ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИККА КИМЛАР КЎПРОҚ ЧАЛИНАДИ?

ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИККА КИМЛАР КЎПРОҚ ЧАЛИНАДИ?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов билан суҳбат (2-қисм).

Мирзағолиб Тиллашайхов, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори

– Онкологик касалликларга аҳолининг қайси қатлами кўпроқ чалинмоқда, бунинг сабаблари нимада?

Онкологик касалликлар билан ҳар иккала жинс вакили ҳам, ёшу қари ҳам, ҳар қандай касб эгаси ҳам касалланиши мумкин. Масалан, ўпка саратони, меъда, тўғри ичак, жигар саратони, тери саратони, лимфомалар ҳам эркакларда аёлларга нисбатан кўпроқ учрайди. Аёллар эса эркакларга нисбатан йўғон ичак саратони билан 2 маротаба кўпроқ касалланишади. Шу билан бирга, аёллар кўпроқ жинсий аъзо онкологик касалликлари билан касалланишади.

Ёш ўтган сари онкологик касалликлар учраши эҳтимоли ошиб боради. Аммо болалар кўпроқ касалланадиган, масалан, нефробластомалар, герминоген, тератоген ўсмалар ҳам бор. Ўсма касалликларининг “ёшариб” бораётганлигига сабаб қилиб, юқорида, қайд этганимиздек, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлимнинг глобал ўзгариши, истеъмол қилаётган овқат ва сувимиз таркибининг турли сунъий қўшимчалар билан бойиб бораётгани, зарарли одатлар кабиларни келтиришимиз мумкин.

– Онкологик касалликка чалинмаслик учун соғлом овқатланишнинг ўрни қандай?

Инсон турмуш тарзининг, айниқса, соғлом овқатланишнинг онкологик касалликлар билан касалланишда аҳамияти катта. Энг аввало, соғлом овқатланиш маданиятига риоя этиш зарур. Яъни, таркибида инсон соғлиғи учун зарарли моддалари бўлган озиқ-овқат ва ичимликларни истеъмол қилиш саратонга олиб келиши мумкинлиги замонавий илм-фанда тўлиқ тасдиғини топган. Бундай озиқ-овқатлар қаторига қизил гўшт, колбаса ва бошқа қайта ишланган маҳсулотлар, ёғли таомлар, шакар, тузни кўп истеъмол қилишни киритиш мумкин.

Бундан ташқари, чекиш, ичиш, семизлик ҳам саратонни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига киради. Озиқ-овқатлар таркибида гени ўзгартирилган маҳсулотлар, канцероген моддалар кўп бўлган нотабиий таомларнинг бўлиши ҳам бу ҳавфни оширади. Масалан, аччиқ таомлар кўп истеъмол қиладиган Шарқий Осиё давлатларида қизилўнгач ва меъда саратони кўп учраши, спиртли ичимликлар қабул қиладиган инсонларда жигар, йўғон ичак ўсмалари, чекувчиларда ўпка саратони, нос чекадиганларда оғиз бўшлиғи ўсмаларининг кўп учрашини бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Жуда қайноқ ва муздек таомлар доимий истеъмол қилиш ҳам тавсия этилмайди. Овқатланишда табиий маҳсулотлардан иборат таомларни ўз вақтида, мунтазам истеъмол қилиш зарур. Юқорида келтириб ўтилган зарарли маҳсулотларни рационда чеклаш орқали онкологик касалликлар билан касалланиш эҳтимолини бир неча баробар камайтиришга эришиш мумкин.

– Онкологик касалликка чалинмаслик ва унинг олдини олиш учун асосан нималарга эътибор бериш лозим, унинг профилактикаси нималардан иборат?

Онкологик касалликлар билан оғримасликнинг, афсуски, юз фоизлик ечими мавжуд эмас. Аммо, ушбу касалликларга чалиниш эҳтимолини бир неча бор камайтиришга эришиш мумкин. Бунинг учун эса, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар бир инсон кундалик ҳаётида амал қилиши мумкин бўлган оддий усуллар ёрдамида онкологик касалликларнинг олдини олиш мумкин. Яъни, рационал овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш, чекиш, ичиш каби зарарли одатлардан тийилиш, умуман олганда, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш инсонни бундай оғир касалликлар билан хасталаниш эҳтимолини камайтиради.

Баъзи саратон турлари, масалан, бачадон бўйни саратонининг келиб чиқишида одам папилломаси вируси (ОПВ) сабаб бўлиши исботланган. Шу сабабли, қизларни ёшлик чоғида ОПВга қарши оммавий эмланиши, кейинчалик бачадон бўйни саратони касаллигининг 90 ва ундан кўп фоизга камайишига олиб келиши тасдиқланган. Шу сабабли ҳам, юртимизда 9 ёшлик қизларни ўтган йилдан бошлаб ОПВга қарши эмлаш ишлари ялпи бошлаб юборилди.

Агар текширишлар натижасида онкологик касалликларга гумон қилинса, ноанъанавий усуллар билан даволаниш қимматли вақтни бой бериш билан бирга, касалликни аниқлаш жараёнини ҳам кечикиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун онкологик касалликлардан сақланиш мақсадида малакали онколог маслаҳатидан ўтиб қўйишнинг ҳеч қандай хавфли томони йўқ. Аксинча, бирор кишини ушбу касалликда гумон қилиб онкологга юборган шифокорга раҳмат айтиб қўйиш керак. Чунки бундай ҳушёрлик кечки босқичлардаги онкологик касалликлар сонининг камайишига олиб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Вазирлик расмий канали — @ssvuz

 


Report Page