ОНАЖОНИМ - МУНИСАМ
Обид ҚЎЛДОШАёлнинг зуволаси меҳр, сабр-бардош, қаноат, шукрона, ҳаё-ибо, садоқатдан иборатдек, назаримда. Волида — юксак чўққи. Унга яқинлашган сари бир илоҳий нур, буюк хокисорлик ёлқинида кўнглинг ёришади. Қалбингда “Фарзанд бўлиб нима қилдим?” деган ички ҳайқириқ, вулқондай отилиб чиқади. Шунда бари янада ойдинлашади. Сенинг ишдан келишингни интизор кутадиган, ушоқдеккина онажонинг. Тили шукронада, ўғли дуога очиқ мунис волида. Меҳнат билан тирик, сени одам қилгунча қуруқ суякка айланган, танидан мадори кетган бебаҳо бойлигинг у. Онанинг буюклиги оддийлигида. Кўпинча сен унинг фидойилигини пайқамайсан. Унинг қўл оёғи касалликдан қақшаб турса-да, лекин дўхтирга боришдан неварасига велосипед олиб беришни афзал кўрувчи жаннатинг.
У борлигида миннат, қизғаниш, хасислик каби иллатлардан холи ўсасан. Ўзининг зўрға куни ўтса-да, лекин сени кўрганда чўнтак ковлашни канда қилмайди.
Ўзбек аёли фарзанди учун яшайди. Болалигинг, онаизорингни бешик қучиб, алла айтган пайтлари, тетапоя қила бошлаганингдан кейин сендан хавотир олиб кўчаларда изларингдан чопиб юрганларини хаёлан эсла, тасаввур қил.
Аёл — доимо эътиборда бўлиши керак. Онажонингга уялмай битта арзонгаров рўмолни совға қилганингда у хусандчилигидан кўзларига ёш олганининг ўзида катта ҳикмат мужассам. Чунки волиданг ўзидаги бор ганжларини йиллар давомида сенга илинди. У ҳаётининг мазмунини шу эзгу, муқаддас йўлда кўрди, бугун эса ана шу саховат фидойилик рамзига сен нимадир улашдик...
Онамнинг ажин юзларига термулсам йиғлагим келаверади. Тўйиб-тўйиб, ўкириб йиғласам, дейман. Лекин унга тиз чўкиб, пойини тавоф қилишдан сақлаган қандайдир ғайриоддий ғурур яна йўлимни тўсади. Ахир менинг қордек покиза сақлаганида, уст-бошимни ювиб, қорнимни тўқ, эгнимни бут қилганида унда ҳам ғурур йўқ эдими?..
Онажонимнинг тишсиз милк билан овқат еяётганини кўриб, хархаша қиламан; — шу сафар дўхтирга бораман дегандингиз-ку, яна нимага?.. бўғзимга нимадир тиқилади. Тилим айланмай қолади. Онам эса меҳрдан яралган кўзлари билан менга мулойим боқади. Жилмаяди: — Неварамнинг тўйи учун пул йиғаяпман. “Йўқ! Нега? Ахир бу ишни ўзим қиламан. Соғлигингизга қачон қарайсиз ўзи?!” дегим келади-ю, тилимни тишлайман. Она бўлишнинг моҳияти фарзандлари учун яшаш-да экан. Лекин унинг елкасида невара улғайтириш юки ҳам бормиди ҳали?.. Кеча ана шу кечинмалар билан ёндим, курашдим. Кўзларимдан оқаётган шашқатор ёшларни ўзгалардан яширдим.
Аёл умр бўйи фарзанди учун яшайди. Лекин, хизматлари эвазига ҳеч кимдан бир сўм пул талаб қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. У ўзини муқаддас вазифасини табиий адо этади. Давомчиларини тарбиялайди. Қилдек бели билан 4-5 фарзандни минг азоб ичида туғиб, улғайтирган ОНАнинг хизматлари ҳақини унинг жигарбандлари икки дунёда ҳам уза олармикан?...
Дили, тили, қўли дуо, шукронадан бўшамайдиган Волидангни бугун қадрига етмасанг, эртага унинг дийдорини топа оласанми?...
Онамни топширдик тупоққа,
Онамга айланди бу тупроқ.
С. С. Бухорий
Рим императори Нерон устози Сенекага ўз жонига қасд қилишни буюрган. Лекин у золим ўз онасини ўлдирганини қайси тарихчи ёки файласуф нима билан изоҳлаб бера олади-а?.. Ахир бошқалар сингари уни ҳам она дунёга келтирган эди-ку.
Беш йил бешик кутиб йиғлади онам,
Онамни йиғлатманг аҳли шоистам.
Бирор марта ҳам отамнинг исмини айтиб чақирмаган, саккиз йил касалманд ётган бувимнинг инжиқликларини кўтарган онагинам. Икки қизини чекка қишлоқларга узатиб, доимо бедаво иши ва хаёлпарастлиги билан оввора тўнғичи ҳамда касалманд кенжасининг олдида мунғайиб ўтирган бетакрор мўъжизам. Фариштам.
Мудом китоб қўлтиқлаб юраман.
Онам тенгдошларидан кўра кекса кўринади. Унинг сочлари қордек оппоқ. Юзларидаги ажинларнинг кўплигини кўриб, ўзимдан нафратланаман. Маюсгина жилмайиб турадиган, жуда озғинлигидан кўзлари ичига ботган, меҳри дарё мушфиқам. Шунча яшаб, онамнинг баланд овозда гапирганини эшитмаган эканман...
Мени туғилишимни кутиб беш йил ичида Худога минг бир тавалло қилган покдамоним. Унинг ёшликдаги суратларига боқаман ва ҳозирги кўриниши билан таққослаган бўламан... бунақа пайтлар юрагинг тошдан бўлса ҳам мумдек эрийди. Дунёларга жар солиб бақиргинг, ғофил фарзандларни уйғотгинг келади. Ўзимдан қочиш учун магнитофоннинг қулоғини бурайман:
Дўстим,
Онанг қарияпти,
Хушёр бўлгин, огоҳ бўл!
Қулоғимга маҳкам босганим ёстиқни дуч келган томонга отиб юбораман. У қаергадир тегади ва онамнинг дераза рахидаги сурати “тиқ” этиб қучоғимга тушади. Суратни ушлайман. Қўлларим ёна бошлайди. Онасини бошига кўтаришга калталик қилаётган қўллар бу...
Обид ҚЎЛДОШ