ОВРОПАНИНГ «БУХОРО» ВА «САМАРҚАНД»И
Англиядаги Оксфорд ва Кембриж университетлари ҳақида эшитганимдан бери уларни кўриш орзуси бор эди. Улар борасида озми-кўп маълумотларга эга бўлсам-да, кўз билан кўришнинг ўрни бошқа. Шу ниятда бу йилги Англия сафари асносида ушбу илм даргоҳлари билан яқиндан танишдим. Уларнинг тарихи ва бугунини ўрганар эканман, беихтиёр кўз ўнгимда Ислом оламининг бир жуфт гавҳари бўлган Бухоро ва Самарқанд гавдаланаверди. Оксфорднинг икки тарафида коллежлар, черковлар тизилган йўлларида юрганимда худди Бухоро кўчаларидан ўтаётгандек бўлдим. Ҳеч иккиланмай, Оксфордни Бухорога, Кембрижни Самарқандга ўхшатиш мумкин. Келинг, мен уларни солиштирма шаклда ҳикоя қилай, бу ҳақиқатга ўзингиз гувоҳ бўлинг.
1. Мадрасалар шаҳри.
Оксфорд университети ёки Кембриж университети деса, кўпчиликнинг кўз ўнгига тақрибан «Миллий университет» ёки «Андижон университети» каби ягона идора орқали бошқариладиган, бир нечта факультетдан ва уларнинг қатор биноларидан ташкил топган, тахминан панжара ёки девор билан ўралган бинолар мажмуаси келади. Аслида эса ундай эмас экан.
Оксфорд ҳам, Кембриж ҳам шаҳарнинг номи бўлиб, Оксфордда 38 та коллеж, 5-6 та ёпиқ ўқув муассасалари, Кембрижда эса 30 та коллеж бор. Мана шу коллежлар мажмуаси университет деб аталади. Аниқроғи, шаҳар коллежларга тўла бўлиб, том маънода талабалар шаҳарчасига айланган. Университет – мана шу шаҳарчалар экан. Бирорта олимни «Оксфордда ўқиган», «Кембрижни битирган» деб таништирганда унинг айнан қайси коллежда ўқигани айтарли аҳамиятга эга эмас, негаки коллежларда ўқитиладиган фанлар ҳам, таълим услуби, илмий савия ҳам деярли бир хил. Муҳими – шаҳардаги бирорта коллежда рўйхатдан ўтиб олса бас, илм толиби истаган коллежда истаган олимидан таълим олиши мумкин.
Бухоро ва Самарқанд асрлар оша мадрасалар шаҳри бўлиб келган. Уларда бир вақтнинг ўзида ўнлаб мадрасалар фаолият олиб борган. ЎзР МДАда сақланаётган «Қушбеги» фондидаги ҳужжатларга кўра, XX аср бошида Бухоро шаҳрининг ўзида 160 дан ортиқ мадраса фаолият юритган. Туркистон генерал-губернаторлиги ҳисоботи билан боғлиқ архив ҳужжатларидан бирида 1914 йилда Бухоро амирлигида 350 та мадраса фаолият кўрсатаётгани қайд этилган бўлиб, уларнинг кўпи Бухоро шаҳрида жойлашган. Марказий Осиё, Кавказорти, Татаристон, Бошқирдистон, ҳатто Ҳинду Ироқдан илм толиблари келиб, бу мадрасаларда таълим олган. Аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Валий (XVII аср) Бухоронинг илм тарқатувчи марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимлари кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар».
Қизиғи шундаки, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган олимларнинг маноқибларида ҳам «Бухорода ўқиган», «Самарқанд мадрасасида таълим олган» деб умумийлаштириб айтилган, аммо қайси мадраса, кимнинг номидаги мадрасада ўқиганига аҳамият берилмаган, чунки мадрасалардаги таълим деярли бир хил савияда, бир хил услубда олиб борилган. Бинобарин, «Оксфорд университети» дегани айнан «Бухоро мадрасаси», «Кембриж университети» эса «Самарқанд мадрасаси» деган ибора маъносида қўлланади.
2. Оксфорд ва Кембриждаги коллежлар марказлашмаган.
Коллежлар асрлар оша бунёд этилган бўлиб, охиргилари шу янги милодий асрда қурилган. Уларнинг ҳар бири – мустақил илм даргоҳи. Ҳар бирида идора ишлари ўзига хос. Уларни бирлаштириб турадиган на ректорат бор, на вазирлик бор. Уларни фақат кутубхона бирлаштиради. Бошқарувда марказлашув йўқ. Ҳар бир коллежни ўша ердаги профессорлар, олимлар бошқаради. Кембриждаги Ислом коллежи ректори доктор Абдулҳаким Муроднинг айтишича, бу коллеж ҳам тўлиқ мустақил экан, ҳеч бир ташкилотга тобе эмас экан. Коллежлар фаолиятини тартибга солишга оид умумий қонун ҳамда маълум талаблар қабул қилинган бўлиб, ҳар бир коллеж ўз ишини шулар асосида юритаверади. Бу қонун ва талаблар ҳам амалиётни расмийлаштириш, биноларнинг ўқитишга муносиблигини таъминлашга қаратилган холос, коллежларнинг илмий фаолиятига дахл қилмайди. Талабаларни қабул қилишда ҳам ташқи чеклов йўқ, барчасини ички имконият бошқаради.
Авваллари мусулмон оламидаги илм даргоҳлари қатори, Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг ҳар бири ҳам мустақил фаолият юритган. Улар уламолар ўртасида қабул қилинган меъёрлар, кўникмалар асосида бошқарилган. Мадраса ва масжидлардаги тартибни кўпроқ уларни вақф қилганлар, ўша ердаги олимлар белгилаган. Мадрасаларда таълим манҳажи ўзаро ўхшаш бўлса-да, улар марказлашмаган. Уларда илмий тадқиқотлар, илмий баҳслар эркин бўлган. Шу боис, улар ўртасида ҳар жабҳада фаол, соғлом рақобат борган. Шу зайлда кўп муаммолар табиий танланиш йўли билан ҳал қилинган. Талабаларни қабул қилишда ҳам мадрасалар мутлақ эркин бўлган. Ҳатто бир пайтлар мадрасани битириб кетган катта ёшли кишилар ҳам бўш вақтида ўзи ўқиган севимли даргоҳидаги дарсларни тинглаши мумкин бўлган. Хуллас, илм олиш учун ҳеч қандай тўсиқ, чегара бўлмаган.
3. Коллежлар хусусий бўлиб, асосан хайриялар орқали таъминланган.
Коллежлар давлат хазинасига тобе эмас. Коллежларнинг ўзи ҳам, моддий таъминоти ҳам аслида вақф ҳисобидан қилинган, ҳозиргача ҳам асосий таъминот хайриядан экан. Охирги йилларда хайрияга суяниш сустлашиб, коллежлар асосан хорижий талабалардан олинадиган тўловлар, ҳукумат томонидан олий таълимга ажратилган йиллик маблағлар ҳисобига молиялаштириладиган бўлган. Бироқ шунда ҳам маҳаллий талабаларга тўлов катта эмас, рамзий. Коллежларнинг бундай молиявий мустақиллиги фаолият эркинлигини ҳам таъминлаган.
Юртимизда рус босқинига қадар мактаб-мадрасалар вақф ҳисобидан қурилган ва юритилган. Уларнинг давлатга ҳеч қандай оғирлиги ҳам, қарамлиги ҳам бўлмаган. Одатда бойлар бироз маблағ жамғаргач, мадраса ёки масжид қурган, мадрасанинг кирими ҳам вақф асосида йўлга қўйилган. Мадрасанинг барча харажатларини ортиғи билан қоплайдиган манба кўрсатилмаса, уни очишга рухсат берилмаган. Мадрасалар холис хусусий мулк ҳисобидан қурилиши шарт бўлиб, бундай иншоотларнинг давлат мулкидан бунёд этилиши шариатга хилоф ҳисобланган. Ҳатто баъзи вақтларда хон ва амирлар, йирик амалдорлар томонидан мадраса қурилиши таъқиқланган.
4. Коллежлар дастлаб ибодатхоналарнинг ҳужраларида иш бошлаган.
Оксфорд ва Кембриж университетлари дастлаб фаолиятини черковларнинг ҳужраларида бошлаган экан. Улар кейинчалик алоҳида бинога ажралиб чиқиб, ҳозиргача сақланиб келаётган муҳташам коллежлар барпо қилинган.
Бухоро ва Самарқандда ҳам таълим аввалда масжидда, масжид ҳужраларида олиб борилган. Кейинроқ мустақил мадрасалар қурилган, низомли ўқиш ташкил қилинган. Шундан кейин ҳам масжидларнинг ҳужралари устоз-шогирдларнинг, талабларнинг якка тартибдаги илмий машғулотларидан холи бўлмаган. Бу жараён Шом, Ироқ, Миср, Мағриб, Андалусия тарихида ҳам кузатилади.
5. Оксфорд ва Кембрижда таълим ва тадқиқотлар эркин.
«Оксфорд ва Кембриж университетларининг асосий ютуғи – уларнинг фаолияти эркинлигида», дейди мутахассислар. Уларда таълим ва тадқиқотлар олимларнинг изланишларига, хулосаларига қараб олиб борилади. Улар на моддий, на мафкуравий бирор жиҳатга тобе. Шунинг учун уларда ҳақиқатни излаш учун, уни илмий баён қилиш учун кенг йўл очилган. Кимнингдир қарашлари, шахсий хоҳиши ёки диди бошқаларга мажбуран сингдирилмайди. Шунингдек, қачонлардир танланган стандартларга онгсиз равишда ёпишиб олиш йўқ. Аксинча, дарсликлар заруратга кўра янгиланиб туради, уларни ривожлантириш йўлида ҳамиша изланишлар олиб борилади.
Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида таълим қадимдан эркин бўлган. Ҳар бир мадраса ўзининг таълим дастурини ўзи белгилаган. Илмий муҳит яхши шакллангани учун баҳс қилишга ҳар ким ҳам журъат этавермаган. Фикрлар куч билан эмас, маърифат билан назорат қилинган. Буни ўша давр уламоларнинг асарларида яққол кўриш мумкин.
6. Баҳс-мунозаралар фаол.
Англия университетларидаги устунликлардан бири шуки, уларда илмий баҳс-мунозаралар эркинлиги таъминланган. Оксфордда мунозарачилар учун алоҳида минбарлар қўйилган махсус зал ҳам бор. Қиролликка қарашли бу залда тарафлар ўзининг фикрларини ҳимоя қилиши учун жонли мунозаралар ўтказилган. Илгари фақат диний мавзуларда баҳс қилинган экан. Кейинроқ диндорлар билан динсизлар ўртасида мунозаралар олиб борилган. Ҳозирда ҳам бу ерда турли мавзуларда баҳсу мунозаралар бўлиб туради. Тадқиқотчи ўзи истаган мавзуда янги илмий хулосаларни ўртага ташлаб, шу пайтгача барча қабул қилиб келган қонуниятларга ҳам қарши чиқиши мумкин, фақат ўз фикрини илмий асослаб бера олса бас. Агар далиллари бўш бўлса, келажаги учун жуда катта хатар экан. Бу нарса унинг келгусидаги илмий фаолиятига салбий таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун келажагини ўйлаган ҳар қандай олим жуда ҳушёр бўлишга мажбур. Бунда ҳам илмий муҳит орқали табиий назорат жараёнининг ёрқин мисолини кўриш мумкин.
Ислом оламида асрлар оша Аҳли сунна мусулмонлар ҳукмронлик қилган бўлса-да, улар билан турли фирқалар ўртасида доимо очиқ баҳслар ўтказилган. Бухоро ва Самарқанд уламоларининг ақидавий ва фиқҳий ихтилофлари бунга ёрқин мисолдир. Уларнинг ўртасида илмий мунозаралар кўп бўлган. Имом Мотуридий, имом Баздавий, Қозихон ва имом Насафий каби уламоларнинг асарлари ана шундай баҳсларга бойлиги бежиз эмас. Мотурид қишлоғининг номланиши калом илмига оид баҳс-мунозараларда кўп қўлланган «Маа турид?» – «Нима демоқчисан?» деган иборадан келиб чиққани ҳақидаги тахмин фикримизни қувватлайди. Аҳли сунна ҳукмрон бўлишига қарамай, бошқа фирқаларга куч ишлатиб эмас, балки ақлий ва нақлий далиллар билан қарши курашилгани тарихий ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам мўътазила ва шиа каби тоифалар ўз китобларидан ошкора дарс ўтаверган. Аҳли сунна ичидаги фиқҳий масалалардаги баҳслар ҳам уламолар ўртасида очиқ олиб борилган. Мужтаҳидлар ихтилоф қилган тақдирда, фикрлардан бирини танлашга тўғри келса, халифанинг ҳузурида мунозара қилинган. Ҳатто ҳукмдорларнинг саройларида мусулмон уламолар билан файласуфлар, яҳудий ва насроний олимлари ўртасида баҳс-мунозаралар бўлган. Имом Аҳмад, Абу Бакр Боқиллоний, Ибн Ҳазм Андалусий, Абу Бакр Тартуший каби олимларнинг сийратларида бу ҳақда ёрқин мисоллар бор. Ибн Сино, Форобий ва бошқа олимларнинг ҳам амирлар саройида илмий баҳслар қилгани тарихдан маълум. Мунозалар оммалашгани учун уламолар «Баҳс ва мунозара одоблари» деган мавзуда асарлар ёзишга мажбур бўлганлар. Зеро, улар жамиятнинг мана шундай очиқ илмий баҳслар асосида ривожланиб, мустаҳкамланиши инсоний жамият қонуниятларидан бири эканини яхши билишган. Баҳс-мунозаралар уламоларнинг ўз соҳасини чуқур ўрганишга, илмга чуқур шўнғиб, ҳақиқат дурларини кашф этишларига олиб келган. Ислом оламида Аҳли сунна эътиқодининг устуворлиги ана шундай табиий танловнинг натижаси бўлган.
7. Ҳар бир коллежда ибодатхона бор экан.
Оксфорд ва Кембриждаги коллежларнинг деярли барчасида ўзининг черкови бор. Айримларининг черкови жуда ҳам катта, ҳашаматли. Ҳозирда бу черковларда мусулмон талабалар намоз ҳам ўқишар экан. Бундан ташқари, ҳозирда Оксфордда алоҳида жомеъ масжид ҳам бор. Жамоат бу масжидга сиғмагани учун жума намози 2-3 марта ўқилар экан.
Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг ҳар бирида устоз ва талабалар учун масжидлар бўлган. Масалан, Мир Араб мадрасаси, Шердор мадрасаси бунга ёрқин мисолдир. Мирзо Улуғбек ўз мадрасаси ёнида ёғочдан алоҳида масжид ҳам қурган. Шунга қарамай, мадрасанинг ичида ҳам гўзал масжид барпо қилган. Нафақат Бухоро ва Самарқанд, балки юртимиздаги барча мактаб-мадрасаларнинг ўз масжиди бўлган. Бундан улуғ аждодларимиз илм билан ибодат ўртасида зиддият кўрмаганини ҳам англаш мумкин.
8. Таълим маъруза ва семинарларга эмас, якка тартибдаги машғулотларга асосланган.
Оксфорд ва Кембриж университетларини дунёдаги бошқа университетлардан ажратиб турадиган асосий имтиёз ҳам шунда – устозлар ҳар бир талаба билан мустақил ишлайди. Асосий пул ҳам шунинг учун тўланади. Бунда талабалар устоз танлашда эркин. Талаба кучи етганича устозларнинг вақтини топиб ёки сотиб олиб, улардан мустақил таҳсил олиши мумкин. Тўғри, маърузалар ҳам бор, аммо кўп эмас, асосан якка тартибдаги таълим, ҳозирги тил билан айтганда, репетитор билан шуғулланишар экан. Маърузаларга қатнашиш мажбурий бўлмаса-да, талаба ўз муваффақияти учун уни тинглашга ошиқади, чунки бу имкониятни қўлдан бой бериш унга жуда қимматга тушишини яхши билади.
Айтиш жоизки, бу услуб айнан Ислом таълимидаги устоз-шогирд анъанасидир. Бухоро ва Самарқандда охирги йиллар, яъни собиқ иттифоқ даврига қадар барча илмларда устоз-шогирд анъанаси давом этган. Нафақат диний фанлар, балки бошқа илмларда, ҳатто касб-ҳунарларда ҳам устоз-шогирд анъанаси устувор бўлган. Устозлар талабаларга мажбурлаб дарс айтмаган, билъакс, толиби илмлар улардан илм талаб қилган, акс ҳолда ўзи зиён кўришини яхши англаган. Бу ҳам таълимдаги умумий ёндашув – табиий бошқарувнинг бир намунаси бўлган. Зеро, зўракилик оғир, узоқ яшамайдиган ва самарасиз чорадир.
9. Кўпчилик коллежлар ихтисослашмаган.
Қизиғи шундаки, Оксфорд ва Кембриж университетларининг кўпчилиги бирор соҳага ихтисослашмаган. Тўғри, кимё коллежи каби ихтисослашган коллежлар ҳам бор, бироқ аксар коллежлар исталган соҳадан таълим бераверади. Мутахассис ёллаб, дастурни яхшилаб тузиб олса бас, истаган фанидан дарс уюштириши мумкин. Коллежлар ўзига талаба жалб қилиш учун бу борада ҳам ўзаро беллашар экан. Ҳатто талаба бир коллежда рўйхатдан ўтиб, бошқасидаги дарсларга қатнашиш ҳам, агар эпласа, бир нечта коллежга қатнаб, бир пайтнинг ўзида иккита-учта соҳани эгаллаши ҳам мумкин экан.
Бухоро ва Самарқанд мадрасаларининг тарихини ўргансангиз, худди шу воқеликни кўрасиз. Уларда ҳам фанлар ўхшаш бўлган, ҳар бир мадраса истаган фанни қўшимча қилиши, исталган китобни дарс дастурига киритиши мумкин бўлган. Мадрасалар одатда бирор соҳага чекланмаган.
10. Табиий ва аниқ фанлар дастлаб асосан араб тилида ўтилган.
У пайтларда илм-фан тили араб тили бўлгани учун Оксфорд ва Кембрижда диний бўлмаган фанлардаги аксар муҳим манбалар араб тилида эди. Ҳатто қадимги юнон файласуфларининг асарлари мусулмонларнинг таржималари орқали ўрганилган. Бундан ташқари, бу илмларда мусулмонлар томонидан тузатишлар қилган асарлар ҳам араб тилида бўлган. Хоразмий, Фарғоний, Розий, Ибн Сино, Беруний, Киндий, Ибн Рушд, Заҳровий, Ибн Ҳайсам ва бошқа уламоларнинг асарлари ҳам араб тилида ёзилган. У пайтларда илм-фанни бу асарларсиз тасаввур қилиб бўлмас эди. Шунинг учун Оксфорд ва Кембрижда араб тили фаол ўргатилган. Кейинроқ араб тилидаги кўплаб илмий асарлар лотин тилига ўгирилган.
Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида қадимда нафақат диний фанлар, балки барча илмлар фақат араб тилида ўрганилган ва ўргатилган. Деярли барча илмий асарлар араб тилида ёзилган. Кейинчалик, аниқроғи, мўғул босқинидан кейин илмий доирада форс тили ҳам фаоллашган. Бироқ, шундан кейин ҳам то болшевикларнинг қатағонигача юртимизда араб тили илм-фан тили ҳисобланган. Шу боис, бугун ҳам аждодлар меросини ўрганишда биз араб тилини билишга муҳтожмиз.
11. Коллежларда бакалавр, магистр ва докторлик даражалари бор.
Коллеж деса, бизда кўпчиликнинг хаёлига мактабдан кейинги ўрта махсус таълим келади. Оксфорд ва Кембриждаги коллежлар эса университетнинг факултетлари мақомида бўлиб, уларда бакалавр, магистр ва докторлик, ундан ўтиб, профессорлик даражасини ҳам олиш мумкин экан.
Бухоро мадрасаларида ҳам таълимнинг энг юқори босқичи – охунд мақомигача таълим берилган. Охунд мақоми хатми кутуб, яъни диний илмлар бўйича энг асосий китобларни тўлиқ, яхши ўзлаштирганларга берилган, уни бемалол бугунги фан доктори даражасига ўхшатиш мумкин.
12. Икки университет, яъни бу икки шаҳар олимлари ўртасида рақобат бор экан.
Кембриж университети Оксфорд коллежларидан бироз кейин таъсис этилган. Аниқроғи, Оксфорд университетлари дастлабки шаклланаётган пайтда айрим олимларга турли кўринишда босимлар вужудга келган, бунинг натижасида баъзи олимлар Фарангистонга ва Овропанинг бошқа ўлкаларига кетишга мажбур бўлган. Айни шу пайтда бир гуруҳ олимлар Кембрижга бориб жойлашиб, ўша ерда фаолият юрита бошлаган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Кембриж университетига асос солинган. Шундан бери бу икки илм шаҳрининг олимлари ўртасида рақобат бор. Бу рақобат илмий тадқиқотларда, қўлланмалар нашр қилишда яққол сезилади.
Марказий Осиёга Ислом кириб келгач, дастлаб Бухоро илм марказига айланди. Кейинроқ эса Самарқандда ҳам олимлар етишиб чиқиб, у ерда ҳам мадрасалар кўпайди. Ҳанафий фиқҳига асосланган бу икки илм шаҳрида фиқҳий қарашларда айрим масалаларда хилофлар бўлган, шунинг учун улар ўртасида доимо рақобат, илмий баҳслар бўлиб турган. Манбаларда «Бу масалада Самарқанд фақиҳлари билан Бухоро уламолари ўртасида ихтилоф бор», деган мазмундаги иборалар учрайди. Бундай беллашув ақийда илмида ҳам кузатилган.
13. Оксфорд ва Кембриж кўчалари Бухоро ва Самарқандни эслатади.
Катта-кичик кўчаларнинг икки тарафида қад кўтарган коллеж ва черковлар худди бугунги Бухоро ва Хива кўчаларидаги масжид-мадрасаларни ёдга солади. Ўлкамиздаги бошқа шаҳарларда ҳам ҳолат шундай бўлган.
Бу мақолани ёзиш асносида Бухоро мадрасалари хусусида ажойиб маълумот чиқиб қолди. Унда юқорида биз илгари сурган фикрларнинг айни тасдиқини кўриш мумкин. Ален Франк «Бухоро ва Россия мусулмонлари» номли китобида шундай ёзади:
«Борудийнинг қайд этишича, Бухоро мадрасалари моҳиятан ётоқхона вазифасини бажарган. Талабалар мадрасада истиқомат қилиши мумкин бўлса-да, одатда машғулотлар учун бошқа жойларга қатнаган. Масалан, мударрислар ўз уйида ёхуд масжидларга қарашли ўқув хоналарида (ҳужраларда) дарс ўтган. Бирор мударриснинг машғулотларида иштирок этиш учун талаба муайян бир мадрасада рўйхатдан ўтган (яшаётган) бўлиши шарт бўлмаган. Барудийнинг талқинига кўра, бутун Бухоро шаҳри яхлит бир мадраса, яъни моҳиятан ягона университет мақомида бўлган. Шунинг учун, афтидан, бирор мударриснинг маълум бир мадрасага мансублиги таъкидланганда, бу ҳолат унинг айнан шу таълим даргоҳида дарс берганлиги эмас, балки ўша мадрасанинг вақф мулкидан маош олиб тургани тушунилган».
Оксфорд ва Кембриж билан Бухоро ва Самарқанд ўртасида бу каби ўхшашликларни яна келтириш мумкин. Умуман олганда, қабул шартлари, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, дарс жараёнлари, устозларга муносабат, молиявий тасарруфлар, маънавий муҳит, илмий майдон кенглиги, фикр эркинлиги ва бошқа кўп жиҳатларда айни ўхшашликлар кўп. Шу билан бирга, уларнинг ўртасида фарқли жиҳатлар ҳам борлигини унутмаслик керак.
Мисол учун, Оксфорд ва Кембриждаги коллежларда XVII-XVIII асрларгача асосан диний илмлар ўқитилган, тажрибий илмлар деярли ўргатилмаган. Бугун эса, аксинча, коллежлар ичида динга ихтисослашгани 1-2 та холос, қолгани фақат тажрибий илмларни ўргатади. Насронийлик таълимоти Овропага киргандаёқ асл илдизларидан силжитилгани боис вақт ўтиб, илм-фан билан келиша олмай, натижада Ғарбда диний илмлар билан тажрибий (уларнинг таъбири билан айтганда, дунявий) илмлар ўртасида зиддият келиб чиққанини тахмин қилиш мумкин. Минг афсуски, ғарбий насронийлик оламига оид бу қарашни кейинчалик мусулмонларга ҳам тааллуқли деб ўйлаш ёки воқеликка зид ушбу тасаввурни мусулмонларга тиқиштириш кўплаб муаммоларга сабаб бўлди.
Аслида Исломда илмлар диний-дунявийга тақсимланмаган. Шунинг учун Бухоро ва Самарқандда тажрибий илмлар қадимдан, диний илмлар билан бир даврда ўргатилган. Ҳатто масжидларда ҳам илмлар диний-тажрибийга ажратилмай ўргатилаверган. Бир тарафда имом Бухорий, имом Термизийлар ҳадисдан таълим берса, иккинчи томонда Хоразмий ва Фарғонийлар тажрибий илмларни ўргатиши мумкин бўлган. Мирзо Улуғбек мадрасасида Қуръон, фиқҳ, математика, фалакиёт илмлари бир хонада, керак бўлса, бир устоздан ўрганилган. Ибн Сино файласуф, табиб бўлиш баробарида Қуръон ҳофизи ва фақиҳ эди. Мирзо Улуғбек математик, фалакиётшунос олим бўлиш билан бирга, ҳанафий фақиҳ ва Қуръонни етти қироатда ўқий оладиган ҳофизи Қуръон эди. Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд фиқҳда «Мухтасар» ва унинг шарҳини ёзиш баробарида, математикага оид учта асар битган. Бунга ўхшаш мисолларни юзлаб, минглаб келтириш мумкин.
Яна бир фарқ – тарихий биринчиликда. Оксфорд ва Кембриж университетлари XII-XIII асрларда пайдо бўлган. Бухоро ва Самарқанд мадрасалари эса бундан икки-уч юз йил олдин, IX-X асрларда барпо этилган.
Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-216 / 768-832) Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Имом Бухорий ва бошқа кўплаб олимлар таълим олган «Калобод» мадрасасига 800-810 йилларда асос солинган. Наршахийнинг фикрича, Бухорода 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган «Форжак» мадрасаси ҳам Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардан биридир.
Инсоф билан айтганда, Оксфорд ва Кембриж билан Бухоро ва Самарқанд ўртасида айни замонамизга оид яна бир фарқ бор. Оксфорд ва Кембрижда коллежлар яхши сақланиш билан бирга, асл мақсадларда ҳануз хизмат қилмоқда. Бир неча аср олдин қурилган коллежлар бугун ҳам илм даргоҳларидир. Уларнинг ички қулайликлари ўзгартирилиб, замонавийлаштирилган бўлса-да, ташқи кўриниши асл ҳолича сақланган. Муҳими – улар талабалар билан обод. Бироқ Бухоро ва Самарқанддаги кўплаб мадрасалар дастлаб рус босқини оқибатида, кейин болшевикларнинг динга қарши олиб борган мустабид сиёсати оқибатида йўқ қилинган. Сақланиб қолганлари ҳам бугун аксар ҳолатларда ўз вазифасини бажармаётир, илмдан мосуво. Аждодлар меросини сақлашда уларнинг васиятларини ҳам эътиборда тутиш фарзандлик бурчидир. Зотан, вақф қилинган иншоотлар нима мақсадда қурилган бўлса, шу бўйича давом этиши лозимлиги барча самовий шариатларда белгиланган.
Шуни таъкидлаш лозимки, биз Оксфорд ва Кембриж айнан Бухоро ва Самарқанддан кўчирилган, демоқчи эмасмиз. Зеро, овропаликларга у пайтларда Бухоро ва Самарқанд кўп ҳам таниш бўлмаган, улар асосан Андалусия, Мағриб ва Ироқ мадрасаларидан таъсирланган. Бу ҳақда алоҳида тадқиқотлар бор. Олимларнинг таъкидлашича, Андалусияда илм-фан ва тамаддун авжига чиққан бир пайтда, Овропада бирорта ҳам университет ёки коллеж бўлмаган. Қуртубанинг аҳолиси бир миллион кишига етган даврда Лондонда аҳоли 40.000 атрофида бўлган. Дастлаб овропалик илмсевар ёшлар Ислом ўлкаларига сафар қилиб, мусулмонлардан таълим олгани, ҳатто Овропа талабаларининг таҳсил олишида ёрдам сўраб, қиролларнинг мусулмон амирларга мактублар йўллагани тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Овропалик сайёҳларнинг Ислом ўлкаларида кўрган-билганини ўз халқларига ҳикоя қилиб бериши ҳам Овропанинг уйғонишига катта таъсир кўрсатган. Ғарб халқлари ўша даврда дунёдаги энг юксак тамаддунни барпо этган, Овропанинг шундоққина биқинида жойлашган Андалусиядан ибрат олмаслиги мумкин эмас эди. Бу мавзуга қизиққанлар керакли манбаларга мурожаат қилишлари мумкин.
Дунёнинг бугунги кундаги энг етакчи университетларини Бухоро ва Самарқанд мадрасаларига солиштириб, орадаги ўхшашликларни мулоҳаза қилар эканмиз, мусулмон инсонда ўтмишимизга нисбатан фахр ва соғинч ортиши табиий. Бунинг пировардида амалий чоралар кўрилиши замон талаби, фарзандлик бурчи экани ҳақидаги ўйлар беихтиёр қалбни эгаллайди.
Тўғри-да, қачонгача биз Оксфорд ва Кембрижни оғзимиздан сувимиз оқиб мақтаб, улардагидек шарт-шароитни ўзимизда яратмай юрамиз? Улардан икки-уч юз йил олдин бизда худди шундай талабалар шаҳарчалари бўлган экан, нега биз ўша шонли тарихимизни қайта жонлантирмаслигимиз керак? Оксфорд ва Кембрижда ўқиганларни кўкларга кўтариб мақтаб, улар олган Нобель мукофотларини санаб чиқамиз-у, нега ана шундай юксак савияли илмий даргоҳларни ўзимизда барпо қилмаймиз? Ҳавас билан тилга олаётганимиз Оксфорд ва Кембриж университетлари айнан бизда олдин мавжуд бўлган устоз-шогирд услуби, таълим эркинлиги туфайли жаҳонда илғор экан, нега биз улардан ҳам юксак бўлган илмий меросимизни тиклашга ҳаракат қилмаслигимиз керак?
Одам қилганини одам қила олади. Айниқса, инсон олдин қилган ишини яна такрорлаши осон бўлади. Биз бошқаларга маҳлиё бўлиб, ўзлигимизни унутмаслигимиз, бошқалар қачон бизга меросимизни таржима қилиб бераркин деб кутиб ўтирмай, ўз бойлигимизни ўзимиз қўлга олишимиз керак. Бошқаларнинг мўрт шохларига суянмай, ўзимизнинг бақувват илдизимизда оёққа туришимиз лозим. Ана шунда биз ўзгаларга мутеълик қилмай, ўз ҳурриятимизга, ўзлигимизга том маънода эга бўламиз. Ҳаммадан ҳар нарсани олавериш, ўзига ҳадеб бошқаларнинг нигоҳи билан баҳо бериш ёки фақат ўтмишни ҳикоя қилиб яшаш – ожизликдир.
Илгари бўлмаган бўлса, бугун имконият бор. Юртимиз мустақил. Бой меросимизни тиклаш давлатимизнинг устувор мақсадларидан бирига айланган. Халқда лаёқату иштиёқ бисёр. Илмга чанқоқ ёшлар ҳеч қаерга сиғмаётир. Ихтиёр ўзимизда. Ҳаётий режа, сиёсий ирода ва Аллоҳга таваккул бўлса бас. Бунга вақти ўтган стандартлар, мавҳум хатарлар, ағёрнинг қош-қовоғига қарашдан бошқа монелик бўлмаса керак. Ақлни ёпишқоқ фикрлардан тозалаб, нафсларни поклаб, ҳаётга қалб кўзи билан қарашимиз лозим. Оёғимизни ўзимиз тушовлаб, қўлимизни ўзимиз боғлаб олмаслигимиз керак. Кўпқутбли дунё шаклланаётган, катта давлатлар ўз қадриятларини илгари сураётган бугунги давр ўзликни тиклаб, жаҳон саҳнасида ўзига ўрин олиш учун айни муддаодир. Бу қулай фурсатдан унумли фойдаланиш доноликдир, келажак авлод олдидаги бурчдир. Бу мавзунинг айни пайтда ўртага чиқиши ҳам бежиз бўлмаса керак. Ҳаётда ҳеч бир иш беҳикмат, беизн эмас. Яхшилик бўлса, Аллоҳ таолодан, камчиликлар эса муаллифнинг бандалик хусусиятидандир.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
28.10.1447
16.04.2026