ОМОНАТСИЗ!
@muminauzОмонатдорликнинг маъноси киши зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага масъулият билан ёндашиш, бу борада Аллоҳнинг олдида жавобгарликни ҳис этишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз ўз раъиятга (қўл остидагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул. Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий ривояти), деган ҳадиси шарифларида ҳам шу таъкидланади.
Бир одам иккинчисига ўз пули ёки қимматбаҳо нарсасини омонатга қўйиши унга нисбатан ишончи борлигининг белгисидир. Агар омонатни олган шахс уни яхши сақлаб, эгасига бус-бутун қайтарса, мажбуриятни адо этган бўлади. Акс ҳолда у хиёнаткордир. Шу маънода оиламиз ҳам, жуфтимиз ҳам омонат! Эркакнинг аҳли аёли олдидаги масъулият ва бурчлари: маҳр бериш, нафақа қилиш, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой ва рўзғор анжомлари билан таъминлаш, яхши муомала қилиш, озор бермаслик ва сабр-қаноатли бўлиш. Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «“Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам, зиммамизда аҳлимизнинг нима хақи бор?” – дедим. Шунда у зот: “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан, қачон кийим кийсанг, (ёки мол касб қилсанг) уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Шу билан бирга аёлнинг ҳам бурчлари мавжуд: эрининг топганига сабр қилиш, ҳурматини жойига қўйиш, уй-жойини пок тутиб, мол-мулкини ўз ўрнида сарфлаш, ҳар ишда итоатли бўлиш, фарзандларига яхши таълим-тарбия бериш...
Бироқ бугун баъзи эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўзлари масъул бўлган ишларни унутаёздилар. Аниқроғи, бир-бирларига нисбатан омонатдорликни ҳис этмай қўйишди. Улар ўртасидаги муносабатлар сохта. Афсусланарлиси, ҳар иккови ҳам жабрдийда. Бири ўз вазифаларини бажарганини пеш қилса, бошқаси бажарилмаётган ишлардан норози... Бири ўз ҳуқуқлари топталганини бутун маҳалла эшитгудек овозда эълон қилади, бошқаси жуфтининг итоатсизлигидан норози...
Аслида эр хотинига, хотин эса эрига бир омонат ўлароқ берилганини унутмаслиги лозим. Зеро, бу ҳақда бандадан ҳисоб-китоб сўралади.
Эркаклар ўйлаганидек, хотин унга бир умрга кўнгли, ўй-хаёллари билан боғлаб берилмаган! Унинг қарашлари, ўз фикри ва агар озор етказилса, Аллоҳ таоло ҳисобини сўрайдиган, Яратганнинг жамоли тажалли қилиши мумкин бўлгани учун ҳам муборак саналган кўнгли бор! Хотинлар ўйлаганидек, эр ҳам унга бутун умрга ато этилмаган. Унинг ҳам кўнгли, эҳтиёжлари, Аллоҳ азза ва жалла ато этган ҳуқуқлари мавжуд.
Бир-бирларига овозларини баланд кўтариб, дил уйларини парчалаётганлар! Унутмангки, оила неъматидан маҳрум қолганлар қанча?! Биз динимиз кўрсатган эрлик ёки хотинлик бурчларини бажариш асносида аввало омонатдорликни сақлаган бўламиз! Зеро, Қуръони каримда омонатдорлик мўминнинг сифати экани таъкидланган: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғланган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят).
Нигора МИРЗАЕВА