ОТАЛАР ЖАСОРАТИ-ИБРАТ МАКТАБИ

ОТАЛАР ЖАСОРАТИ-ИБРАТ МАКТАБИ



Бу йилги “9 май - “Хотира ва қадрлаш куни “ Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага 75 йил тўлиши билан икки карра аҳамиятлироқдир.

Ўтган асрнинг 1939-1945 йилларида бўлган Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мисли кўрилмаган йўқотишлар, изтироблар, уқубатларни солган. Кўплаб халқлар қатори ўзбек халқи ҳам бу урушдан мислсиз азиятлар чеккан.   1418 кун давом этган бу қирғинбарот урушда вилоятимиздан ҳам 30 мингдан  ортиқ киши иштирок этиб, 10000 дан ортиғи жангоҳларда ҳалок бўлган, бедарак йўқолган.

Шу Ватан, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган аждодларимиз руҳи олдидаги бурчимизни адо этганлар, десам муболаға бўлмас.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ана шу даҳшатли кунларни бошидан ўтказиб, қонли кунларни кўрган, фронтдан келиб Ватанимиз гуллаб яшнаши учун бутун умр сидқидилдан меҳнат қилган икки юртдошимизни бугун эслашни лозим кўрдим. Зеро шундай рўзаи-рамазон кунларида қаҳрамон ота-боболаримизни эслаш ҳозирги авлодларнинг бурчидир.

 

Нажим Қурбонов

Умри давомида минглаб ёшларга сабоқ берган устоз муаллим Нажим Қурбонов 1919 йилда Кармана туман Дўрман қишлоғида таваллуд топган. Аввалига Самарқанддаги "рабфак" (ишчилар факультети)ни кейинчалик Самарқанд давлат университетининг география факультетини битирган.

1939 йилда армия сафига чақирилиб хизматни тугатаётган вақтида уруш бошланиб қолган. Куйбишев шаҳридаги ҳарбий билим юртида бир оз вақт ўқиб, отлиқ аскарлар разведка бўлинмаси командири сифатида фронтга кирган. Учинчи Украина фронтида хизмат қилиб, Запорожье, Никополь шаҳарлари учун жангларда иштирок этган. Бир неча бор яраланган. 1944 йили рўпарасида мина портлаши оқибатида юзи ва елкасидан олган оғир жароҳати айниқса жиддий бўлган. Ҳарбий госпиталда 40 кун ётиб, жағи ва тишларини қайтадан сим билан тортиб бир оз тузалгандан кейин яна жангга йўл олган. Ҳамиша ўзи билан юрадиган содиқ “Баян” лақабли оти кўп бор уни ўлимлардан сақлаб қолган. Тулпори шу қадар ўргатилган бўлганки, разветкага чиққан пайтлари душманни сезса дарҳол тўхтаган, бўйнига икки бор шапатиласа от ётган, ҳуштак чалса чопиб келган. (Қизиқ бир воқеани домланинг қизлари Дилором опа айтиб берди. 1968 йили оталарининг бирдан мазаси қочиб касалхонага ётқизилганда шифокорлар ренгент орқали юзида қолиб кетган  осколка парчасининг қолдиғини кўриб ҳайрон қолишган. Орадан салкам 25 йил ўтиб ўша ўқ парчасини олиб ташлашган экан.) Нажим Қурбонов 1945 йил 9 май куни Венгрия давлати ҳудудида жанговор постда турганда ғалаба хабарини эшитган.

Урушдан капитан унвони ва кўксида бир қанча жанговор медаллар билан қайтгач Карманадаги 3-сонли мактабда ҳарбий таълимдан, 1950 йилдан то 1990 йилгача 1-ўрта мактабда ўқитувчи, директор ўринбосари, директор вазифаларида фидокорона меҳнат қилган.

Ҳалол хизматлари эвазига 14 та медаллар, “Ватан уруши” ордени, “Халқ маорифи аълочиси” ва 1964 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвонларига сазовор бўлган. 2011 йил 24 майда 95 ёшида вафот этган. Домланинг 6 нафар фарзандлари бугун турли соҳаларда халқимизга хизмат қилишади.

Борис Шалатонин

Борис Степанович Шалатонин 1921 йилда Бошқирдистоннинг Зилаир тумани Кано-Николск қишлоғида туғилган. Кейинчалик оиласи билан Карманага келиб яшаган давриларида уруш бошланиб, фронтга шу ердан кетган. Аввалига 1941йилда Жанубий-Ғарбий фронтда, ундан кейин Шимолий Ғарбий фронтда санитар - инстуктор бўлиб хизмат қилган. Икки марта 1941 йил 8 октябри ва 1942 йил 12 майда яраланган. “Жасурлиги учун” (1942 й.) ва “Япония капитулияциси учун” (1945й.) медаллари, ”Ватан уруши” ордени билан тақдирланган. Унинг мукофотга тақдим этиш варақасида қуйидаги жанговор жасорати ёзилган. Бу бирмунча қизиқарли бўлган учун баён этаман.

1942 йили 27 сентябрдан- 3 октябргача Козлово-Великое Село ҳудуди учун бўлган шиддатли жангларда Б.Шалатонин 26 нафар ярадор аскар ва офицерларни қутқарган, сўнгра ҳаётини хавф остига қўйиб бўлсада, қайтиб бориб уларни қуроллари – винтовка, автомат, қўл пулемётини жанг майдонидан олиб чиққан.Жами 46 нафар ярадорларни яраларини боғлаб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. (Шимолий ғарбий фронт, 397 ўқчи дивизияси, 446 ўқчи полки командири майор Ленский тақдимномасидан). Унинг жанговор биографиясида 1945 йилги Япония билан бўлган урушдаги ғалаба шарафига медал билан тақдирлангани ҳам қайд этилган.

Урушдан кейин бу киши Карманадаги 2- сонли ўрта мктабда, Тошкент Политехника институти Навоий филиалида ёшларга дарс берган.

Б.Шалатонин умрининг охиригача Кармана ва унинг атрофидаги манзил-маконлар тарихи билан шуғилланган фидоий инсон эди. Айниқса унинг Сармишсой дарасидаги тошларга ўйиб чизилган петроглифлар бўйича олиб борган тадқиқотлари Республика олимлари томонидан эътироф этилган. Домлани билганлар дарадаги ҳар бир тош, ҳар бир қояни яхши танийдиган киши деб эслашади. Кексайган чоғларида “Дарё бўйидаги шаҳар” (город на берегу Зарафшана) китобини ёзиб қолдирган.

Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаса Кенгаши раиси ўринбосари Шухрат Халилов


Каналимизга аъзо бўлиш учун: @navoi_kasaba

Муҳокамалар учун: @navoiy_kasaba

                        

Report Page