ОНКОЛОГИК БЕМОРЛАРНИ ДАВОЛАШДА ҚАНДАЙ ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА МУОЛАЖА УСУЛЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА?

ОНКОЛОГИК БЕМОРЛАРНИ ДАВОЛАШДА ҚАНДАЙ ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА МУОЛАЖА УСУЛЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб ТИЛЛАШАЙХОВ билан суҳбат (3-қисм).

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази

– Бугунги кунда онкологик касалликларга чалинган беморларни самарали даволашда қандай замонавий тиббий технологиялар ва даволаш усулларидан фойдаланилмоқда?

Замонавий онкология амалиётида жарроҳлик, нур терапия ва ўсмага қарши дори воситалари ёрдамида даволаш усуллари мавжуд бўлиб, одатда, улар биргаликда комплекс ва аралаш шаклда қўлланилади. Аҳолимизга ихтисослашган онкологик ёрдам кўрсатишни тубдан яхшилаш мақсадида юртимиз онкология тизимида ҳам сўнгги йилларда катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз тиббиёт соҳасига, айниқса, онкология соҳасига жуда катта эътибор қаратмоқда. Шу жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда онкология тизимини шакллантириш ва ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этди.

Мазкур қарор ижроси доирасида марказимиз, шунингдек, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 3 та ҳудудлараро иммуногистохимик лабораториялар ташкил қилинди. Барча филиалларга компьютер томография қурилмалари олинди. 3 та филиалга замонавий лапароскопик ускуна харид қилинди. Марказимиз ва филиаллар томонидан ушбу жарроҳлик комплексларининг олиниши натижасида кам инвазив ва юқори технологияга асосланган мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилмоқда.

Нур терапия ўтказиш учун икки дона замонавий чизиқли тезлаткичлар харид қилиниб, марказимиз ва Тошкент шаҳар филиалларимизда беморларга самарали нур терапия ўтказиш учун қўлланилмоқда. Ушбу ускуналар ёрдамида республикада биринчи бор радиохирургик стереотаксик нур терапия ўтказилди. Бундан ташқари, республика бўйича 11 та гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик ускуналар ўрнатилмоқда.

2017 йилдан бошлаб химиотерапевтик дори воситалари учун йилига 5,5 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ ажратилди. Бу эса 2016 йилга нисбатан қарийб 5 баробардан кўп дегани. Дори воситалари билан таъминот эса 12-15 фоиздан 85-90 фоизга яхшиланди. 

Барча вилоят филиалларида кечки босқичлардаги беморларга ёрдам кўрсатиш учун жами 200 ўринли паллиатив ёрдам бўлимлар ташкил қилинди. Кечки босқичлардаги, махсус давога эҳтиёжи бўлмаган, оғир беморларга ёрдам кўрсатувчи 4 та ҳудудлараро Хоспислар Тошкент шаҳри, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида ташкил қилинмоқда.

Эътиборли жиҳати, 2019 йилда марказимизда замонавий талабларга жавоб берувчи янги консультатив-диагностик марказ биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу бинода беморлар ва улар билан бирга келганлар учун барча шаоитлар муҳайё қилинган: электрон регистрация, қабулга электрон ёзилиш имконияти, шинам кутиш зали ва регистратура ҳамда барча қулайликларга эга мутахассислар хоналари шулар жумласидан.

Марказимизда замонавий реферес-лаборатория қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилиш арафасида. Ушбу лабораторияда гистологик, цитологик, цитогенетик, HLA, ПЗР ва молекуляр тадқиқотлар, клиник патология ва ИФА, махсус биокимия, микробиология ва серология, иммуногистокимия каби текширишларни юқори аниқликда ўтказиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда марказимизда сўнгги русумдаги изоляцияланган жарроҳлик блокини ўз ичига олган замонавий жарроҳлик корпусини қуриш ишлари якунланмоқда. 

– Онкологик касалликларни даволашда халқаро ҳамкорлик, хорижий клиникалар ва малакали шифокорлар билан тажриба алмашиш қай даражада йўлга қўйилган?

Давлат дастури доирасида ҳозирги кунгача 17 та етакчи хорижий клиникалар ва институтлар билан меморандум имзоланди. Энг катта ютуғимиз эса, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган жамғарма ҳисобидан, 2017 йили 40 нафар, 2018 йилда 55 нафар ва 2019 йилда 40 нафар мутахассисларимиз АҚШ, Польша, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Беларус, Жанубий Корея ва бошқа нуфузли чет эл муассасаларида давлат маблағлари ҳисобидан 1-2 ой давомида ўз малакаларини ошириб келишди.

Ўтган йилда марказимиз ва юртимиз онкология ассоциацияси ESMO, яъни Европа тиббий онкологлар жамиятига аъзо бўлиб кирди ва Барселона шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги анжуманда тарихимизда биринчи бор Ўзбекистонда онкология тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусида маъруза қилинди.  

Ҳозирда ривожланган чет эл клиникаларининг етакчи мутахассислари томонидан маҳорат дарслари, қўшма анжуманлар, оnline конференциялар, вебинарлар ташкил этилмоқда ва дунё онкология фани янги ютуқларини юртимиз онкология амалиётида татбиқ этиш, шифокорларимиз малакасини замон талаблари даражасида ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил амалга ошириб борилмоқда. Бундан асосий мақсад, албатта, ҳалқимиз саломатлигини сақлаш, улар ишончи ва розилигига эришиш ҳамда юртимиз онкология соҳасини дунёнинг ушбу соҳа етакчи тизимлари даражасига олиб чиқишдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими. 

Вазирлик расмий канали@ssvuz



Report Page