ОИЛАВИЙ ҲАЁТ ЎЙИНЧОҚ ЭМАС

ОИЛАВИЙ ҲАЁТ ЎЙИНЧОҚ ЭМАС

"Пахтачи" газетаси

Одамзот дунёда бир мартагина яшайди. Бу ёруғ оламга келиб, ҳаёт кечириш эса унга Аллоҳ томонидан ато этилган тенгсиз неъматдир. Лекин, баъзилар бу ҳақда умуман ўйлаб кўришмайди. Ўзларининг ножоиз ҳатти-ҳаракатлари билан шундай ҳам жуда қисқа умрларини янада қисқартиришади, ўзлари ва яқинларининг ширин ҳаётини заҳарга айлантиришади. Пахтачи туманидаги “Гулистон” маҳалласида яшовчи она-бола Раббим Ҳусанов (исму шаърифлар ўзгартирилган) ва Сайёра Эшбоевалар бу ҳақда умуман ўйлаб кўришмаганга ўхшайди. Ёки ҳар иккаласининг ҳам онгу шуури ҳамда ҳуқуқий саводхонлиги ҳаминқадар бўлса керак. Аксинча улардан бири умр йўлдоши ва фарзандини, иккинчиси эса келини ва эндигина икки ёшдан ошган неварасини уйидан қувиб чиқармаган, оилавий ҳаётни ўйинчоқ деб ўйламаган, қонунларни ҳурмат қилган бўлишарди. Воқеа тафсилотлари билан танишсангиз, фикримизга қўшилсангиз керак.

Ҳар бир йигит ва қиз вояга етгач, не-не эзгу орзу-мақсадлар билан оила қуришади ва биргаликдаги ҳаётни бошлашади. Раббим Ҳусанов ҳамда Сайёра Қувоновалар ҳам 2017 йил 10 декабрда шаарий никоҳдан ўтиб, оила қурган ҳолда куёвнинг онаси Сайёра Эшбоевага тегишли уйда яшай бошлашди. 2018 йил 25 июлда қонуний никоҳдан ҳам ўтишди. Битта фарзанд кўришди. Лекин, ёш оиланинг тинч-тотув оилавий ҳаёти 2020 йил 15октябрь куни барҳам топди. Шундан буён улар бирга яшашмаяпти. Ўрталаридаги бир нафар фарзанд келиннинг қармоғида. Она-бола Нарпай тумани “Умид” маҳалласида ижарада яшаб келишаяпти. Уларнинг яшашга бошқа уй-жойи йўқ. Шу сабабли С. Қувонова ўзини бир нафар фарзанди билан ҳозирги кунда Раббим Ҳусанов ва Сайёра Эшбоевалар яшаб келаётган ва Сайёра Эшбоевага тегишли бўлган Пахтачи туман, “Гулистон”маҳалласидаги уй-жойга яшаш учун киритиб қўйишни сўраб, Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

2021 йил 18 март куни бўлиб ўтган суд мажлисида сўралган жавобгар Раббим Ҳусанов ўз тушунтиришида, даъвони тан олмасдан, ҳақиқатдан ҳам даъвогар Сурайё Қувонова билан 2017 йил 10 декабрь куни шаърий никоҳ асосида оила қурганлигини, 2018 йил 25 июль кунида қонуний никоҳдан ўтганлигини, биргаликдаги турмушларидан ўрталарида бир нафар ўғил фарзанд борлигини, даъвогар унинг онасини ҳақорат қилганлигини, уларнинг ўрталарида жиддий келишмовчиликлар бўлиб ўтганлигини, даъвогар билан бирга яшашни ҳоҳламаслигини билдирди. Улар ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2020 йил 15 октябрдан буён бирга яшамасдан келишаётганлигини, даъвогарнинг келтирган важлари асоссизлигини, уларнинг оиласи барбод бўлганлигини, даъвогарни уй-жойга кириб яшашига қарши эканлигини баён қилиб, даъво аризасини рад қилишни сўради. 

Суд мажлисида сўралган жавобгар Сайёра Эшбоева ўз тушунтиришида, даъвони тан олмасдан, ҳақиқатдан ҳам даъвогар келини эканлигини билдириб, у ўғли билан 2018 йил 25 июлда қонуний никоҳ асосида оила қурганлигини, тарафларнинг биргаликдаги турмушларидан ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини, даъвогар уни ҳақорат қилганлигини, уларнинг ўрталарида жиддий келишмовчиликлар бўлиб ўтганлигини, даъвогар билан ўғли бирга яшашни ҳоҳламаслигини, улар ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2020 йил 15октябрдан буён бирга яшамаётганлигини айтди. Даъвогарнинг келтирган важлари асосиз эканлигини, унинг уй-жойга кириб яшашига қарши эканлигини билдириб, даъво аризасини рад қилишни сўради.

Суд иш бўйича тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, уларнинг важларини ишдаги мавжуд ҳужжатлар ва далиллар билан атрофлича муҳокама қилди. Ўзбекистон Фуқаролик процессуал кодексининг 249 – 253 моддаларига асосан ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1- ва 3-бандларига кўра, даъвогар Сурайё Қувонованинг жавобгар Раббим Ҳусанов ва Сайёра Эшбоеваларга нисбатан уй-жойга киритиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантирди.

У. ҲАБИБОВ



Report Page