ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР НЕГА КЎПАЙМОҚДА, УНИНГ ИЛК БЕЛГИЛАРИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАСА БЎЛАДИ?

ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР НЕГА КЎПАЙМОҚДА, УНИНГ ИЛК БЕЛГИЛАРИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАСА БЎЛАДИ?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Кейинги йилларда дунё бўйлаб онкологик хасталикларнинг кўпайиб бораётгани ушбу соҳа ривожига жиддий эътибор қаратишни талаб этмоқда. Хўш, онкологик касалликлар нега кўпаймоқда, унинг илк аломатларини қандай аниқласа бўлади, даволаш ва профилактикаси нималардан иборат каби қатор саволлар билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайховга мурожаат қилдик.

1-қисм

Мирзағолиб Тиллашайхов, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Бугунги кунда онкологик касалликларнинг кўпайиб бораётганига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

– Дарҳақиқат, онкологик касалликлар бутун дунёда бўлгани каби, юртимизда ҳам, афсуски, йил сайин кўпайиб бормоқда. Жаҳон бўйича ҳар йили 16 миллион нафар онкологик беморлар аниқланади. Юртимизда эса 2013 йилда 20 минг нафар онкологик бемор аниқланган бўлса, 2019 йилнинг ўзида беморлар сони 24 648 нафарни этди.

Беморлар сонининг ошиб бораётганлигига бир неча омилларни сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Албатта, ушбу омиллар сирасига атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлимнинг глобал ўзгариши, истеъмол қилаётган озиқ-овқат ва ичаётган сувимиз таркибида турли сунъий қўшимчаларнинг кўпайиб бораётгани, зарарли одатлар ҳамда жисмоний фаолликнинг пасайиб бораётганлиги каби жиҳатларни киритишимиз мумкин.

Шу ўринда яна бир муҳим омилни келтириб ўтиш жоиз. Бу – дунё аҳолиси сонининг йил сайин кўпайиб бораётгани ва аҳоли яшаш давомийлигининг ортиб бораётганидир. Масалан, 1975 йилда ер шари аҳолиси сони 4 миллиард бўлган бўлса, ҳозирда 8 миллиардга яқинлашди, яъни 2 баробар ошди. Инсониятнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам йил сайин узайиб бормоқда.

Инсоният қариган сари, деярли барча аъзоларнинг онкологик касалликлар билан касалланиш эҳтимоли ортиб боради. Шу сабабли ҳам аҳолисининг кўпчилик қисмини пенсия ёшидаги кексалар ташкил этувчи Шарқий Осиё, Америка, ва айниқса, Европа давлатларида онкологик касалликлар билан касалланиш энг юқори даражада. Ўзбекистон аҳолисининг 30,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 58,9 фоизи эса меҳнатга лаёқатли ёшда ва бор йўғи 10,6 фоизи бу ёшдан юқори кишилардир. Демак, қарийб 90 фоиз аҳоли меҳнатга лаёқатли ёшда ва ундан кичик экан. Юртимиз аҳолиси таркибининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил этиши ҳисобига ҳам онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи нисбатан пастроқ.

Эслатиб ўтиш керакки, қайси мамлакатда онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичининг юқори бўлиши, шу юртда тиббиёт унча ривожланмаганлиги ёки шифокорлар яхши ишламаётганлигининг белгиси эмас. Аксинча, бу ҳолат онкологик ҳизматнинг яхши йўлга қўйилгани, тиббиёт муассасаларининг янги ускуналар билан жиҳозлангани ва замонавий диагностиканинг яхши йўлга қўйилгани ҳисобига ҳам бўлади. Асосийси, аниқланган онкологик беморлар ичида эрта босқичлар фоизининг юқори бўлиши муҳимдир.


– Онкологик касалликка чалинганда унинг илк аломатлари билинадими ёки фақат тиббий текширув орқалигина аниқлаш мумкинми?

– Онкологик касалликларнинг кўзга кўринувчи, яъни визуал жойлашган турларининг илк белгиларини инсон ўз соғлиғига эътиборли бўлса, тез аниқлаб олиши мумкин. Ўсмаларнинг учдан бир қисмини визуал ўсмалар ташкил этади. Уларга тери, лаб, оғиз бўшлиғи, қалқонсимон без, сут бези каби ўсмалар киради. Агар шу аъзоларда шиш, тугун, битмайдиган ва оғриқсиз яра, қон келиши каби белгилар пайдо бўлса, ва айниқса, ушбу белгилар секин-аста кучайиб, ўсиб борса, одатий даво самарасиз бўлса, оилавий поликлиника шифокорига мурожат қилиш зарур. Поликлиника шифокорлари, биз, онкологлар томонидан доимий онкологик эҳтиёткорлиги ошириб борилганилиги сабабли, ўсмаларнинг илк белгиларини жуда яхши билишади. Шубҳа бўлган ҳолатларда, чуқурроқ текшириш учун онколог шифокорга юборишади.

Ички аъзолар онкологик касалликларининг ҳам қайси аъзо зарарланишига қараб илк белгилари бор, албатта. Аммо, улар кўпчилиги специфик, яъни фақат онкологик касалликларга тегишли эмас. Шунинг учун ҳам кўпинча бошқа касалликлар бўйича даволаниб, самара бўлмагач, сўнгра чуқурроқ текширилганда онкологик касалликлар аниқланади. Кучли оғриқ пайдо бўлиши, ичнинг келмаслиги, овқатнинг тиқилиб ўтиши ёки умуман ўтмай қолиши, йўтал билан қон келиб ҳансираш, ҳаво етмаслиги каби белгилар, одатда, касалликнинг кечки белгиларидир. Онкологик касалликлар эрта, яъни 1-2 босқичларда маҳаллий ўсма дейилади, яъни, бир аъзодан ташқарига ўсиб ўтмаган бўлади. Шу сабабли ҳам, одатда, белгисиз кечади. Қувватсизлик, озиш, бироз оғирлик ҳисси, иштаҳа пасайиши, тана ҳароратининг бироз ошиши каби умумий белгилар бўлиши мумкин. Аммо бу белгилар бошқа касалликларда ҳам бўлгани сабабли, одатда, онкологик касалликларга гумон қилинмайди ва энг зарур вақт йўқотилади.

Шу сабабли ҳам, одамлар онкологик касалликлар белги бермасдан олдин, режали ва доимий профилактик кўрикдан ўтиб туришса ва скрининг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан аниқланса, одатда, бу ҳолатлар 1-2 босқичда бўлади. Уларни даволаниши ва соғайиши самарали бўлади. 

Шунинг учун ҳам, онкологик касалликлар билан хасталаниш ҳолатларининг ортишидан қўрқиш керак эмас. Бу диагностиканинг яхшиланиши белгисидир. Асосий кўрсаткич – уларнинг қанчалик эрта босқичларда аниқланаётгани ҳисобланади. 


Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Вазирлик расмий канали — @ssvuz

Report Page