Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев: Махсус рухсатномасиз (стикер) фойдаланилганлиги учун жарима майдончасига олиб кетилган автомобиллар эгаларига қайтарилиб берилиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев: Махсус рухсатномасиз (стикер) фойдаланилганлиги учун жарима майдончасига олиб кетилган автомобиллар эгаларига қайтарилиб берилиши керак


Дониёр Ғаниев


Шу кунларда ижтимой тармоқларда Махсус рухсатнома (стикер)га эга бўлмаган автомобилларни ИИВ ЙПХ ходимлари томонидан жарима майдончаларига олиб бориб жойлаштирилаётгани қанчалик қонуний асосга эканлиги кўплаб муҳокамага сабаб бўлмоқда. Бу бўйича биз депутатларга ҳам фуқароларимиз томонидан бир неча мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу боис, ушбу масала ўтган ҳафта бўлиб ўтган Палата ялпи йиғилишида ҳам кўтарилиб, ҳозирда бир гуруҳ депутатлар масалани ўрганишга киришди. Қолаверса ҳамкасбларим, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси деупутатлари Қ. Жўраев ва Р. Кушербаевлар ижтимоий тармоқларда бу борадаги ўз муносабатларини билдириб, депутатларнинг дастлабки фикрларини маълум қилдилар.

Депутатлар томонидан билдирилган фикрлар ва кўплаб фуқаролар томонидан кўтарилган саволлар юзасидан кейинчалик ИИВ ва Адлия вазирлиги вакиллари муносабат билдирдилар. Келинг, улар томонидан билдирилган позициясини қанчалик ҳуқуқий жиҳатдан асосли эканлигини таҳлил қилиб кўрамиз.

Ички ишлар Вазирлиги позицияси: Кеча вазирлик томонидан берилган баёнотда Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорига асосан Карантин даврида автотранспорт воситасини Махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ қонунийлиги айтиб ўтилган.

Президентимизнинг 2020 йил 29 январь кунги 5537-сонли фармойишларига асосан мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика Махсус комиссияси ташкил этилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 март кунги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарорининг 12-бандида, мазкур комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади деб белгиланган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган эканлиги инобатга олинса, Махсус комиссияга айнан ҳукумат томонидан муайян ҳуқуқларнинг тақдим этилганлиги, бу борада барча учун мажбурий қарорлар қабул қилиш ваколати берилганлиги қонуний ва асослидир. Шунга кўра, Махсус комиссия алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида бир нечта қарорларни қабул қилди: жамоат жойларида тиббий ниқобда бўлиш; транспорт воситаларини Махсус рухсатнома асосида бошқариш; 65 ёшдан ошган кексаларга “ўзини яккалаш”, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида Махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлардаги мазкур талаб ва чекловларни бузганларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари, шу жавобгарликни қўллашнинг процессуал тартиботлари жорий йилнинг 26-март куни муҳтарам президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-613-сон Қонунида аниқ ва равшан белгилаб берилди. Мисол учун тиббий ниқобда бўлиш қоидаларига риоя қилмадингизми, демак Сизга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача маъмурий жарима солинади. Ёки, оддий фуқаро сифатида Махсус рухсатномасиз транспорт воситасини бошқардингизми, бундай ҳолда Сиз МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисмига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача жаримага тортилишингиз мумкин.

Адлия вазирлигининг “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида жорий йил 5 апрель куни соат 10.15да эълон қилинган хабарга кўра, Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрель кунги йиғилишида айрим қўшимча чора-тадбирлар, шу жумладан, карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда Махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари ЙПХ ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини Махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши белгиланган.

Шунингдек, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси 2-қисмида, санитария-эпедимиологик осойишталик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, Бош давлат санитария врачига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар бош давлат санитария врачларига, уларнинг ўринбосарларига санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бузилишлари бартараф этилгунига қадар транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш ваколати берилган.

Лекин, Махсус комиссия қарорида белгиланган “транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриш” ўз мазмунига кўра карантин тадбири ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаси эмас. Чунки, МЖтКнинг 285, 291-моддаларига кўра, транспорт воситасини ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишларни юритишни таъминлаш чораси ҳисобланади. Бироқ, МЖтКнинг 291-моддасига кўра, транспорт воситаларини ушлаб туриш чораси муайян ҳуқуқбузарликлар содир этилгандагина қўлланилади ва булар сирасига “эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” ҳуқуқбузарлиги киритилмаган.

Солиштириш учун, шунга ўхшаш ҳолатни комиссия жорий этган бошқа бир талаб мисолида ҳам кўриш мумкин: шахс 14 кунлик карантинга олиниш қоидасига риоя қилмай, белгиланган жойдан қочиб кетган тақдирда МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисмига (“эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) асосан маъмурий жавобгарликка тортилади Бунда унга МЖтКнинг 285, 287-моддаларига асосан 14 кунлик маъмурий ушлаб туриш чораси қўлланилиши мумкин. Чунки, МЖтКнинг 287-моддасида “эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” ҳуқуқбузарлиги содир этилганда, маъмурий ушлаб туриш чораси қўлланилиши белгиланган, яъни амалдаги қонунчилик ушбу чора қўлланилишига рухсат беради.
.
Адлия вазирлиги позицияси: Адлия вазирлиги масъул ходими Ғ.Примов сўзларига кўра, МЖтКнинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш чораси қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри кўрсатилган бошқа ҳолларда ҳам қўлланилиши мумкинлиги, Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрель кунги қарори шундай қонун ҳужжатларидан бири ҳисобланиши ҳақида маълум қилган.

Бироқ, Махсус комиссия қарорлари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси кўра қонун ҳужжати ҳисобланмаслигини, ушбу қарорларда белгиланган эпидемияларга қарши курашиш қоидалари бузилган тақдирда, юридик оқибат сифатида келиб чиқадиган маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари, шу жавобгарликни қўллашнинг процессуал тартиботлари қонун ҳужжатларида аниқ ва равшан белгилаб қўйилганини эсдан чиқармаслигимиз лозим (бунга юқорида МЖтКнинг 54-моддаси мисолида батафсил тўхталиб ўтдии). Зеро, МЖтКнинг 8-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ҳеч ким қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдан бошқача тарзда таъсир кўрсатиш чорасига тортилиши мумкин эмас.

Қолаверса, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофик бўлиши шарт этиб белгиланган. Лекин Махсус комиссиянининг 2020 йил 4 апрель кунги қарорида автотранспорт воситасини Махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини карантин даври тугагунча жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши белгиланган. Ҳолбуки, МЖтКнинг 291-моддасида транспорт воситаси ваколатли органлар томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунча ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунча қадар амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз депутатлар карантин даврида транспорт воситаларидан фойдаланишнинг тақиқланиши эмас, балки уларни жарима майдонларида ушлаб турилиши амалдаги қонунчиликка номувофиқ эканлигини, комиссия қарорида “истисно тариқасида” жумлалари ҳам бежизга ишлатилмаганини (бу содда тил билан тушунтирганда, “бундай чора қонунчиликда назарда тутилмаган бўлса ҳам” маъносини беради) таъкидламоқчимиз. Албатта, карантин шароитида касаллик аҳоли орасида оммавий тарқалмаслиги учун қатъий чоралар кўрилиш тарафдориман ва Ҳукумат томонидан олиб борилаётган карантин тадбирларини қўллаб-қувватлайман. Лекин шу билан бирга транспорт воситалари Махсус рухсатномасиз бошқарилган тақдирда, 4 млн. 460 минг сўмдан 6 млн. 690 минг сўмгача миқдордаги маъмурий жаримани қўллаган ҳолда, транспорт воситаси фуқароларимизнинг ўзига қайтариб берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Зеро, бундай катта жариманинг ўзи ҳам катта тарбиявий, профилактик таъсирга эга бўлиб, фикримча ҳуқуқбузарлик давом эттирилишини олдини олади. Қолаверса, МЖтКнинг 22-моддасида жазо қўллашдан кўзланган асосий мақсад ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш эканлиги алоҳида таъкидланган.

Шундай экан, қонун талабларини бузилмаслигини таъминлаш мақсадида махсус стикерсиз фойдаланилганлиги учун жарима майдончасига олиб кетилган автомобиллар эгаларига қайтарилиб (жарима майдонининг кунлик қўшимча тўловлари талаб қилинмаган ҳолда) берилиши керак.

Ёки, комиссия қарорида истисно тариқасида қўлланилиши белгиланган бу чорадан мақсад фуқарони маъмурий жарима тариқасидаги моддий тўлов устига жарима майдони тўлови учун ҳам қарздор қилиб қўйиш эмас, балки ҳуқуқбузарликни давом эттирилишига йўл қўймаслик эканлиги инобатга олиб, карантин даври тугагунча ушлаб туриладиган автомобил эгаларидан автомобиллари учун кунлик тўлов ва жарима ундириш бекор қилиниши эълон қилиниши лозим. Бу эса ҳозирда карантин туфайли даромад топишдан маҳрум бўлган ҳамда иқтисодий жиҳатдан қийин бир вақтда фуқароларимиз учун кичик бўлса ҳам енгиллик бўлади деб ўйлайман.

Ишончим комилки, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашни ўз олдига бош мақсад қилиб белгилаган Ички ишлар вазирлиги қонунни четлаб ўтилишини ёки бузилишни оқламайди ҳамда тўғри, қонуний қарорни қабул қилади.

© ОМҚП депутати Дониёр Ғаниев