ОТА-ОНАЛАР БИЛАН САМИМИЙ МУЛОҚОТ

ОТА-ОНАЛАР БИЛАН САМИМИЙ МУЛОҚОТ

Навоий вилояти адлия бошқармаси

  Киши ўз соҳасида самарали ишлаши учун аввало унинг оиласи тинч, рўзғори бут бўлиши лозим. Айниқса, фаолиятда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, хизмат вазифасига виждонан ёндошиш, ҳалоллик ва жонкуярликда оиланинг ўрни беқиёс. Адлия органларида ходимларни маънавий қўллаб-қувватлаш, соҳада соғлом муҳитини шакллантириб бориш мақсадида оилалар билан ишлаш тизими амалда жорий этилган.

Шу муносабат билан Навоий вилояти адлия бошқармасида ҳам ёш ходимларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларида фаолият юритаётган ходимларининг 45 фоизини 30 ёшгача бўлган кадрлар ташкил этади. Уларни қўллаб-қувватлаш, иш шароитларини замон талабларига мослаштириш, ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбир аввалида ота-оналар бинода ходимлар учун яратилган ана шундай шароитлар ва мавжуд имкониятлар билан таништирилди.

- Фарзандим адлия боқшармасида ишлаётганидан фахрланаман. Бугун ходимлар учун яратилган қулайликларни кўриб янада қувондим. Бундай жойларда ишлар кўпчиликка орзу. Меҳнат қилиб толиқса дам оладиган алоҳида жойи, мутолаа учун кутубхонаси, саломатлигини мустаҳкамлашга спорт заллари ҳам бор. Бу неъматларга шукур қилиш ва фақат садоқат ва ҳалоллик билан ишлаш керак, - дейди Ахтам Эсанов.

Шундай сўнг, бошқарма бошлиғи иштирокида меҳмонлар билан самимий мулоқот ташкил этилди. Суҳбат мобайнида умидли ёш кадрларни рағбатлантириш мақсадида тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилиб, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш ва меҳнат вазифасига сидқидилдан, ҳалол, виждонан ва садоқат билан ёндошишда оиланинг, айниқса ота-онанинг ўрни беқиёс эканлиги айтиб ўтилди. 

- Биз доимо фарзандларимизнинг йўли ёруғ бўлиши учун дуо қиламиз. Аммо ҳар доим ҳам ишига виждонан, ҳалоллик билан ёндошиши, бировдан пул олмаслиги, ўзини, ишхонасининг обрўсини тўкмаслиги айтилмайди. Айниқса, бугунги суҳбатдан кейин, ана шу нарсани ҳар дақиқада дуоларимизга қўшиб такрорлашимиз кераклигини яна бир маротаба қалбан ҳис этдим. Чунки фарзандларимиз ҳали ёш, шу ёшида бу каби имкониятларга эга бўлиш катта масъулиятни талаб этади. Тўғрисини айтиш керак, адлия органларидаги шароит, бу ердаги рағбатлантиришлар ҳамма жойда ҳам йўқ. Буни қадрига етиш керак. Менинг қизим ҳам бир йилдан буён шу тизимда ишлаб келаяпти. Мулоқот тугагандан кейин унга яна ҳам яхши ишла, қадрига ет деб қайта-қайта такрорладим, - дейди Феруза Ташанова.
Навоий вилояти адлия бошқармаси

Report Page