таҳрирнинг ҳақиқати ва хатолари таҳлил қилинди. Одамларимиз бу китобдан кўп нарсаларни ўрганганларини таъкидлашди. Кўпгина анжуманлар ва бошқа тадбирлар борасида

интернет сайтларимизда, маъруза ва суҳбатларимизда ҳам маълумотлар бериб бормоқдамиз. Охирги пайтга келиб, бу борада китоб қилиб ёзишга озлик қиладиган, гапиришга ёки интернетга жойлаб қўйишга эса кўплик қиладиган маълумотлар пайдо бўлди. Уларни иложи борича кўпроқ одамларимиз билсалар, фойда ҳам кўпроқ бўларди, деган фикр туғилди. Шунинг учун бир қанча мавзуларга оид масалаларни алоҳида мақолаларда баён қилиб, уларни жамлаб, китоб ҳолига келтириш маъқул деб топилди. Бугун Сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга яхши ният билан тайёрлаган маълумотларни тақдим этишга журъат қилдик. Аллоҳ таоло бу камтарона ишни даргоҳида қабул айласин ва унинг барчамиз учун фойдали бўлишини насиб этсин!

Шайх Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф




خَان نَظَر بن سَعِید مُرَاد


Report Page