ОЛТИАРИҚ УЗУМЛАРИ МАЗАСИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ БИЛАН ДОВРУҚ ҚОЗОНГАН

ОЛТИАРИҚ УЗУМЛАРИ МАЗАСИ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ БИЛАН ДОВРУҚ ҚОЗОНГАН

@davrovozigazeta
Дунёда етти мўъжиза бор, дейишади. Бугунги кунда юртимизда қайсидир маънода саккизинчи мўъжиза яратиляпти, десак ҳеч янглишмаган бўламиз. Бу ер билан тиллашиш, ундан уч-тўрт маротаба ҳосил олиш мўъжизасидир. Олтиариқнинг ҳар бир даласи, ҳар бир ҳовлиси бунга амалий далил бўла олади. Устозларимиздан бири ёзганидек, бу ерда агар кўчага машинадан бир кафт тупроқ тушиб қолса, тадбиркорлар ўша жойда ҳам бир нима экиб кўкартиради. Ҳақиқатан, олтиариқликлар ерни эъзозлайди ва шунга яраша унинг роҳатидан баҳраманд бўлиб келяпти. Айни кезда туманнинг қай бир ҳудудига борманг, кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг устидан чиқасиз.


Президентимизнинг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, туманнинг Ғайрат, Янгиараб, Бўрбонлиқ ва Катпут массивларининг дашт қисмларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларида кооперативлар ташкил этилиб, 620 гектардан ортиқ ер майдонига 10 та тик қудуқ қазилди ҳамда иссиқхона ва боғлар ташкил этилиши натижасида 3 мингдан зиёд фуқаро учун янги иш ўринлари яратилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 20 минг тоннага ортди.

Олтиариқ тумани нафақат бодринг ва турп, балки узуми билан ҳам машҳур. Ўтган йиллар мобайнида бу ерда ўзига хос мактаб вужудга келиб, ўнлаб турдаги янги узум навлари яратилди. “Қора шаҳзода”, “Ҳусайни”, “Келинбармоқ”, “Ризамат ота” каби навлар нафақат ички бозорда, балки узоқ-яқин хориж давлатларида ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.

2019 йилнинг май ойида Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Олтиариқ туманидаги 3000 гектар ғалла майдонини босқичма-босқич қисқартириб, унинг ўрнида янги токзорлар ташкил этиш бўйича берган топшириғига асосан, янги токзорлар барпо этилиб, минглаб ишсизлар ишли бўлмоқда.

Жорий ийл 7 июлда Президентимиз раислигида ўтказилган узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида узумчилик соҳасини янада кенгайтириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши айтиб ўтилди.

– Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Ҳар бир кўчада, хонадонда ток бўлган. Хусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган, – дея таъкидлади Юртбошимиз.

 

Бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд.

Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланиши ҳам ушбу йиғилишда алоҳида эътироф этилди.

Мисол учун, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилган эди. Уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.

Энг асосийси, бунинг эвазига қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти кейинги йилда қарийб 100 миллион долларга, тўлиқ ҳосилга киргандан кейин эса йилига 200 миллион долларга етади.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов бугун Олтиариқ туманида бўлиб узумчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишди, миришкор деҳқонлар билан суҳбатлашди.


Туманнинг Чинортаги маҳалласи 94-уйда истиқомат қилувчи Нумонжон ҳожи ота Низомов 85 ёшда. Отахон умри давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳисобчи бўлиб фаолият юритди. Шу билан бирга, деҳқончилик илмини ҳам ўрганди. Ҳозирда 10 сотихдан ортиқроқ томорқасида сархил узумлар етиштирилмоқда. Ҳар йили деҳқончиликдан мўмай даромад орттирадиган отахон 7 нафар фарзандини юрт корига ярайдиган инсонлар этиб элга қўшди.

–                  Олтиариқликлар ерни эъзозлашади. Узумчилик бизга ота касб, шу билан бирга, сердаромад соҳа. Биз фақат узумдан олинадиган даромадга қараб қолмаймиз. Узум пишгунича тагида бодринг, помидор, бақилажон ва қалампир каби маҳсулотларни етиштирамиз, – дейди Нумонжон ҳожи ота Низомов.

Ҳа, Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон таъкидлаганидек, олтиариқликлар ишбилгич халқдир. Бунга шу кўчада истиқомат қилувчи, Олтиариқда машҳур узумчилардан бири Ҳусанбой Ғофуров хонадонида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.


Ҳ.Ғофуровнинг томорқасида бир қарич бўш жой топа олмайсиз. Томорқа узум боғ билан кўзни қувонтирса, узумлар орасидан танаси тепага қараб интилиб, сўриток тепасида ҳосил бераётган олмаю киви ва бошқа мевали дарахтлардан ҳам яхшигина ҳосил олинмоқда. Ана буниси эса ҳақиқий инновацион усулдир. Яхшигина боғбон дея эътироф этилучи Ҳусанбой ака хонадонида йил 12 ой узум сақланади. Ҳозирда “Чилги”, “Чарос”, “Ризамат ота” каби узумлар пишиб етилган бўлса-да, ўткан йилги ҳосилдан сақланган шу каби узумлар бир ҳафта олдин сотиб тугатилди. Деҳқоннинг таъкидлашича, узумни сақлаш йўллари борасида узоқ йиллар изланишлар олиб борилди ҳамда бунинг уддасидан чиқилди. Узумлар йил давомида табиий ҳолатда сақланмоқда.


Актам Ҳаитов миришкорлар билан суҳбатлашаркан, бу тажрибаларни мамлакатимиз бўйлаб ёйиш лозимлигига алоҳида урғу берди. Шу кунларда Олтиариқ республикамизнинг юзлаб деҳқонларига ўз бағрини очади. Боиси туманнинг узумчилик соҳасини юртимиз бўйлаб оммалаштириш, янги навларни яратиш ва инновацион усулларни ҳаётга татбиқ этиш борасида куни-кеча Юртбошимиз томонидан ўтказилган йиғилишда топшириқ берилган эди. Ҳа, Олтиариқ бугун тиллоранг ва мазаси тилни ёрадиган узумлари билан бутун дунёга маълуму машҳур бўлмоқда. Бунда Давлатимиз раҳбари томонидан томорқачиларга яратилаётган қулай шароитлар бош омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эндиликда ушбу туман тажрибаси юртимиз бўйлаб оммалашади ва ушбу соҳа яна тариққий этади.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

журналист.

Report Page