ОТАМ ҚОЗИ, МЕН ҲАМ ҚОЗИ БЎЛАМАН...

ОТАМ ҚОЗИ, МЕН ҲАМ ҚОЗИ БЎЛАМАН...

ЖИБ Наманган вилоят суди

Салжуқийлар давлатида 30 йил бош вазирлик қилган Низомулмулк ўз ҳисобидан «Низомия» мадрасасини қурдириб, ўзиҳам у жойда мударрислик қилган экан. Бир куни у сарфлаётган маблағлари хайр келтиряптими-йўқми, болалар қандай дарс олаётганлигини билиш учун мадрасага келиб, толиби илмларни сўроққа тутибди. Вазирни юзидан танимаган болалар ростини айтишибди.

— Менинг отам муфтий, бир кун отам ўлса, ўрнига мен муфтий бўламан, — дебди бир бола.

— Мен маҳкамада ишлайдиган қозининг ўғлиман. Илм ўқийверсам, бир куни мен ҳам отамнинг ўрнига қози бўламан, — дебди иккинчи бола.

Уларнинг жавобидан хафсаласи пир бўлган Низомулмулк менинг хизматларим зое кетяпти экан, мадрасани ёпаман деган ниятда хонақоҳдан чиқаётиб, китоб ўқиб турган кичкина болани учратибди. Ундан ҳам нимага илм ўрганаётганини сўрабди.

— Ақлий ва нақлий далиллар билан менга маълум бўлдики, бу дунёнинг Эгаси бор экан. У зотнинг бандалари устига тўхтовсиз раҳматлари ёғиларкан. Унинг неъматлари ҳеч қачон узилмас экан. Шунча неъматлари шукрига биз ҳам У зотни рози қилишимиз керак экан. Дунёлар соҳиби бўлган Зотни қандай рози қилсам бўлади, деб илм ўрганяпман, — дебди ҳалиги бола.

Шунда Низомулмулк хурсанд бўлиб, биргина боланинг нияти софлиги менга кифоя қилади, мадрасани асло ёпмайман, дея аҳд қилибди.

Низомулмулк шундай ақлли жавоб берган болакай Имом Ғаззолий эдилар.

Файласуф ал Ғаззолий Тус шаҳрида туғилиб ўсди. Жуда ёшлик чоғиданоқ олимлик поғонасига кўтарилди. 1091 йилдан бошлаб у Бағдоддаги машҳур Низомий мадрасасида талабаларга фалсафа ва илоҳиёт илмидан сабоқ берди. У 34 ёшида кучли руҳий инқирозни бошидан кечирди. Шундан сўнг ҳақиқатни файласуфлар белгилаган йўлдан топа олмаслигини тушуниб, мударрисликни ташлади ва мустақил равишда тасаввуф илмини ўрганишга киришди. Орадан 11 йил ўтгач, имом Ғаззолий яна мадрасага қайтиб, талабаларга таҳсил бера бошлайди. У бутун умрини ҳақиқатни одамларга тушунтириш ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришга бағишлади.

Ғаззолийнинг фалсафа, тасаввуф илмига оид асарлари жуда ёрқин, равон ва тушунарли услубда битилган. Қуйида унинг ана шундай асарларидан баъзиларини санаб ўтамиз:«Файласуфларнинг мақсадлари», «Файласуфларнинг раддияси», «Дин ҳақидаги фаннинг туғилиши», «Олам жавони» ва ҳ.к.

Абу Ҳомид Муҳаммад Ал Ғаззолий (1058-1111)


Манба: muslim. uz, ziyo. uz


Report Page