ОЯТ ВА ҲАДИС АСОСИДА ЯШАШ ҲУКМИ.
Fitrat.uzМусулмон киши учун оят ва ҳадис асосида яшаш дастурул амал ҳисобланади. Энг қизиғи эса мана шу тушунчани ўзини янглиш талқин қилишдир. Масалан баъзида “Бунга оят ёки ҳадис борми?”, дея сўралаётганини эшитиб қоламиз. Ваҳоланки, ҳар бир масала айтилаётганда унинг масдар манбасини, қайси оят ва қайси ҳадисдан олинганини айтиш мужтаҳид олимларнинг вазифаси бўлади. Аммо, муқаллидлар яъни, мужтаҳид бўлмаган оддий инсонлар бирон масала айтаётганида унинг далилини, масдар манбасини айтмай масалани ўзини айтиши жоиздир. Тўртала мужтаҳид имомлар Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ ўз мазҳабларини айнан Қуръон оятлари ва Набий алайҳиссалом суннатларидан олишган. Мазҳабларнинг асосий манбаси албатта оят ва ҳадислар бўлган.
Энди, бир инсон “Фақатгина оят ва ҳадис асосидагина яшаш мумкин”, деса тушунчаси сояз ва илми кам инсон бўлади. Қанчалаб масалалар оят ва ҳадисдан бошқа усуслий манбалардан олинган. Яъни, шариатда ҳукм манбалари фақатгина оят ва ҳадис билан чекланмаган. Балки, ижмоъ, қиёс, урф, истеҳсон ва бошқа манбалардан ҳам олинади.
Қуръони каримда 6000 дан ошиқ оятлар бўлса, улар ичида 500 атрофида ҳукм оятлари бор. Миллионлаб ҳадислар ичида ҳам 3000 атрофида ҳукм ҳадислари бор. Демак, 3500 атрофидаги масалаларга оят ва ҳадисдан ҳукм олиш мумкин экан.
Масалан, бир мусулмон ҳаёти давомида миллионта масала ҳукми атрофида яшаса, ҳаёти давомида шунча масалалар билан амалан яшашига тўғри келса, 3500 масаладан бошқасига оят ва ҳадис тополмай қолади ва оят ва ҳадиснинг ўзи билан чекланиши мумкин бўлмай қолади. Шу сабабли мужтаҳид олимларимиз усуслий қоидаларни ишлаб чиқишган ва бу қоидалар айни шариат ҳумлари олинадиган манбалар ўлароқ қабул қилинган.
Шундай экан бир мусулмонга “оят ва ҳадис асосидагина яшаяпсанми?”, дея савол бериш ғалати бўлар экан. Масалан: намоз ўқиётган инсон гарчи далилини билмаса ҳам Аллоҳ таолонинг “Намозни қоим қилингалр” оятига амал қилаётган бўлади.
Закот бераётган инсон ҳам, гарчи далилилни билмаса ҳам “Закотни адо этинглар” оятига амлан яшаётган бўлади.
Бировларга салом берган инсон ҳам далилини билмаса ҳам ҳадисга мувофиқ яшаётган бўлади.
Бир инсон оила аъзолари билан гўзал тарзда тинч осуда ҳаёт кечираяпти. Ва у инсон гарчи оят ва ҳадисини билмаса ҳам “у (аёллар )билан маъруф ила (гўзал тарзда) яшанг” оятига амал қилаётган бўлади.
Демак, оят ва ҳадис дея гапириш ва далил сўрашдан олдин оят ва ҳадис ҳукмларини яхшилаб ўрганиб олиш лозим бўларкан.
Бешта аркони Ислом бўлмиш иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж адоси билан яшаётган инсонлар айнан оят ва ҳадис асосида яшаётган мусулмонлардир.
Ўзбек тилига таржима қилинган Қуръон маънолари ва ҳадислар тўпламларини ўқиб олган кимсаларнинг оят ва ҳадис ҳукмлари ҳақида гапиришга ҳаққи бор деб билиши ғалати.
Зотан, оятларни кимга ва нима сабабли нозил бўлгани, кейинчалик бошқа оят билан бу оятни ҳукми бекор бўлмаганми, бу оят ҳақида саҳобалар, тобеинлар нима деийшган, мужтаҳидлар қандай ҳукм олишгани ва шу каби масалаларни билмаган инсонга оят ҳукми ҳақида гапириш ножоиз бўлади.
Ҳадислар борасида ҳам айнан шундай. Масалан: бир ҳадис ҳақида гапириш учун бу ҳадис ҳақидаги мужтаҳидлар қавлларин ўрганмай туриб ҳукм айтиш ножоиз.
Бунга бир мисол келтирамиз. Ҳадислардан бирида “Ким тик туриб ичса қайт қилиб ташласин”, дея келтирилган. Ҳадисни ўзидан ҳукм олинса тик туриб ичган киши ичгвн нарсасини қайт қилиб ташлаши лозим бўлади. Аммо яхшилаб ўрганилса масала ундай эмаслигини билиб олиш мумкин. Бу ҳадисга тескари маънодаги ҳадис ҳам бор бўлиб, унда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичдилар”, дея келтирилган. Бу мавзудаги барча ҳадисларни ўрганган мужтаҳид уламоларимиз “бу ҳадисда бир амални иккинчи амалдан афзаллиги баёни ҳақида айтилган, яъни тик туриб ичгандан кўра ўтириб ичган афзал бўлади”, деб айтишган.
Уламоларимизнинг қавлларини ўрганмай туриб оят ва ҳадис ҳақида ҳукм айтиш ўта хунук ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлиги айнан мана шу биргина ҳадис баёнидан билиб олсак бўлади.
Умумий хулоса шуки, биз ўрганмоқчи бўлаётган оят ва ҳадисларни мужтаҳид уламоларимиз чуқур илм билан ўрганиб, ҳукмларини ёзиб кетишган. Ўша нарсаларни ўзини қилиш ҳам айнан шу ҳукмда бўлаверади. Ўрганиб ўрганиб охирида эса айнан Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ айтган ҳукмларга чиқилади.
Демак биз оят ва ҳадис асосида яшаш нималиги ҳақида бир маънода тушуниб олдик.