ОРЗУЛАР УШАЛГАН КУН: Президент ташриф буюрган онкология марказидаги болаларнинг кайфияти қандай?

ОРЗУЛАР УШАЛГАН КУН: Президент ташриф буюрган онкология марказидаги болаларнинг кайфияти қандай?

ССВ Матбуот хизмати

Хабарингиз бор, шу йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлиб, у ерда даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олган эди.

Ҳаммамизга маълумки, онкологик касалликлар бутун дунёда даволаш учун катта маблағ ва юксак тиббий имкониятлар талаб қиладиган хасталиклар қаторига киради. Айниқса, сўнгги йилларда онкологик касалликларнинг "ёшариб" бораётгани барчани хавотирга солмоқда. Президентимизнинг муборак айём кунларида айнан онкологияга ихтисослаштирилган марказга ташриф буюргани ҳам бежиз эмас.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган Нодирагим Қосимова онаси Комила Атаханова билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

Учрашув чоғида бемор болаларнинг ҳар бири билан давлат раҳбарининг шахсан ўзи суҳбат қилди, уларнинг муолажалари учун зарур шароитларни муҳайё қилиш, уларнинг тезроқ тўлақонли ҳаётга қайтишлари учун мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. ССВ Матбуот хизмати шу кунларда бутун мамлакатнинг эътиборида турган тиббиёт марказининг болалар бўлимида даволанаётган беморлар ва уларнинг ота-оналарининг кайфияти ва таассуротларини ўрганди.


Сабрина — Йўл ҳаракати хавфсизлиги фахрий ходими

Президентимиз билан учрашувда “катта бўлсам "ГАИ" ходими бўламан” деган қизалоқни эслайсизми? Унинг исми Сабрина. Наманган вилояти Чуст туманидан келган Сабрина Инсофалиева 2003 йил туғилган. Куни кеча Ички ишлар вазирлиги масъуллари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими махсус либоси, ИИВ ЙҲХББ фахрий аъзолик гувоҳномаси ҳамда эсдалик совғалар билан ташриф буюришганида Сабринанинг қувончининг чеки йўқ эди.

Фото: ССВ Матбуот хизмати.

Икки йилдан бери ўнг сон орқа юзаси нейроген саркомаси ташхиси билан даволаниб келаётган қизалоққа Президентимиз билан юзма-юз суҳбатда чет элдан ўнг чаноқ-сон бўғинига протез олиб келишга ваъда қилинди.

Сабрина онаси Феруза Муҳсинова билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).
—  Президентимиз билан учрашиш етти ухлаб тушимизга кирмаган эди. Аллоҳ мушкулимизни давлатимиз раҳбари орқали осон қилишни тақдир қилган экан, — дейди Феруза опа Муҳсинова. — Бугун қизимнинг қувончдан дардлари аригандек бўлди. Шунчалик эътибор бериб, ҳар бир беморнинг эҳтиёжини ўрганиб, уларни муҳайё қилишга тайёр турган инсонлар сабаб оғир дард билан курашаётган боламнинг кўзлари кулганини кўриш насиб қилганига шукр қиляпман. Қизимнинг шифо топиши учун меҳнати сингган барча тиббиёт ходимларидан чексиз миннатдормиз. Касб-корларидан элнинг раҳматини олиб юришсин, — дейди суҳбатдошимиз.

 

“Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келган қизим сенмисан?”

—  Президентимиз келганларида мен муолажа олаётганим сабаб ёнларига чиқа олмагандим. Ҳеч кутилмаганда ўзлари “Сочида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келган қизим сенмисан?” деб палатамизга кириб келганларида ўзимни йўқотиб қўйдим, — дея гап бошлайди болалар бўлимининг 9-палатасида даволанаётган Нодирабегим Қосимова.
Нодирабегим марказ бўлим мудири Тожиддин Мустафоев билан. (Фото: ССВ Матбуот хизмати).

Нодирабегим асли бадиий гимнастика билан шуғулланар экан. Ушбу спорт тури бўйича Россиянинг Сочи шаҳрида ўтган халқаро мусобақада гран-прини қўлга киритиб келган. Кейинчалик оёғида ўсимта борлиги тахмин қилиниб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилган. Жамоат ишларида ва спорт турнирларида фаол қизалоқ оғир хасталикка чалинганини эшитган ота-онанинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг соғлигини тиклаш учун давлатимиз томонидан ажратилган ордер тизими оиланинг жонига оро кирди.

Фото: ССВ Матбуот хизмати.
—  Бу шифохонага келганимизга кўп бўлмади, — дейди Нодирабегимнинг онаси Комила Атаханова. — Президентимиз билан учрашувга чиққанимизда улар ҳамманинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжини сўраб қолдилар. Менга навбат етганида хижолат тортдим. Менинг-ку тўрт мучам соғ, қизимнинг ортидан келган бўлсам. Нодира қизим палатада қолган эди. Президентимиз “унда палатасига бориб кўрамиз”, дедилар. Эсдалик учун суратларга тушилганидан сўнг, мени чақирганларида шошиб қолдим. Ҳаммадан ажралиб, давлат раҳбари билан қизимнинг палатасига йўл олдик. Уларни оддий самимий инсон экани ҳақида эшитган эдим. Бир бемор қизнинг кўнглини кўтариш учун қилган алоҳида эътиборига гувоҳ бўлиб, бунга яна бир бор амин бўлдим. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

 

▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi

 

 

 


Report Page