ОЛИС ҒЕЛОН ҚИШЛОҒИ АҲЛИНИНГ ТИББИЙ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

ОЛИС ҒЕЛОН ҚИШЛОҒИ АҲЛИНИНГ ТИББИЙ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ


Вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоят ташкилотларининг раҳбарлари дам олиш кунларини тоғли қишлоқлар аҳолиси билан сайёр қабулларда ўтказишди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков Шаҳрисабз туманидаги ҳудуд марказидан 80 километр узоқликда жойлашган Ғелон қишлоғидаги сайёр қабул ва аҳоли билан мулоқотларда иштирок этиб, тиббиётга доир муаммоларни ўрганди.

Шу куни қишлоқда 12 нафар малакали тор соҳа мутахассиси томонидан жами 210 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижаларига кўра уларга керакли тавсиялар берилди.

-Тиббий хатловда 4-гурухга мансуб деб топилган, тўшакда ётиб қолган, ўзгалар парваришига муҳтож 8 нафар беморнинг хонадонида тиббий кўрик ташкил этилиб, уларга уй-рўзғор буюмлари ҳадя этилди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ойбек Жўраев. - 4 нафар беморга вилоят, 9 нафарига туман шифохоналарида даволанишлари учун йўлланмалар берилди.

Бошқарма бошлиғи Равшан Тўлаковга тиббий муаммолар бўйича мурожаат қилган 13 нафар ғелонликнинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди. Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан аёллар дафтарига киритилган, тўшакда ётиб қолган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 35 нафар беморга совға-салом сифатида турли хил уй рўзғор буюмлари топширилди.

Байрамона дастурхон тузалиб, қишлоқ аҳлига ош тарқатилди. Дуога қўл очган ғелонлик оқсоқоллар эл саломатлиги ва турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар ташкилотчиларига миннатдорлик билдиришди.


Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

@qashqadaryo_ssb 

Report Page