ОЛОВЛАР ИЧРА ЎЗИМ БОР!

ОЛОВЛАР ИЧРА ЎЗИМ БОР!

 “Маънавий ҳаёт” журнали. 2022 йил 4-сон.

Оталар ва болалар


Муножат Рауфзода:

Отам ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Баъзида ана шу мақолаларни ўқиб, ўз отамни ўша муаллифларга ўхшаб яқиндан билмаганим алам қилади. Бирдан ичим ҳувиллаб қолади. Хотираларимда улкан бўшлиқ сезаман. Худди отамни яхши танимайдигандай ҳис қиламан ўзимни.

Болалигимни эслаганимда отамнинг «Ким бўлди у яхши одам?» деб эшик очаётгани кўз олдимда гавдаланади. Кейин «Қуролланган ҳолда келдингизми?» деган ҳазили қулоғим остида жаранглайди. Тонгда вокзалга поезд келиб тўхтаган пайтдан бошлаб эшигимиз тақиллаб, уйимизни меҳмон босарди. Кўпчилигини ҳатто отамнинг ўзи ҳам танимасди. Аммо шоирнинг бағри ҳамма учун доимо очиқ эди.

Биринчи қаватда, тўрт хонали уйда яшардик. Биттасида Аъзам Ўктам (биз Аъзам тоға дердик) оиласи билан, иккинчисида водиллик Турсунали полвон (биз учун Полвон тоға), учинчисида эса биз турамиз, хуллас, каттагина оила эдик. Уйимиз доим гавжум: шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, қўшиқчилар, таниш ва нотаниш одамлар, кўпга қолиб яшайдиганлар, қишлоқдошлар... Эсимда, Шерали Жўраев, Дадахон Ҳасанов ва бошқа ҳофизлар ҳам кўп келарди. Кўчадан ўтган-қайтган одам борки, панжараларга тирмашиб ашула ёки шеър эшитарди.

Эрталаб уйғонсам, отам ёнига анча-мунча китобни қаторлаштириб териб қўйиб, ўқиб ўтирган бўларди. Югуриб бориб, ҳаммасини тугатдингизми, бунисиниям-бунисиниямми деб бирин-кетин кўрсатиб чиқардим. Рауф Парфининг китоблари ва асарларидан бошқа бойлиги ҳам йўқ эди аслида. Китобни кўз қорачиғидай асрар, кимдир тегинса, йиртса, жуда хафа бўларди.

Бир гал отам халқаро анжуманга қатнашгани Туркияга отланар экан, онам «болаларга ҳам бирор нима олиб келинг, сизни маҳтал бўлиб кутади, қўлингизга қарайди» дея тайинлади. Аниқ эсимда йўқ, отам нечадир кундан кейин катта-катта тўрт жомадон билан қайтди. Синглим иккимиз жуда хурсандмиз, сафархалталар очилмагунча олдидан қимирламадик. Лекин қувончимиз кўпга чўзилмади. Тўрт жомадон ичи тўла китоб экан. Ахир шоирга бундан бошқа ҳеч нарса керак ҳам эмас эди-да!

Ҳа, айтганча, отам яхшигина муқовасоз бўлган. Дафтар, китобларга жуда чиройли жилд ясар, ичини дид билан безатарди. Баъзан совғагаям у кишининг қўл меҳнати маҳсулидан бирортасини олиб борардик. Қайсидир бахтли инсонларда ўша антиқа буюмлар сақланиб қолган бўлса, ажаб эмас.

Ўн беш ёшимгача бирга яшадик. Институтда ўқий бошлаганимдан доим бир-биримизни қидириб юрардик. Шу сабабли юрагимни армон, соғинч жуда ҳам қийнайди.

Отам бизга чегара қўймасди. Бу нарса мумкин ёки мумкин эмас демасди. Синглим иккимизга китобни ўзи танлаб берарди. Эсимда, 4-5-синф пайтимизда синфдошларимнинг эртак ўқиётганини кўриб, «Ҳалиям эртак ўқиб юрибсизларми? Мен роман мутолаасига ўтганман, фалон-фалон асарларни тугатдим» деб мақтанганман. Бир куни уйда ўтириб, роса зиқ бўлдим, кўчага чиқиб келай деб рухсат сўрадим. «Шунча китоби бор одам ҳам зерикадими?!» деган жавоб эшитиб, роса уялиб кетганман.

Яна отам жуда гапга уста одам эди. Кўпчиликка тахаллус топиб берарди. Кимгадир лақаб қўйса, қолипдай ёпишарди. Масалан, онамни «Ҳайҳот» деб чақирарди. Майда болаларни «халқ» дерди. Ноқулай вазиятлардан ҳазил билан чиқиб кетарди.

Бобом ва бувимнинг аввалги болалари кўп яшамагани боис отам туғилганида Турсунали деб исм қўйишган. Бувим отамни бошқача яхши кўрарди. Ўзи эса тенги йўқ аёл эди. Отамни ҳурматлаб «Рауф ака» деб чақирарди. Соғинч зўр келса, китобини қўлимизга тутқазиб, шеърларидан ўқитарди... Ҳовлидан катта йўл кўринарди. Сакина бувим шу томонга мослашиб ўтириб оларди-да, Тошкент автобуси тўхташини кутарди. Бувимга аталган шеърларини йиғламасдан ўқий олмайман.

Онам ва синглим билан Янгийўлга кўп борардик. Мазза эди, эрталаб тургунимизча паловми, тандир сомса ёки ҳолвайтар, қатлама пиширилган, токдан узумлар узилиб, дастурхон чиройли тузаб қўйилган бўларди. Отам бормасаям, янги йил байрамларини бувимникида кутганмиз. Бувим ота-онамнинг ажрашганини билмай ўтди ҳатто.

Отам одатда шаҳар шовқинидан безиб Дўрмон ёки Водилга кетарди. Ёлғизликни ёқтирарди. Тозаликка жуда ҳам аҳамият берарди. Кийимининг озодалиги, уйдаги тартибга ҳам эътиборли эди. Ўта сабрли, қаноатли эди. Отамнинг иштаҳаси очилиб тамадди қилганини, таом танлаганини эслолмайман. Озроқ нон ва сувга ҳам қаноат қилиб яшайдиган инсон эди.

Нечанчи синфда эканимни эслолмайман, география фанидан реферат тайёрлаш вазифаси берилди. Нима ёзишни билмай отамдан сўрасам, «ҳозир энг катта муаммо – Орол денгизининг қуриши, она қизим» деди. Табиийки, мен бу ҳақида кўп нарса билмайман. Иккимиз ўтириб, «ижод» қилдик. Зўр чиқди! Ахир кимсан – Рауф Парфининг қалами теккан-да. Хурсанд бўлиб, дарс пайти синфхонада баралла ўқидим. Ўқитувчимиз қўрқиб кетди. «Бу ёпиқ мавзу, бунақа гапларни мактабга кўтариб келмагин» деб ишимни яшириб қўйди. Шу-шу, отам билан бошқа реферат ёзмадик!

Синглим Севинч боғчадан кўп қочарди. Бир амаллаб чиқиб, гаражларнинг ёнида отамнинг йўлини пойлаб турарди. Кейин икковлон ишхонага кетаверарди. «Нега қочдинг?» деб сўрамасди, боғчага қайтариб обормасди. «Боргиси келмадими, демак, бормайди» дерди. «Севинчни ишга олиб кетдим» деб онамни огоҳлантирмасди ҳам. Онам бизга дакки бериб, бурчакка турғизиб қўйса, отам секингина ёнига чорларди.

Тонгда ўрнимиздан тургимиз келмаса, Робертино Лореттининг «Жамайка»сини ёки Валерий Леонтевнинг «Бегут-бегут»ини қўярди. Ўзи эса Нилуфарни яхши кўрарди. Мактабга, боғчага кетишимиздан олдин тухумни сал хомроқ пишириб едирарди. Баъзида саҳарлаб қозонга шўрва ҳам осиб қўйган бўларди. Мазаси ҳамон оғзимда... Лекин бундай бахтли дамлар ҳаётимизда ҳар куни ҳам бўлавермасди. Ўша ҳузурбахш кунлар соғинчи доим юрагимга ботиб туради.

Отам бизнинг ҳам озод, ҳур инсон бўлиб улғайишимизни истаган. Китоб ўқишдан бошқа ҳеч нарсага мажбурламаган. Оилада турли чекловлардан холи ўсдик. Қайсидир қарорларимиз унга ёқмаса-да, тўсқинлик қилмасди. Уни ҳурмат қиларди ва қўллаб-қувватларди. Талабалик кезларим отамни кўргани уйига бордим. Тиззасига бош қўйиб, кўзим илинибди. Чарчаганман шекилли, соат тўққиз-ўнларгача ухлабман. Отам мени уйғотвормаслик учун олти соат қимирламай ўтирибди.

Кўпинча журналистларнинг отам тўғрисидаги саволларига жавоб тополмай, жим бўлиб қоламан. Мен отамни яхши билмагандайман. Отамга ташнадайман. Чунки ота-бола бир-биримиздан узоқда яшадик. Бирга турганимизда ҳам доим ким биландир банд бўларди ёки ижод қиларди. Полвон тоғамдан сўраганман, «отам Водилни яхши кўрармиди?» деб. «Водил отангни яхши кўрарди» деганди. Ҳақиқатан, Рауф Парфини ҳамма яхши кўрарди. Рауф Парфи эл одами эди. Уни фақат эр ёки ота қилиб ушлаб туриш мумкин эмасди.

Унда муқимлик йўқ эди. Уч-тўрт кун, ҳатто бир ойлаб дом-дараксиз кетиши мумкин. Чўнтак телефонлари қайда дейсиз. Онам билан изламаган жойимиз қолмасди. Бир пайт ҳеч нима бўлмагандай қўнғироқ қилиб, «мен фалон жойдаман, илҳақ бўлманглар» деб қўя қоларди бамайлихотир.

Бирга яшамаган пайтимизда ҳам Мустақиллик метроси, Матбуотчилар кўчаси ёки Хадрада кўришиб турардик. Агар отамни уйидан тополмасам, албатта мана шу уч манзилдан бирида бўларди. Суҳбатлашардик. Яхши гаплашиб ўтирганимизда шогирдларими, мухлисларими, тезда олиб кетиб қолишарди. Рауф Парфи бу дунёнинг одами эмасдай туюлади менга. Ижоднинг муқаддас оламига моддиятни қориштирмаган, кундалик ташвишлардан баланд яшаб ўтган буюк инсон эди назаримда.

«Дарвешлигим – бу менинг ниқобим, у мени асрайди» дерди. У кўпчилик ўйлагандек дарвеш, оиласи ва болалари ҳақида ҳам қайғурмайдиган, ичкилик билан умр ўтказган инсон эмасди. Одамлар орасида Рауф Парфи ҳақида юрадиган латифалар, воқеаларнинг талайгинаси тўқима. Хаёлимда унинг ичида яна бошқа бир инсон ҳам яшарди. У – фарзандлари, оиласи олдидаги бурчини биладиган, аммо ҳар доим ҳам уни бажара олмайдиган, фарзандлари учун қайғурадиган ота, оила масъулиятини яхши англайдиган эр эди...

Рауф Парфининг аёллари мавзусига келсак, фарзанд сифатида бу мавзуга аралашишга ҳақли эмасмиз деб ўйлаганмиз. Фақат бир нарса – отамнинг уйига меҳмондай бориб қайтиш, отамдан узоқда яшаш менга азоб берарди.

Битта жемперини сўраб олдим. Қўлёзмалари-ю китоблари... ҳаммаси отамнинг ортидан бўзлаб қолди. Бир фарзанддай меҳрибонлик кўрсатолмаганим – энг катта армоним. Бу дунёда йўқлигига ҳалигача кўниколмайман. Ҳозир қўнғироқ қилиб, «Мустақиллик метросига тез етиб кел» дейдигандай туюлаверади. Соғинсам, қабрига бораман, тўйгунимча гаплашиб қайтаман.

«Шоир ўлмайди» деган гап рост. Тўғри, ўзи жисман ёнимизда эмас, лекин мисраларида барҳаёт. Отамнинг шеърларини хотиржам ўтириб ўқиёлмайман. Қалбим йиғлайди. Шундай буюк дард юкини қандай кўтариб яшаганига ҳеч ақлим етмайди. Вафотидан сўнг шеърларини Ҳикмет Кораш аслиятда ва туркча таржимаси билан Туркияда чиқарди. Бошқа китоблари қатори шу тўплам ҳам иш столимда туради.

У Туркистон қайғуси, ватан муҳаббати, ўйи, хаёли билан яшади. Отам халқни, юртни, Туркистонни севди, ардоқлади. У ҳақиқатда бир умр қалби-ю вужуди билан халқники бўлди!

Отам орамиздан кетганига ўн етти йил бўлди. Аммо юрагимни соғинч шунчалик ўртайдики, исмини эшитсам ҳам қалбим бир ларзага тушади. Ҳасратим дунёга сиғмай кетади. Қанийди ҳаёт бўлганида, қанийди...

Хайр энди, қўлларим очиқ,

У дунёда Шуҳратим қолди,

Муқаддасим қолди мунғайиб.

Мени эслаб куйди Муножат,

Севинчимнинг кўзлари толди.

 

Гулжаҳон НАМОЗОВА

қоғозга туширди.

                                                                                               

 “Маънавий ҳаёт” журнали. 2022 йил 4-сон.


Report Page